(2) ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (“Ёшлик” журнали, 1992 йил)

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

давоми

II ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

– Маданий инқилоб даврларида худосизлар жамияти бўлган. Худосизлар жамиятига минглаб, миллионлаб одамлар аъзо бўлган. Худосизлар жамияти ҳаракати билан масжидлар, бутхоналар вайрон қилинган ёки маълум бир корхоналар ихтиёрига берилган. Бу жамият чала тушган боладай бўлган экан, кўп ўтмай ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди.

Кузатишимга қараганда, исломга ва бошқа динларга берилган эркинликлар хурсанд бўладиган даражада самара бермаяпди ёки атеистлар ташвишга тушадиган даражада ҳам натижа бермаяпди. Ҳисоб-китоб тили билан айтсак, масжидга чиқаётган мусулмонлар 5-6 фоиздан ошмайди. Фақат жума ва ҳайит намозларида одамлар кўп келади, лекин уларнинг кўпчилигини тўла маънода мусулмон деб ҳам бўлмаса керак: худди нимадандир қўрқиб келишаётгандай туюлади. Кўпчилиги назаримда, қиёмат азобидан қўрқиб келади. Бундай одамларни ўз амалидан қўрқиб, юқори ташкилотларга бўйсунадиган одамларга ўхшатаман. Менинг тушунчам бўйича, ҳар бир мусулмон фақат Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиши керак. Бу масаланинг бир томони.

Масаланинг иккинчи томони – динга берилган эркинлик мусулмонларни бирликка ундамай, аксинча ихтилофлар келтириб чиқаряпди. Айниқса, муфти ҳазрат атрофидаги гап-сўзлар, турли имомлар тарафидан келишмовчиликлар, шикоятбозликлар, юмалоқ хатлар ёзиш масжидларга ҳам кириб келган, буни яширмаслигимиз керак. Ҳолбуки, ислом динининг энг биринчи вазифаси инсофга ўргатиш, одамларни аҳилликка, бирликка ўргатиш бўлиши керак эди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олишишнинг ярамаслиги ҳақида Расулуллоҳнинг ҳадислари ҳам бор, тўғрими? Фарз намозларида сафга турилган пайтда, ораларингизда жой очилиб қолмасин, дейилади. Демак, мусулмонлар жипслашиб яшашлари керак. Оралари очилиб қолса, бўш жойга шайтон оралар экан. Ҳар бир инсон боласини эзгуликларга даъват қилуви лозим бўлган масжидларимизнинг ўзида, ана шунга амал қилинмаяпди.

Муфти ҳазрат атрофларидаги гапларга яна қайтсак, “К.П.” газетасида яна бир нотўғри хабар чиқди, унда сизнинг номингиз ҳам зикр этилган. Мана шу келишмовчиликлар, мана шу хабарлар, мана шу ташвишли ҳолат ҳақидаги муносабатингизни билишни истар эдик.

 

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Сўзни аввало диний эътиқод ҳақидаги гапларингиздан бошласак. Кўча-кўйда, тўй-ҳашамда турли юмушлар билан ўралашиб юрганларга нисбатан оладиган бўлсак, масжидга кам одам келаётгани тўғри.

Қиёматдан қўрқиш… Бу дегани, ўша сиз айтгандек Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиш, дегани. Қани эди, одамларнинг ҳаммаси ҳам қиёматдан қўрқса.

Мусулмон киши қиёмат бўлишига қаттиқ ишонади. Қиёматга ишонмаган, ундан қўрқмаган одам мусулмон ҳисобланмайди. Имтиҳон яқинлашган сари талабалар сергак тортиб, дангасалар ҳам сал-пал қимирлаб қоладилар. Имтиҳон бўлиши ёки комиссия, ревизия босиши аниқлигига бўлган ишончгина одамни ўзининг хатолари, камчиликлари ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

Зиёли акаларимиздан бирлари менга эътироз билдириб: “Сиз қиёмат ҳақида кўп гапирар экансиз, бу аҳволда ёшларни қўрқитиб, даҳшатга солиб қўясиз-ку”, – деган эдилар. Лекин қизиғи шундаки, натижа у акамиз хавотирлангандек бўлмаяпди, ёшларнинг қизиқишлари, исломга, масжидга бўлган меҳр-муҳаббатлари тобора ортяпди. Агар улар даҳшатга тушганларида, масжидга келмай қўярдилар. Биз қиёматнинг даҳшатлари ҳақида гапириш билан бирга ёшларга: “Сизларнинг ҳали гуноҳларингиз кам, балки йўқ ҳисоб, гуноҳ-савоб ёзиладиган дафтарларингизнинг варақлари хали оппоқ турибди, унга илоҳим, фақат савоблар ёзилсин, ҳаётга сизлар эндигина кириб келяпсизлар, умрларингизнинг охиригача мана шу мусаффолик, поклик сизларга ҳамроҳ бўлсин, ўшанда қиёматнинг азоб-уқубатлари, даҳшатларидан сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, балки қиёмат – Аллоҳ томонидан мукофот топшириладиган кун бўлади”, – деб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг башоратларини эслатамиз.

Ҳаёти, бебаҳо умри дилозорлик, ёвузлик, ҳаромхўрлик, зўравонлик билан ўтаётган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ваҳшиёна умр кечираётган одамлар-чи? Уларни қайси мард йўлга солади, одам қилади ёки ҳеч бўлмаса, тийиб қўя олади? Ким?.. Милициями, суд, прокурорми, КГБ, армиями? …Хўш, шулар ҳам дейлик, унда қачон? Шунча йиллардан бери нега тугатишмади бу иллатларни? Нима учун улар эътиборсизлар? Покловчи нарсаларнинг ўзи покиза бўлиши керак эмасми? Сув агар тоза, пок бўлмаса, қандай қилиб у билан кир ювиб бўлади? Лойқа сув ёки мағзава билан кўйлак ювса, тозарадими?

Эгри йўлдан тўхтаб, Аллоҳнинг ўзидан кечирим сўраб, иккинчи бу ёмонликни қилмайман деб онт ичиб ҳақ йўлга кирмаган, инсоф-имонга келмаган одамга фақат ҚИЁМАТ жавоб бўлади. Бу дунёда бировларнинг ҳаққини еган одамларнинг қорни қиёмат куни шиширилиб, ичига дўзаҳ оловидан солиб қўйилади…

Бу дунёда бир-бирларини ғийбат қилган одамларнинг тилларини Аллоҳ таоло бир неча чақиримга узайтириб қўяди. Тили оғзидан чўзилиб чиқиб, худди илондек ерда, одамларнинг оёғи остида эзилиб, янчилиб, қонларга беланиб, гўштлари титилиб, судралиб юради. Ғийбатчи, бўҳтончилар минг кўксига муштлаб: “Мен мусулмон!” – деса ҳам, қиёмат азобига гирифтор бўлади.

Бу дунёда нопок йўлларга кириб кетган, ўзининг қонуний жуфти ҳалоли бўла туриб, бошқа ахлатхоналардан “ризқ” ахтарган бузуқ одамларнинг уят ерларини худо ҳамманинг олдида жуда ҳам шармандали ҳолда бесўнақай қилиб қўяди, ундан қиёмат майдонига йиринг, қон, ифлос нарсалар оқиб ётади.

Бу дунёда ароқ ичишга одатланиб қолганларнинг оғизларига ўша ифлос суюқликлар тўғрилаб қўйилади…

Бу сўзлар кимгадир ёқмаслиги мумкин. Лекин, начора, биз ҳаммамиз пайғамбарликларига имон келтирган зот – Расулуллоҳнинг ҳадисларида шу маънолар баён этилган. У киши умматларини ана шундай аҳволга тушиб қолмасликлари учун олдиндан огоҳлантирдилар.

Энди мусулмонлар ўртасидаги баъзи бир келишмовчиликлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, бунинг сабабларини ўтган ўн йилликлар давомида халқимиз бошига тушган кулфат-мусибатлардан излаган бўлар эдим. Узоқ вақт қоронғу ертўлада ўтирган одамлар бирдан ёруғликка чиқариб қўйилса, нима ҳолат рўй беради? Одамларнинг кўзлари қамашиб, бир-бирларига урилиб кетадилар. Ҳозир ҳам худди шунақа бўляпди. Ёки ҳали ўзингиз айтган мисолингиз – дини ислом эндигина оёққа туряпди. Оёққа турган кишининг қоқилиб-суриниши, урилиши табиий. Ундан ташқари, биз ҳали исломнинг мактабини ўтамадик.

Ҳозирги кунда Ўрта Осиёнинг ўзини мисол қилганимизда, туб миллат аҳолисининг ҳаммаси ўзини мусулмон деб билади, исломга мансуб деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда ҳам шундай. Бу – барчамиз учун хурсанд бўладиган ҳолат. Аммо шунча мусулмоннинг қанчаси масжидга қатнайди, қанчаси мусулмонлик қонун-қоидаларига ҳаётида тўла амал қилади, намоз ўқийди ва ҳоказо? Албатта, жуда кам. Энди ана шу доимо намоз ўқийдиган “жуда кам” мусулмонларнинг қанчаси ислом талаб қилганидек, гўдаклик чоғиданоқ имон мактабига ўқишга кириб, Қуръон тарбиясини олиш бахтига муяссар бўлган?

Гўдакка она сутидан ортиқ фойдали, зарур озуқа дунёда йўқ. Шу озуқа ўз вақтида, етарли даражада берилмаса, бола ўлмай қолса-да, лекин жуда заиф, нимжон бўлиб ўсади. Катта бўлгандан сўнг, заифлигини юзига солиш эса инсофсизлик бўлур эди.

Она сутидан маҳрум бўлганидек, ёшлик чоғида Қуръон тарбиясини олиш бахтидан бебаҳра қолиш мусулмонларимизни бугун мана шу аҳволга олиб келди. Халқ худосизлар қазиган ариқдан кўп сув ичди. Даҳананинг бошига ўтириб олиб, сувини тинмай лойқалатиб, унга атеизм, коммунизм заҳрини қуйиб турган бу жамият яна ҳам Аллоҳнинг раҳмати билан шу ерга келганда қутулиб қолди. Бугунги низолар, жанжаллар – исломнинг мусаффо, ҳеч нарса аралашмаган булоғидан сув ича олмаганимиз оқибатидир. Лойқа сувлар қоринни оғритмоқда. Шунинг учун мен мусулмонларнинг бу томонини ҳам, у томонини ҳам том маънодаги айбдорлар деб ҳисобламас эдим.

Шоир айтганидек:

Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,

Қонун шуларники, шуларда қолип.

Энг катта айбдор бир четда қолиб,

Жазони бошқалар ўташга тушди.

 

Ҳа, жазони мусулмонлар ўтаяпди. Ўша сиз айтган диний ходимдаги қусурларнинг сабабларини ҳам ичкарироқдан, узоқроқдан излаш керак. Қозонга яқинлашсанг, қораси юқади, дегандек, бу динсиз жамиятда яшаб туриб, унинг қоракуясидан эгнига оз-моз юқтирмаган, ҳеч хато қилмаган ким бор экан?

Энди икки оғиз сўз ҒИЙБАТЧИЛИК ҳақида. Ғийбат – бировнинг айбини олдида ошкора айта олмасдан орқасидан гапириш. Туҳмат эса бировнинг шаънида йўқ нарса ҳақида асоссиз, ҳеч бир далил-ҳужжатсиз гап тарқатиш. Ислом дини зарурат юзасидан ҳаром ҳайвонлар гўштини (масалан, тўнғиз) очдан ўлиш хавфи туғилганда озгина истеъмол қилишга рухсат этган. Аммо ҳеч бир ҳолатда, ҳеч қандай зарурат баҳона мусулмон одамга бир-бирининг гўштини ейишга рухсат этилмаган. Ҳозирги кунда туппа-тузук тақволи одамлар қўлда сўйилмаган гўштни емайдилар-у, лекин мусулмон биродарларининг гўштини бемалол еб ётибдилар. Бу гапга ажабланманг. Қуръоннинг “Ҳужурот” сурасида бировни ғийбат қилиш унинг гўштини ўлимтик ҳолда ейиш билан баробар эканлигини Аллоҳ таоло эслатган.

Мана, ҳозир сиз одамларнинг оғзида юрган турли миш-мишларга, “К.П.” ва “Ислом нури” рўзномаларида чиққан мақолаларга ҳайрон бўлиб, унча ишонқирамасдан менинг ўзимдан сўраяпсиз. Дарҳақиқат, биров ҳақида бир нарса дейишдан олдин, унинг устидан ҳукм чиқаришдан олдин ўша одамнинг ўзи билан мулоқотда бўлиш керак. Аммо мухбирлар бу оддий ҳақиқатдан чекиниб, бир томонлама йўл тутишган. Уларнинг таъбирича, худди бир томон оппоқ, иккинчи томон эса қоп-қора.

Аслида эса, гап бундай: диний идорада Аъзам Алиакбаров исмли киши иш бошқарувчи бўлиб хизмат қилади. Муфти сафарда бўлган пайтларида диний идоранинг раҳбарлиги шу одам қўлида бўлган. Ҳаж сафарига борувчиларга ўрин тақсимлаш ишига ҳам шу киши хўжайинлик қилди. “Аъзам ака ким?” – деб кимдан сўраманг, “Бу одам даҳрий, эски коммунист”, – деган жавоб эшитасиз. Бу одам узоқ вақтлар Москвада масъул лавозимда ишлагани маълум. Энди ҳозирга келиб, пенсияга чиққан пайтларида мусулмонларнинг идорасига келиб олиб, диндорларнинг ички ишларига аралашиш, “Сен ҳажга борасан, сен бормайсан”, – деб, уларнинг ибодатларига хўжайинлик қилиши инсофданми?! Ҳа, худосизлар хизматини ўзингга маъқул кўрганингдан кейин, ўша ерда ишлаб, кам бўлмагандирсан… Энди қариган чоғда пенсияни е-еб, аввалида қилган гуноҳларига тавба қилиб ётавермасдан, яна уламоларнинг ишига аралашиб, нонларига шерик бўлиш наҳот худосизга уят бўлмаса?.. Қариб қуюлмаган деб шуни айтса керак-да!

Ундан ташқари, бундай соҳадаги кишилар ўта уста бўлади, “фақир киши панада” деганларидек, ҳеч кимга кўринмай ишлайди, деб эшитган эдик-ку? Айғоқчиликни ҳам эплаганга чиқарган экан!

Мен Алиакбаровни танқид қилиб қўйдим-у, худди Худони танқид қилиб қўйгандек балога қолдим. Воажабо, баъзи мусулмон биродарларимизнинг аслида ўзлари фош қилишлари мусулмонлик бурчлари бўлган кишини фош қилиб қўйсам, нега жаҳллари чиқади? У биродарларимизнинг эътиқоди бўйича, диний идоранинг ишлари “уларсиз” юрмас эмиш (“Ислом Нури”, 13-сон, 3-бет. Луқма: қавс ичидаги жумлага эътибор беринг).

Ҳаж масаласи билан шу Алиакбаровнинг ўзи шуғулланди, жойларни ўзи тақсим қилди. Хоҳласа, берди, хоҳламаса, бермади. Ҳатто: “Тўхтабой масжидидагилар ҳовлиқмасин, уларга битта ҳам ўрин бермаймиз, улар ҳажга бормайди”, – деган сўзларни айтган. Агар бу гапларни муфти айтсалар, биз бунчалик хафа бўлмас эдик.

(Давоми бор)