Архивдан ҳеч эскирмайдиган муҳим бир суҳбат топилди – имом ва адиб суҳбати : ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ (1-қисм)

Яқинда бир акамиз бизга устозимиз Обидхон қори билан марҳум адиб Тоҳир Малик суҳбатларининг PDF суратини юбордилар. Бу суҳбат 1992 йил – 31 йил муқаддам – Ўзбекистонда “Ёшлик” журналида нашр этилган бўлса-да, халигача долзарблигини йўқотмаган.

Биз иншоаллоҳ, ушбу суҳбатни бир неча қисмга бўлиб ИСЛОМ ОВОЗИ саҳифасида сиз азизларнинг эътиборингизга тақдим этамиз. Кейин PDF шаклини ҳам саҳифамизда ва телеграм каналимизда эълон қиламиз

.

“Ёшлик” журнали, 1992 йил.

ШАРИАТ ВА ЖАМИЯТ

Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидининг имоми Обидхон Собитхон ўғли билан суҳбат

I ҚИСМ

ТОҲИР МАЛИК:

– Суҳбатимиз мамлакатда жиддий ўзгаришлар рўй бераётган пайтга тўғри келяпди. Ҳаммада турлича ўй, турлича ташвиш: “Ватанимиз мустақиллиги, демократик келажаги қандай бўлади?” – деган хаёл. Раҳбарият демократия ва адолатга янада кенг йўл очишни, халқларга яхши кунларни ваъда қиляпди. Биз мана шундай яхши кунларни кўриш умиди билан яшаяпмиз, чунки некбинлик билан яшаш бизга отамерос.

Бугунги жамиятимизда муаммолар ниҳоятда кўп. Шулардан бири – ДИН ВА ЖАМИЯТ деган тушунча атрофида суҳбатлашиб олсак. Кейинги йиллардаги эркинликлардан фойдаланиб, барча турдаги динлар қаддини кўтариб, янги ривожланиш палласига киряпди. Бу давр – бемор узоқ давом этган хасталикдан бошини кўтариб, ўрнидан турган кезларга ўхшайди. Бемор ўрнидан тургач, боши айланади, қувватсизланади, ҳатто йиқилиб тушиши ҳам мумкин. Таъбир бироз қўполроқ бўлса-да, динларнинг аҳволи шунга ўхшаб кетади. Ҳозир дин жамиятнинг қаддини тиклашга мадад бера оладиган куч сифатида тикланяпти. Масжид имоми, ислом дини билимдони сифатида исломнинг, диннинг жамиятдаги ўрни, вазифаси нималарда деб биласиз?

ОБИДХОН СОБИТХОН ЎҒЛИ:

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассалому ала Расулиллаҳ.

Ислом – давр тақозоси билан майдонга чиқиб, вазифаси тугагандан сўнг чеккага ўтиб, қўл қовуштириб тураверадиган ўткинчи таълимот эмас. Дин инсон ҳаёти, тириклиги билан эгизак ҳолда вужудга келган. У инсон ер юзига қадам қўйган биринчи кундан то ҳозирга қадар у билан ҳамоҳанг ва ҳамроҳдир. Отамиз ҳазрат Одам (алайҳиссалом) Ерда ҳаётни бошлаб берган биринчи инсон бўлиш билан бирга, илк пайғамбар ҳам эдилар. Демак, Аллоҳ таоло бу оламга дини исломни инсонга ҳамроҳ, йўлдош қилиб юборган.

Бугунги кунда одамзот фойдаланадиган асбобу ашёлар, масалан, ойнаи жаҳон, радио, компьютер ва ҳоказоларга эътибор берайлик. Бу нарсалардан қандай фойдаланиш лозим? Буни билиш учун ўша жиҳозларнинг ёнига қўшиб юборилган китобчасига мурожаат қиламиз. Мабодо асбобнинг бирор жойида носозлик пайдо бўлса, ўша китобчасига қараб ислоҳ қилишга тўғри келади.

Бизни ўраб турган бу олам, ҳаёт ҳар қандай мукаммал ишланган компьютеру жиҳозлардан неча минг марта мураккаброқ. Уни тушунмоқ, бузиб қўймасдан узоқ вақт ундан оқилона фойдаланмоқ учун ҳам албатта “устаси”нинг ўзидан юборилган йўл-йўриқ, кўрсатма бўлиши керак.

Радио бузилиб қолса: “Менинг фалон жойимни бура”, – деб ўзи кўрсатма бермайди, ёнидаги китобчани ўзи ёзиб келмайди.

Модомики, инсонни ҳам унинг ихтиёридан ташқари кимдир “ясаган” экан, у амал қилиши лозим бўлган йўл-йўриқ, кўрсатмани ҳам ёлғиз ўша яратувчи бера олади. Инсон ўзи ёзиб олган китобчалари, таълимотлари эса барибир иш бермайди. Узоқ сафарда халақит бергани учун йўлнинг қайсидир нуқтасида ўша китобчалар ўз-ўзидан тушиб қолаверади.

Ҳаёт йўлида ҳақиқий дастур – илоҳий китобдир. Ҳамма замонда, ҳамма маконда унга эҳтиёж сезилади. Замонимизга қарасак, бугунги кунда унга бўлган муҳтожлигимизнинг ниҳоятда ошиб кетганини кўрамиз. Биз йиллар бўйи маст одамларга ўхшаб, эҳтиёжимиз нимада эканлигини сезмадик. Ҳушимизга келиб, кўзимизни очиб қарасак, жуда кўп нарса ютқазибмиз. Энди шошиб-пишиб, ҳаммасининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу иш бирданига бўлмайди.

Жамиятнинг аҳволи дин воситаси ва ёрдами билан тузалса – тузалади, бўлмаса, ҳалокатга юз тутади. Тарихдан маълум, олам вақти-вақти билан тозаланиб турган. Одамлар имон, инсоф йўлини рад этиб, нафс йўлига юриб кетганларида – Нуҳ пайғамбар, ундан кейин Лут пайғамбар даврида – олам бир тозаланган эди. Ҳозирги кунда ҳам шундай даврни кузатиш мумкин. Аллоҳ кўрсатмасин, дин-эътиқод ёрдамида тозаланиб олишга кучимиз етмаса, табиий равишда тозаланиб олиш бошланиб қолиши ҳам мумкин. Бу тузалмаган маразни кесиб ёки куйдириб ташлашга ўхшаган оғир жараён бўлади. Юқоридан бир куч келиб, ҳамма нарсани эзиб, янчиб, таг-туги билан қириб тозалашидан аввал биз, мусулмонлар инсоф-диёнат, яхшилик билан, эзгулик билан тозалаб олишимиз керак.

Чангалга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади. Муҳаммад  (алайҳиссалом) ҳам мусулмонлар бир-бирларига амри маъруф қилиб, тўғри йўлни кўрсатмасалар, биргаликда ҳақиқат учун ҳаракат қилмасалар, Аллоҳнинг ҳукми-фармони келишини кутиб турсинлар, деб айтганлар. Қиёматга яқин қолганда, Маккаи мукаррамадек табаррук шаҳарнинг остонасида бир гуруҳ одамларни ер ютишини айтганлар. Оиша (розияллоҳу анҳо) онамизнинг: “Ё Расулуллоҳ, бу қандай бўлади, ахир ўша ерда яхши одамлар ҳам бўлади-ку?” – деган гапларига жавобан у зот: “Ҳа, яхши одамлар ҳам бўлади, лекин ўша яхши одамларни ҳам ёмонларга қўшиб ер ютади”, – деганлар. Сабаби, яхшилари ёмонларини тўғри йўлга чақирмади, тавфиқ йўлини кўрсатмади, ўзи билан ўзи овора бўлди. Балки қўрққанидан, балки баъзи нарсаларни мулоҳаза қилганидан “Ўзингни бил, ўзгани қўйгил” қабилида иш тутиб, бепарво юрса, ҳамма баробарига ҳалок бўлади. Фақат қиёмат куни ўша яхшилар ўзларининг ниятларига яраша қайта тирилади ва ёмонларга тўғри йўл кўрсатмагани учун жавоб ҳам беради.

Ана шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, мусулмонлар, айниқса, уламолар – жамиятнинг ҳаётига бевосита дахлдор одамларнинг четда туришга ҳеч ҳақлари йўқ. Дунё бўйича динга қарши курашнинг энг қаттиқ кўринишлари сиз билан бизнинг бошимиздан ўтган. Демоқчиман-ки, динга қарши кураш бўлди, лекин унинг ривожланиши учун оммавий сафарбарлик эълон қилингани йўқ. Шундай бўлса ҳам, динга қизиқиш кучайиб бораётганини кўриб турибмиз. Бир томондан кучли тўлқин келяпдими, уни тўхтатиб қўйишнинг иложи йўқ экан, яхшиси унга йўл очиб бериш керак. Бу борада шу жамиятнинг биринчи сафида турган одамларнинг маъсулияти ниҳоят даражада ошиб кетади. Диний раҳбарларнинг маъсулияти ҳам ниҳоятда оғир.

Оғир маъсулиятни кўтарадиган одамларнинг ўзлари ҳам шунга яраша вазмин табиатли, сабр-тоқатли бўлишлари керак, деб ўйлайман. Тўғрисини айтганда, бундай одамлар камга ўхшайди. Бу ҳам табиийдир, чунки ўтган йиллар мобайнида диний таълимотлар, диний ходимларни тайёрлаш ишлари охирги ўринларга суриб келинди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда диннинг аҳамияти ниҳоятда буюк. Энди у бошқа таълимотлардан кўра ҳам биринчи ўринга чиқиши, дин тақдирига биринчи галдаги вазифа деб қаралиши керак.

Давоми бор …