Ошуро куни ва Муҳаррам ойи рўзаси ҳақида қисқа эслатма

Бўлимлар: Муносабат, Ошуро
Ўтган ой – Зулҳижжа ойи кўп жойларда 30 кун қилиб якунланди. Аслида Зулҳижжа 29 кун бўлиб тугаган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шунинг учун Тосуо ва Ошуро кунларининг рўзаларини тутишда эҳтиёт бобидан 8-муҳаррам (яъни, бугун 2023 йил 26-июл чоршанба) куни ҳам рўза тутавериш афзал. Чунки, агар зулҳижжа ойи 29 кун билан якун топган бўлса бугун Тосуо (9-муҳаррам) бўлади. Ошуро рўзасини тутишда Тосуо куни ҳам рўза тутиш афзаллиги маълум.
Бу йилги Ошуро куни келаётган Жумъа куни (2023 йил 28-июл)га тўғри келаяпти (Зулҳижжа ойи 30 кун деб ҳисобланганига биноан)

.
Шундай қилиб, бу йил 8-муҳаррам (бугун), 9-муҳаррам (эртага), 10-муҳаррам (Жумъа куни) рўза тутиш афзал, ишоаллоҳ.
Ундан ташқари, ўзи имкон қадар муҳаррам ойининг аксар кунларида рўза тутиш суннатлиги маълум. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللَّهِ الْمُحَرَّمُ». . » رواه مسلم 1982
«Рамазон (ойи рўзаси)дан кейин энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи – муҳаррам ой (ичида тутиладиган рўза)дир!».
(Саҳиҳи Муслим, 1982-ҳадис)
Ошуро куни ва муҳарам ойи фазилатлари ҳақида авваллари ҳам қатор мақолалар эълон қилинган. Улар билан Ислом Овози саҳифамизга кириб танишиб чиқишингиз мумкин.
Меҳрибон Раббимиз барчамизни бундай улуғ ва бебаҳо фурсатларни ғанимат билиб олишга муваффақ қилсин, ожизона бажараётган тоат-ибодатлармизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин…