Дунёда қайта такрорланмайдиган жамоат
Бўлимлар: Рисолалар
Саҳобалар жамоаси инсоният тарихида ягона. Тарих давомида бундай буюк тарбия топган жамоа бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Қиёматга қадар қайта такрорланмайди.
Саҳобалар эзгуликда инсон зоти эришиши мумкин бўлган чўққига чиқа олган жамоат.
Улардан кейин келган ва келадиган мўмин-мусулмонларда бундай имконият йўқ! Буларга (саҳоба бўлмаган мўминларга) бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топиш шарафи насиб бўлмади. Ҳатто келажакда Қиёмат олдидан майдонга олиб чиқиладиган имом Маҳдий ва у кишининг жамоаси тиклайдиган халифалик ҳам Хулафои рошидин халифалигидек бўла олмайди. Бу сўзлар аҳли суннат вал-жамоат эътиқодида аниқ-тиниқ баён қилинган.
Саҳобаларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбия қилганлар. Муҳаммад алайҳиссаломни эса Аллоҳ таоло Ўзи тарбия қилган ва энг улуғ мақомга кўтарган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда саҳобалар ҳақида нозил қилган ояти карималардан бирида айтган (маъноси) :
«… Сизлардан ҳеч ким фатҳдан (яъни, Маккаи мукаррама фатҳидан) илгари эҳсон қилганларга ва урушда қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан (Макка фатҳидан) сўнг эҳсон қилганлардан ва урушда қатнашганлардан кўра улуғдир. Аллоҳ барчага (фатҳдан олдин исломга кирган ва фатҳдан кейин исломга кирганларга) яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ (Ўзи) сизлар нима қилаётганларингиздан хабардордир»!
(Ҳадид сураси, 10-оят)
Саҳобаи киромлар ҳақидаги ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«… Менинг асҳобларимни ҳақорат қилманглар! Агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи)чалик олтинларни инфоқ-эҳсон қилса ҳам, уларнинг (асҳобларимнинг) бири бир ҳовуч ёки ярим ҳовуч (берган садақаси)га етолмайди»!
(Саҳиҳул-Бухорий, 3673-ҳадис)