Рамазонда Қуръонни 10 марта хатм қилган Абдуллоҳдан савол: қилган ибодатини ошкор этиш риё бўлмайдими?
Савол:
Мен Қуръон ўқишни ёқтираман ва кўп ўқийман. Хусусан Рамазонда ҳамма бўш вақтимни қироатга сарфлайман. Биродарлар қанча хатм қилдингиз деб сўраганда уларни ҳам қизиқтириш учун ростини айтсам риё ёки сумъа бўлмайдими? Алҳамдулиллоҳ, шу Рамазонда Аллоҳ мени 10 марта хатм қилишга қодир қилди. Лекин мендан сўрашганда «Хатм қилиш учун ўқимайман» деяпман. Лекин бошқа жиҳатдан бола-чақа ва иш-ўқиш билан ҳам инсон бунга эришиши мумкинлигини маълум қилмоқчиман. Аллоҳ ҳаммамизнинг ибодатларимизни холис Ўзининг юзи учун қилсин. Риё-сумъакорлардан қилиб қўймасин, омин. Сиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Устозимиз Обидхон қори жавоблари – Раббимиз шифои комил ато этсин – :
Аллоҳ ибодатларингизни қабул айласин. Инсон солиҳ амалларини иложи борича яшириши афзал. Аммо бошқаларга тарғиб бўлиши учун айрим ҳолатларда ошкор этиши мумкин. Аммо бунақа пайтда дилига жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Агар унинг қалбида ўзининг бошқалардан афзал экани ҳақида фикр туғилса, у шу нуқтада тойилган бўлади ва амаллари бекор бўлиб кетиши мумкин. Инсон ўзининг камчилик, хато ва гуноҳларини доимо кўз ўнгига келтириб юриши, кўп истиғфор айтиши, «мендан кўра афзалроқ одамлар бор, аммо улар ўзларини яшириб юришади» деб ўйлаши тўғри бўлади. Бу сифат унинг мақтанчоқлиқ ва кибр балосидан узоқ бўлишига сабаб бўлади. Ютуқ ва муваффақиятларининг яна ҳам кўпайишига олиб келади.
Инсон баъзан ўзи қилган яхши иш ҳақида гапириши керак бўлса, «Мен биладиган бир мусулмон мана бундай қилди» деб гапириши ҳам мумкин.
Сизнинг бир ой ичида ўн марта хатми Қуръон қилганингиз барчамиз учун ибрат. Аллоҳ бизни ҳам сиздан ўрнак олишимизни насиб қилсин.