Ҳайит намозини ўқий олмаган киши нима қилади?

Савол:

Биз Рамазон ҳайитига чиқа олмадик, шунинг ҳукми борми, деб сўраган эдик. Чиқа олмаганимиз учун гуноҳкор бўлган бандалар қаторида бўламизми? Шунга бир очиқлама қилсангиз. Биз нима қилайлик?

(Мусофирлар номидан Азизбек, Туркия)

Устозимиз Обидхон қори жавоблари – Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло шифои комил ато этсин – :

Ийд намози Ислом шиорларидан бири бўлиб, унинг ҳукми шуки, жумъа ўқиши фарз бўлган одамнинг зиммасига ийд намозини адо этиш вожибдир. Баъзи уламолар фарзи кифоя, баъзилар суннат ҳам дейишган.

Ийд намозини вожиб деган олимлар Кавсар сурасидаги «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг» деган оятни далил қилиб келтирадилар. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умрлари давомида ийд намозини бирор марта ҳам қолдирмаганлари таъкидланади. Шундай экан, мусулмон кишининг ийд намозини сабабсиз тарк этиши гуноҳ саналади.

Аммо ийд намозини узрли сабаб билан қолдириш гуноҳ эмас. Жумладан, мусофир кишидан жумъа ва ийд намозида иштирок этиш талаб қилинмайди. Шунга кўра агар сизлар мусофир ҳукмида бўлсангиз, ҳайит намозини ўқий олмаганингиз учун гуноҳкор бўлмайсиз.

Ийд намозини қолдирган одам уни қазо қиладими ёки йўқми деган масалада олимларнинг турли қавллари мавжуд. Бу қавлларнинг хулосаси шуки, жумҳур уламолар ийд намози қазо қилинмайди дейишади. Чунки бу намоз учун маълум шартлар белгиланган. Вақт ва жамоат шулар жумласидандир. Ийд намозининг вақти кун (қуёш) бир найза бўйи кўтарилгандан бошлаб кун (қуёш) тиккага келгунчадир. Шундан кейин вақт тугайди ва бу ҳайит намозининг қазоси ўқилмайди. Ийд намозини узрсиз қолдирган одам истиғфор айтиб тавба қилади.

Аллоҳ сизларга динингиз аҳкомларини тўлиқ бажаришга бўлган интилишларингиз учун ажр-савоблар ато қилсин.