ОХИРГИ ИККИ КЕЧА 29-рамазон ва 30-рамазон кечалари фазилати
Бир неча лаҳзалардан сўнг устимизга ташриф буюрадиган кеча 29-рамазон Қадр кечаси бўлишига умид қилинадиган энг улуғ кечалардан биридир.
Саҳиҳул-Бухорийдаги 2023-ҳадисни Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Қадр кечаси хабарини етказиш учун олдимизга чиқдилар. Шу пайт мусулмонлардан икки киши бир-бирлари билан (бир масала устида) талашиб тортишиб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Сизларга Қадр кечаси хабарини айтмоқчи бўлиб чиққандим, фалончи ва фалончи бир-бири билан тортишиб қолишди (ва мени Қадр кечаси хабаридан чалғитишди), бас у (Қадр кечаси хабари) кўтарилиб кетди (ёдимдан кўтарилиб кетишига бир-бирлари билан тортишганлар сабабчи бўлиб қолишди). Майли, шуниси ҳам балки сизлар учун яхшилик бўлар (Қадр кечасига етиш учун кўпроқ ибодат қилиб, кўпроқ ажру савобларни тўплаб оларсизлар). Бас, уни (Қадр кечасини) тўққизинчидан, еттинчидан ва бешинчидан қидиринглар».
Яна шу мазмундаги ҳадисни имом Муслим ҳам саҳиҳ тўпламларининг 1167-ҳадисида Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Ҳадис шарҳида келади:
«… Тўққизинчидан, еттинчидан ва бешинчидан қидиринглар» деганларининг маъноси Қадр кечасини йигирма тўққизинчи кечадан ва ундан олдинги тоқ кечалардан қидиришимиз лозим бўлади. (Яъни, шу тоқ кечаларда кўпроқ ибодат қилиб чиқишимиз керак). Яна бир маъноси, йигирма биринчи кечадан ва ундан кейинги тоқ кечалардан излашимиз керак бўлади. Яна бир маъноси, йигирма иккинчи кечадан ва ундан кейинги жуфт кечалардан излашимиз керак бўлади. Чунки, бу жуфт кечалар ҳам рамазоннинг охиридан аввали томон ҳисоблаб келинганда тоқ кечаларга айланади, агар рамазон ўттиз кунлик бўлса. Шунда 30-рамазон кечаси биринчи тоқ кечадир, 28-рамазон кечаси учинчи кеча, 26-рамазон кечаси бешинчи кеча, 24-рамазон кечаси еттинчи кеча, 22-рамазон кечаси тўққизинчи кеча ҳисобланади.
Саҳиҳи Ибн Хузаймада яна бир бошқа ҳадис ҳам ворид бўлган. Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Қадр кечасини рамазоннинг энг охирги кечасидан қидиринглар»
Озгинадан кейин бошланадиган кечамиз бу йилги рамазоннинг энг охирги кечаси ва Қадр кечаси бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Аммо агар эртага янги ҳилол кўринмайдиган бўлса, бу йилги рамазон ўттиз кунлик бўлиши, натижада пайшанбадан жума кунга ўтар кеча рамазоннинг энг охирги кечаси – Қадр кечаси бўлиши ҳам мумкин.
Арши азийм Раббиси бўлмиш Буюк Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, ёлвориб сўраймизки, Ягона Ўзи бизларга ушбу бебаҳо лаҳзаларни ғанимат билиб қолишимизга мададкор бўлсин. Бу лаҳзалар жуда ҳам тезлик билан ўтиб кетмоқда. Меҳрибон Раббимиз Қадр кечасида холис Аллоҳ учун, Суннати Набавийяга мувофиқ тарзда ибодат қилиб чиқишга муваффақ бўлган мўмин бандаларидан қилсин ва Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин, ал-яқийн (аниқ-тиниқ нарса) – ўлим келгунига қадар тоат-ибодатда собитқадам туриб яшайлик, Илоҳо…
Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг энг улуғ ва энг суюкли расулига хитоб қилиб айтган:
{وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّىٰ يَأْتِيَكَ الْيَقِينُ}. [الحجر: 99]
«(Шунингдек), то сизга ал-яқийн – аниқ нарса (яъни, ўлим) келгунича Раббингизга ибодат қилинг!».(Ҳижр сурасининг охирги ояти).
Яъни, фақатгина рамазонда ёки Қадр кечасида эмас, балки умр бўйи Ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб яшаб ўтинглар, эсон-омон иймону исломда ўлиб олгунингизга қадар ҳар бир лаҳзангизни ғанимат билиб – Аллоҳга ибодат қилиб юринг.