«Қадр кечасини йигирма еттинчи кечадан қидиринглар»
Бугун 2023 милодий йил 17-апрел душанба шом намози вақти киришидан бошлаб то 18-апрел сешанба бомдод намози вақти киргунча 1444 ҳижрий сана 27 рамазон кечаси – Қадр кечаси бўлади деб умид қиламиз.
Қадр кечаси ҳақида жуда кўп ҳадислар ва ривоятлар бор.
«Қадр кечасини йигирма еттинчи кечадан қидиринглар…» деган ибора билан ҳам ҳадис ривоят қилинган. (Саҳиҳул-Жомеъ, 1240-ривоят)
Саҳобалардан Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу 27-рамазон кечаси ҳақида «Қадр кечаси йигирма еттинчи кечадир» деб айтганлар. (Саҳиҳи Муслим, 762-ривоят)
Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «… Қадр кечасини қидиринглар » деган сўзларининг маъноси шуки, ушбу улуғ кечаларнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, уларни Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига юзланиб, намоз, тиловат, зикру дуолар билан ўтказинглар. Ана шунда Қадр кечасини қидирган, топган ва ғанимат билган бўласизлар, деганларидир.
Маълумки, Қадр кечасида холис Аллоҳ учун Суннати Набавийяга мувофиқ тарзда ибодат қилиб чиққан кишининг барча гуноҳлари кечирилиб, бутунлай ўчириб юборилади ва унга минг ой (83 йил)дан зиёд Ягона Аллоҳ таолога ибодат қилиб яшаганлик ажру савоблари ато этилади. Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолонинг марҳамати, саховати ана шундай улкан ва чексиздир.
Эй Раҳиму Карим бўлган Парвардигор! Ўзинг бизларни афв-мағфиратингга олиб, Қадр кечасини ғанимат билишга, унда Ягона Ўзингга ибодат қилиб чиқишимизга муваффақ қилгин ва барчамизни Ўз даргоҳингда ҳусни қабул айлагин, дўзахингдан нажот топадиган, жаннатингга эсон-омон кириб оладиган – абадий бахт-саодатга эришадиган мўмин бандаларингдан қилгин…