«Навбатдаги зилзила олдида аввалгилари ҳолва бўлиб қолар экан…» дейишдан олдин…
«Навбатдаги зилзила олдида аввалгилари ҳолва бўлиб қолар экан…» дейишдан олдин эътиқодимизни ҳам амалларимизни ҳам ислоҳ қилиб олайлик
Зилзиладан сабоқлар давоми
Келажакда нималар бўлишини, қайсидир воқеа қачон, қаерда, қандай, қай даражада рўй беришини ёки умуман рўй бермаслигини Ягона Аллоҳнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ билмайди.
Ким ғайб илмини билишни даъво қилса Аллоҳ таолога кофир кимсага айланади. Аллоҳ Ўзи асрасин…
Лекин, такрор-такрор Ер қимирлаши ҳақидаги хабарлар ёки даҳшатли зилзилалар ҳақидаги мишмишлар хавфи остида яшаш бизни тақволи, таоат-ибодатли, моддий ҳаётга меҳр қўймайдиган зоҳид, ҳақиқий мўмин бўлиб тарбияланишимизга сабаб бўлса ажабмас.
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амру фармони, қазои қадари буюк ҳикматларни ўз ичига олган бўлади, гарчи уларни аксариятимиз билмаётган бўлсакда.
Ўзи биз кўпинча ҳар лаҳзада ўлим келиб қоишини ёки бошқа бирон мусибат тўсатдан бошимизга тушиб қолишини унутиб, шу дунёда роҳату фароғатда яшашни излаб, дунё ташвишларига, ёлғончи зебу зийнатларига қаттиқ берилиб кетамиз.
Ваҳоланки динимиз бизни ҳеч қачон бу дунё ҳаётига хотиржам бўлиб қолмасликка чақиради. Бу дунё табиатини Аллоҳ шундай яратган – кутилмаган бир лаҳзада тўсатдан тугаб қолади!
Бу табиатни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Шундай экан, унга мослашиб яшашдан бошқа чорамиз йўқ.
Ўтган кунлардаги каби воеалар рўй берган пайти Аҳли Сунна вал-жамоат эътиқоди нақадар буюк ва мукаммал эътиқод эканига яна бир бор амин бўламиз.
Зеро, бу соф эътиқод инсоннинг ҳам руҳий ҳам моддий эҳтиёжларини эътиборга олади. Бу эътиқод илоҳий тақдиротга тўла таслим бўлиб яшаш билан бирга шариати мутаҳҳара буюрган моддий сабабларни ҳам бажаришга, айни дамда бу моддий сабабларга боғланиб қолмасликка, балки доимо Аллоҳга илтижолар қилиб, У Зотнинг ягона Ўзига зорланиб, хорланиб, тоат-ибодатда бўлиб яшашга ўргатади.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳунинг елкаларини ушлаб насиҳат қилдилар:
«كن في الدنيا كأنك غريب أو عابر سبيل».
«Дунёда гўё бир ғариб инсондек ёки йўлдан ўтиб кетаётган бир мусофирдек бўлгин!».
Кейин Ибн Умар (ўзларининг авлодлари ва шогирдларига) насиҳат қилиб айтардилар:
«Тун келганда тонг отишини кутма, тонг отганда тун келишини кутма! Соғлик пайтингни ғанимат билиб қол, беморлик келиб қолишидан олдин, тирик бўлиб турган лаҳзангда ўлимингга тайёрланиб тургин!»
(Имом Бухорий ривояти, 6416- ҳадис)