Шаъбон ойида 3 та муҳим амал

Бугун (4-март 2022 йил жумъа) шаъбон ойининг биринчи куни. Бу ойда мўмин-мусулмонлар яқинлашиб қолган улуғ рамазон ойига тайёргарлик кўришни бошлайдилар.

Шаъбон ойида қуйидаги учта ибодатга яна ҳам кўпроқ амал қилиш тавсия этилади:

1. Шаъбон ойи рўзаси

Кимнинг зиммасида ўтган йиллардаги рамазон рўзаларидан ёки бошқа вожиб рўзалардан қарзлари бўлса рамазон ойи келиб қолишидан аввал тезроқ адо этиши – ана шу рўзаларни тутиб бериши лозим.

Зиммаларидаги қарз ва вожиб рўзаларни тутиб бўлган мўмин ва мўминалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиб, шаъбон ойини ҳам ғанимат билишга ҳаракат қиладилар. Зеро, у зот шаъбон ойида нафл рўзалар тутишни кўпайтирар эдилар.

2. Шаъбон ойида Қуръони карим тиловати

Шаъбон ойида Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиб туришимиз ҳам муҳим. Зеро, унинг ортидан кириб келаётган муборак рамазон ойи Қуръони карим ойи, таровиҳлар ойидир. Қуръони каримни ёддан ҳеч қандай хатосиз тиловат қила олишимиз учун имкон қадар кўпроқ такрорлаб туришимиз даркор.

3. Шаъбон ойида муҳтожларга садақалар бериш

Камбағаллик, йўқлик, очлик синовларидан ўтаётган опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз рамазон ойида яна ҳам оғирроқ имтиҳонларга дуч келиб қолмасликлари учун ҳозирданоқ уларнинг ҳожатларини чиқариш, уларга Аллоҳ учун холис ният ила (беминнат, бериё) садақалар бериш, тез-тез меҳр-муравват кўрсатиб туриш энг улуғ фазилатли амаллардан.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло барчаларимизга шаъбон ойида ҳам бошқа ойларда ҳам Ўзининг чексиз баракаларини мўл-кўл равишда ёғдириб турсин, рамазон ойига ҳам эсон-омон етиб олишимизни, бутун ҳаётимизни улуғ тоат-ибодатлар билан ғанимат билишимизни насиб айласин…

Ислом Овози таҳририяти

T.me/islomovozi