«Ўзбекистонда ҳарбий хизматга борган киши кофир бўладими»?

Абдулқодир исмли биродардан савол:

Фэсбукда айримлар (Ўзбекистон, Туркия каби) исломий бўлмаган давлатда ҳарбий хизматга борган киши кофир бўлади, бунга Нисо сураси 76-оят далил, дейишди. Шу ҳақда тушунча берсангиз, илтимос.

Жавоб:

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ишончли уламолардан дарс олиб чуқур ўрганиш лозим. Инсон агар ояту ҳадисларни чуқур ўрганиб чиқмасдан туриб ўзича тафсир қилиб юборадиган бўлса, нотўғри талқин қилиб фитнага сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ асрасин…

Ҳар бир масаланинг ҳукмини аниқ ва тиниқ билиб олиш учун мутахассис уламолар мавзуга оид барча далилларни ўрганиб чиқишга ҳаракат қиладилар. Ундан кейинги босқич – масаланинг ҳукмини билганларидан сўнг, уни воқеликда тўғри татбиқ қила олишлари учун ҳар бир воқеанинг замони, макони ва аҳволи билан танишиб чиқиш йўлида бор имкониятларини сарфлайдилар. Чунки, муқаддас динимиз – шариати исломийя талаби шундай.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бирор нарса ёки бирон шахс устидан ҳукм чиқариш мавзусига жуда жиддий қаралган. Билиб-билмай гапириб юбориш энг улкан ва хатарли гуноҳлардан. Аллоҳ таоло Қуръни каримнинг бир қанча оятларида Аллоҳнинг номидан – Аллоҳнинг дини, Аллоҳнинг ҳукми ҳақида билмасдан гапиришни қаттиқ қоралаган, ҳатто уни энг улкан гуноҳ бўлмиш ширк билан баробар зикр қилган.

Нисо сурасидаги ояти каримага келсак, Аллоҳ таоло у ерда «… Иймон келтирган кишилар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар, куфр келтирган кимсалар эса Тоғут (шайтон ва куфр) йўлида жанг қиладилар… « деган маънода хабар берган.

Ояти каримада «Иймон келтирганлар …» ва «…куфр келтирганлар…» деб умумий васф баён қилинаяпти, муайян бир давлат ёки муайян бир ташкилот ёки шахслар тилга олинаётгани йўқ. У ерда на Ўзбекистон, на Туркия, на Ироқ ёки Шом зикр қилинган. Ҳеч кимнинг шахсини очиқдан-очиқ таъйинлаб айтилмаган.

Шундай экан, ким энди Туркия ва Ўзбекистон каби мусулмон халқлар яшайдиган диёрларнинг армиясига қўшилган ва «мен мусулмонман» деб турган аскарлар устидан аниқ-тиниқ ҳукм чиқаришга ҳақли бўла олади? Бу жуда оғир ва хатарли амал. Охиратда Аллоҳнинг ҳузурида жавобгарлиги осон эмас.

Бу билан биз золим ҳукуматнинг ҳарбий хизматларида иштирок этиш жоиз деб ҳам айтмоқчи эмасмиз. Золимлар сафига қўшилишга ва зулмларга шерик бўлишга фатво бериб бўлмайди, албатта. Фақат бировларнинг устидан ҳукм чиқариш энг хавфли масалалардан, бу борада шошилиб бир нарса деб юборишдан қўрқиш – Аллоҳ учун тақво қилиш шарт, демоқчимиз.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис алломаларимиз ривоят қилишган қуйидаги баъзи бир ҳадиси шарифларга ва уларнинг қисқача изоҳларига эътибор берайлик.

1

Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳум ривоят қилишган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

» أَيُّما رَجُلٍ قالَ لأخِيهِ: يا كافِرُ، فقَدْ باءَ بها أحَدُهُما.»

«Қайси бир киши бир биродарига (мусулмонликни даъво қилиб турган кишига) қарата «эй кофир» деса, дарҳақиқат, унинг бу сўзи (кофирлик ҳукми) иккаласидан бирининг бошига қайтиб тушади».

Ҳадиси шариф бировни куфрга ҳукм қилиш нақадар хатарли амал эканини кўрсатиб турибди.

Бир мусулмон киши ёки қайсидир бир тоифа одамлар баъзи бир куфр ишларга қўл уриб, ҳаром ишларга аралашиб қолаётган бўлишса, сиз уларни кўриб турган бир мусулмон биродар сифатида қандай муносабатда бўлишингиз лозим? Уларнинг устидан ҳукм чиқариб: «шу билан булар кофир бўлди ёки кофир бўлмади» деб баён қилиш сизга топширилган вазифа эмас. Улар ҳақиқатан ҳам куфрга кириб қолдими ёки йўқми, бу нарсани тагига етиш, ҳолатни атрофлича яхшилаб текшириб чиқиш, кейин бу борада шариат ҳукмини баён қилиб бериш шу соҳа бўйича мутахассис бўлган уламолар ва шаръий маҳкамадаги адолатли қозиларнинг масъулияти. Сиз эса, фақат илму ҳикмат билан ўрни келганда чиройли насиҳатлар қилиб турасиз. Насиҳат қилганда ҳам уларни омма олдида шармандасини чиқариб эмас. Мақсад нима ўзи? Мақсад муаммони ҳал қилишда қўлингиздан келадиган фойдали хизматингизни тақдим этиш – умматни турли-туман ёмонликлардан асрашда уламоларга ва мусулмон раҳбарларга эзгу ишларда кўмаклашиш бўлиши лозим.

2

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усома ибн Зайд ва Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум ривоят қилишган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«لا تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا، يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ»

«Мендан кейин бир-бирингизни қатл қиладиган кофирларга айланиб кетманглар».

Аҳли Сунна вал-жамоат эътиқоди бўйича, қотилликнинг ўзи билан инсон кофир бўлиб қолмайди, аммо бу гуноҳ шу даражада хавфлики, унинг энг аянчли оқибатларидан бири қотилликка қўл урган кимса кофир бўлиб кетиши ҳеч гап бўлмай қолади.

Ундан ташқари, бировни қатл қилишга олиб борадиган сабаблардан бири уни кофирга чиқариш. Бировни кофир деб ҳукм қилиш «унинг қони ҳалол, уни ўлдириш жоиз» дегандай гап. Аллоҳ асрасин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини бундан огоҳлантирдилар.

3

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«لَنْ يَزَالَ المُؤْمِنُ في فُسْحَةٍ مِن دِينِهِ، ما لَمْ يُصِبْ دَمًا حَرَامًا.»

«Мўмин киши модомики ҳаром қилинган қонга тегмас экан, динидан чиқиб кетиб қолишдан омонда бўлади».

Демак, Аллоҳ ҳаром қилган қонга – қотилликка қўл урган кимса динидан чиқиб кетиб қолишдан омонда эмас. Аллоҳ бизларни бундай хавфу хатарлардан йироқ қилсин…

4

Уммул-мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда Каъбага ҳужум қилиб борадиган лашкарлар ҳақида хабар берганлар:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: «يَغْزُو جَيْشٌ الكَعْبَةَ، فإذا كانُوا ببَيْداءَ مِنَ الأرْضِ، يُخْسَفُ بأَوَّلِهِمْ وآخِرِهِمْ.»

قالَتْ عائشة رضي الله عنها: قُلتُ: يا رَسولَ اللَّهِ، كيفَ يُخْسَفُ بأَوَّلِهِمْ وآخِرِهِمْ وفيهم أسْواقُهُمْ ومَن ليسَ منهمْ؟

«قالَ صلى الله عليه وسلم: يُخْسَفُ بأَوَّلِهِمْ وآخِرِهِمْ، ثُمَّ يُبْعَثُونَ علَى نِيَّاتِهِمْ.»

«Бир армия Каъбага ҳужум қилиб боради. Улар Байдога (очиқ бир майдонга) етиб боришган пайт аввалидан охиригача – ҳаммасини Ер ютиб юборади».

Оиша онамиз сўрадилар:

«Эй Расулуллоҳ, қандай қилиб уларнинг аввалидан охиригача Ер ютиб юборади, ваҳоланки уларнинг орасида бозорлари бор (яъни, олди-сотди қиладиганлар, фақат тирикчилик қилиш учун уларнинг ичига кириб қолганлар бор) ва уларга алоқаси бўлмаганлар бор бўлади-ку?»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Уларни аввалидан охиригача – ҳаммасини Ер ютиб юборади, кейин (Қиёмат куни) ниятларига яраша қайта тириладилар (дилларидаги иймон ёки куфрга биноан устларидан адолат билан ҳукм чиқарилади)«.

Демак, ҳатто Каъбага бостириб бораётган армия ичидагиларнинг ҳам ҳаммаси Каъбага бостириб бориш ниятида бўлган очиқ-ойдин кофирлардан иборат бўлмас экан. Балки, бъзилари алданиб қоладиган, қаерга ҳужум қилиш учун олиб кетилаётганини билмайдиган ёки бошқа бирон ҳолат сабаби туфайли уларнинг орасига кириб қолган бўлар экан, яна баъзилари бошқа ниятда… Ва ҳоказо…

5
Мавзуни яна ҳам батафсилроқ баён қиладиган бўлсак Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу кофирлар билан бўлган бир жангда кофирлар томонида бўлган бир инсон шаҳодат калимасини айтиб олганига қарамасдан уни ўлдирганликлари қиссасини ёдга олишимиз мумкин. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усома розияллоҳу анҳуни жуда қаттиқ танқид қилиб қайта-қайта: «Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган бўлса ҳам ўлдириб юбордингми?!» деб, роса хафа бўлгандилар. Ҳатто Усома: «Қанийди шу қилмишимдан кейин мусулмонликни қабул қилган бўлганимда эди…» деб орзу қилгандилар.

Хуллас, бундай масалаларда – бировларнинг устидан ҳукм чиқариш деб ҳисобланадиган мавзуларда бир нарса деб юборишдан қўрқиш, балки хатога кириб қолмаслигимиз учун доимо буюк уламоларга мурожаат қилиб туришимиз лозим.

Валлоҳу аълам.

Жавобни Ислом Овози таҳририяти тайёрлади

Мавзуга оид яна:

Ўзбекистон армиясида хизмат қилиш мумкинми?

Давлатга қарши чиқиш ҳақида муфассал жавоб

Мазлум халқларга қандай ёрдам бера олишимиз мумкин?

Рўмолга қарши хуруж – эски касаллик (2010 йил 10 август)

АҚШнинг Ўзбекистондаги диний эркинликлар ҳақидаги ҳисоботига муносабат