Дунё имтиҳонларидан қутулиш йўли

Бўлимлар: Рисолалар

Дунё имтиҳонлари нақадар оғир бўлишини, нақадар узоқ давом этишини ва улардан аъло баҳо билан ўтиб олиш учун фақат ва фақат тақволи ҳаёт кечириш, сабру бардошли бўлиш ва тўғри йўналишда шошилмасдан ҳаракат қилиш зарурлигини англамоқчи бўлган киши Юсуф сурасини такрор-такрор тиловат қилиб, ундаги чуқур маънолар, панду насиҳатлар ҳақида тадаббур-тафаккур қилиб туриши даркор.

Қисса билан танишиб, йиғлаб-йиғлаб, охирига етар экансиз Юсуф алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари қалбингизни илоҳий нур билан чарақлатиб юборади:
«Дарҳақиқат, кимда-ким тақво қилса, сабрли бўлса, албатта Аллоҳ муҳсинларнинг – шундай яхши амалларни қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотларини зое қилмас»
(90-оятда)
«Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунё ва Охиратда Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин»
(101-оятда)