Янги ҳижрий сана 1-муҳаррам 2021 йил 10-август сешанба куни, Ошуро 19-август пайшанба куни
Бугун янги ҳилол кўринмади. Шунга биноан эртага душанба куни якун топаётган 1442 ҳижрий сананинг энг охирги куни – 30 зулҳижжа ҳисобланади. Сешанба эса янги йил – 1443 ҳижрий сана муҳаррам ойи бошланади.
Маълумки, муҳаррам ойининг 10-куни Ислом динимиз улуғлаган энг буюк кунлардан бири – Ошуро кунидир. Бу йилги Ошуро куни 2021 йил 19-август пайшанба кунига мувофиқ келмоқда.
Иншоаллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб 9-муҳаррам ва 10-муҳаррам кунлари рўза тутишга ҳаракат қиламиз. Бу кунларда рўза тутиш бир йиллик гуноҳлар мағфират этилишига ва жаннатда жуда улкан мукофотлар тайёрлаб қўйилишига сабаб бўлади.
9-муҳаррам куни Тосуо, ўнинчи муҳаррам куни Ошуро деб номланади.
Аллоҳ азза ва жалла Ошуро кунида Фиръавн деган ном билан танилган, ўзи ҳақида «мен энг буюк парвардигорман» деб даъво қилган кофир, қонхўр подшоҳлардан бирини аркони давлати ва аскарлари билан бирга денгизга ғарқ қилиб ташлаган. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом ва у зотга эргашган мўминлар ҳар йили шу кунда Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб рўза тутишарди.
Бизнинг саййидимиз Расулуллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг: «Мусо (ибн Имрон алайҳиссалом)га энг ҳақли инсонлар (Мусо алайҳиссалом каби ҳақ динни лозим тутган уммат) бизмиз» деб ўз умматларига Ошуро куни рўза тутишни суннат қилиб берганлар. Мусо алайҳиссаломдан кейин у зот олиб келган шариатни бузиб ташлаган яҳудларга ўхшаб қолмаслигимиз учун Тосуо кунида ҳам рўза тутишга тарғиб этганлар.
Бу йилги Тосуо 18-август чоршанба кунига, Ошуро эса 19-август пайшанба кунига тўғри келадиган бўлди.
Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло барчамизни доимо ислому иймон, тоату ибодатларда собитқадам қилиб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.