Жамоат намози вожибми ёки суннат?
Мухтор исмли биродаримиздан савол:
«Оилада аёл ва болалар билан жамоат бўлиб намоз ўқиса бўладими? Бунинг ҳукми қандай?»
Шайх Обидхон қори жавоблари:
- Жамоат аҳамияти ҳақида ҳадис;
- Жамоат билан намоз ўқишни “вожиб”, “фарзи айн” деган уламолар;
- Фарз намозларни оиласи билан бирга уйда жамоат бўлиб ўқиган одам жамоат савобини топадими?
- Мулло Али Ал-Қорий хулосалари.
Жамоат аҳамияти ҳақида ҳадис
Ушбу мавзудаги ҳадис билан сўзимизни бошлаймиз:
مَا مِن ثَلاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلاَ بَدْوٍ لا تُقَامُ فِيهمُ الصَّلاةُ إِلاَّ قدِ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ، فَعَلَيك بِالجَمَاعَةِ، فَإِنَّمَا يأْكُلُ الذِّئْبُ القَاصِيَةَ
“Бирор-бир қишлоқ ёки саҳрода учта одам бўлсалар-у, намозни жамоат бўлиб ўқимасалар, албатта, уларни шайтон эгаллаб олади. Бас, сен жамоат билан бирга бўлгин, чунки бўри фақат қўйчивондан узоқлашган қўйни ейди”
(Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилганлар).
Бу ҳадис “Мишкотул-масобиҳ” китобида ҳам келтирилади. Ушбу китобнинг шарҳи “Мирқотул-мафотиҳ”да ёзилади:
أي الشاة البعيدة من الراعي
“Ал-қосия” – қўйчивондан узоқлашиб, подадан четлашган қўй”.
واستحواذ الشيطان غلبته، وغلبته إنما يكون بما يكون معصية
“Шайтоннинг эгаллаб олиши – шайтоннинг инсонга ғолиб бўлиши. Шайтоннинг инсонни эгаллаб, енгиб олиши бирор маъсият содир бўлганда вужудга келади”.
كترك الواجب دون السنة
“Суннат эмас, вожиб бўлган (қилиниши лозим, зарур бўлган) амални тарк қилиш билан гуноҳ содир бўлади ва шайтон гуноҳ содир қилган одамни эгаллаб олади”.
Жамоат билан намоз ўқишни “вожиб”, “фарзи айн” деган уламолар
Мулло Али Ал-Қорий “Мирқотул-мафотиҳ”да ёзадилар:
قلت: الحديث الذي ذكره ظاهره يدل على أن الجماعة فرض عين أو واجب على مختار مذهبنا
“Ҳадиснинг зоҳири намозни жамоат билан ўқиш фарзи айн ёки вожиб эканини кўрсатади. Бизнинг мазҳабимизда (ҳанафий мазҳабдаги мўътамад фатво бўйича) “Намозни жамоат билан ўқиш вожибдир” деган қавл ихтиёр қилинган”.
وذهب الباقون منهم إلى أنه سنة وهو مذهب أبي حنيفة ومالك
“Улардан бошқалари (улар ҳам ҳанафий мазҳабдаги фуқаҳолардан) жамоат бўлиб намоз ўқиш суннат эканини айтганлар. Имом Абу Ҳанифа, имом Моликнинг мазҳаблари (айнан ўзларидан ворид бўлган фатволари) ҳам шундай”.
وقال أحمد وداود أنها فرض على الأعيان
“Имом Аҳмад ва имом Довуд (Зоҳирий) ушбу ҳадиснинг зоҳирига асосланиб: “Намозни жамоат билан ўқиш фарзи айндир”, – дейдилар. Намозни жамоат билан ўқиш намознинг саҳиҳ бўлиши шартига кирмайди. Жамоат билан ўқилмаган намоз саҳиҳ бўлиб, ўқилган ҳисоб бўлади, аммо фарзи айн бажо қилинмагани учун ҳар бир шахс гуноҳга ботади. Намозни жамоат билан ўқимаган одам фарзни тарк қилиш гуноҳини олади”.
وفي البدائع تجب على العقلاء البالغين الأحرار القادرين على الجماعة
“Бадоиус-саноиъ” китобида ёзилади: “Намозни жамоат билан ўқиш ақл-заковатли, балоғатга етган, озод, жамоатга боришга қодир (соғ-саломат) бўлган эркакларга вожибдир”.
وإذا فاتته لا يجب عليه الطلب في المساجد
“Агар жамоатга келолмаса (масалан, жамоатдан кеч қолса), бошқа масжидларни қидириб, жамоат бўлиб намоз ўқиш унга вожиб бўлмайди. Жамоатдан қолиб кетган одам бирор-бир масжидга бориб, жамоатни топиб, намозни ўша жамоат билан ўқиса – яхши, аммо уйга келиб ўзи ёлғиз ўқиса ҳам жоиз”.
Фарз намозларни оиласи билан бирга уйда жамоат бўлиб ўқиган одам жамоат савобини топадими?
وذكر القدوري يجمع بأهله أحياناً
“Инсон баъзан оиласи билан бирга жамоат бўлиб намоз ўқийди”, – деб ёзганлар Қудурий.
هل ينال ثواب الجماعة، فقال: لا
“Ана шунда жамоат савобини топадими?” деган саволга у киши: “Йўқ”, – деб жавоб берадилар.
وأنه يكون بدعة ومكروهاً بلا عذر
“Ушбу ишни узрсиз қилса, бидъат ва макруҳ бўлади”.
Инсон узр туфайли уйда қолган пайтда оиласи, болалари билан жамоат бўлиб намоз ўқийди. Намозни жамоат билан ўқишни тарк қилиб, уйида жамоат тузиб: “Болаларим билан жамоат бўлиб ўқийман”, – деган одам бидъат иш қилган бўлади.
Пайғамбаримиздан ривоят бўлган машҳур ҳадисда у зотнинг ҳузурларига кўзи ожиз одам – Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келгани айтилади. У киши кўзлари ожизлиги учун жамоат намозига келишга қийналаётганини айтиб, уйда намоз ўқишга рухсат сўрайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалига рухсат берадилар, аммо у киши қайтиб кетаётганида яна чақириб:
– Сен азонни эшитасанми?– деб сўрайдилар.
У киши:
– Ҳа, – деганда,
– Азонни эшитсанг, унга жавоб бер (яъни, жамоатга кел)! – деб буюрганлар.
قال الطيبي: فيه دليل على وجوب الجماعة
Ушбу ҳадис ҳақида Тийбий: “Бу ерда жамоатга келиш вожиб эканига далил бор”, – деган бўлса, баъзи уламолар эса: “Бу тарғибот учундир”, – деб айтганлар.
Мулло Али Ал-Қорий хулосалари
“Мишкотул-масобиҳ”нинг шарҳи “Мирқотул-мафотиҳ”нинг муаллифи Али Ал-қорий хулоса ўрнида айтадилар:
والأصح أنه سنة مؤكدة وعليه الأكثرون
“Саҳиҳ хулоса шулки, намозни жамоат билан ўқиш суннати муаккададир ва кўп уламолар мана шу қарорга келганлар”.
Инсон узр туфайли уйда қолгандагина намозни бола-чақа билан жамоат бўлиб ўқийди. Атайлабдан ёки бепарволик, ялқовлик билан уйда қолиб, ҳеч бир узрсиз уйда ўтириб: “Намозни хотин, бола-чақам билан жамоат бўлиб ўқийман”, – дейиш бидъат, жамоатдан узоқлашиш ва ислом шиорларидан бирига путур етказиш бўлади.
Podcast: Play in new window | Download