Салавот айтиб юриш фазилатлари
Ягона Раббимиз Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир барча ҳамду санолар…
Аммо баъд.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар айтиб юришнинг дунёвий ва ухровий фазилатлари, фойдалари, савоблари жуда ҳам кўп. Айниқса жумъа кунлари яна ҳам кўпроқ салавот айтиш афзал.
Биз ушбу енгил эслатма сифатида ёзилаётган қисқа мақоламизда салавот айтишнинг фазилатларидан фақат учтасини ёдга олиш билан чекланамиз:
1. Дуолар тезроқ қабул бўлиш сабабларидан бири Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва салламга салавотлар йўллаш билан бошлаш.
(Сунани Абу Довуд 1481-ҳадисда, Сунани Термизий 3477-ҳадисда Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф, Байҳақий Шуабул-иймон китобида Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф шунга далолат қилади).
2. Қиёмат куни маҳшар майдонида ҳам жаннатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин инсонлардан бўладиган мўминлар у зотга кўпроқ салавотлар айтиб юрадиган кишилардир.
(Мишкотул-масобийҳ китобида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис, Байҳақий Сунани Куброда жумъа куни кўпроқ салавот айтиш фазилати ҳақида Абу Умома Ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис шунга далолат қилади).
3. Дунёвий ғам-ташвишлардан қутулиш, ҳожатларини амалга ошириш, орзуларига етиш воситаларидан бири Аллоҳ таолога ёлвориб истиғфорлар айтиш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп-кўп салавот айтиб юришдир.
(Сунани Термизий 2457-ҳадисда, Муснади Аҳмад 20736-ҳадисда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қилади)
Аллоҳу аълам – Аллоҳ таоло Ўзи ҳаммадан яхшироқ билиб турган Зотдир.