Охирги ўн кеча
Бу кеча (2021 милодий йил 2-май якшанбадан 3-май душанбага ўтар кеча) 1442 ҳижрий сана муборак рамазон ойининг охирги қисми бошланяпти.
Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай бебаҳо фурсатни жуда ҳам ғанимат билардилар ва ўз умматларини ҳам шунга даъват қилардилар.
Қуйида у зотнинг шу мавзудаги муборак ҳадиси шарифларидан фақатгина уч намуна келтириш билан чекланамиз.
1-ҳадис:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кимки Қадр кечаси иймон билан ва савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган ҳамма гуноҳлари кечирилади».
(Бухорий ривояти).
* Изоҳ: қоим бўлиш – намоз ўқиш.
* * *
2-ҳадис:
Улуғ онамиз Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунлик кирганда тунларини бедор ўтказар, оила аъзоларини уйғотар, изорларни боғлар эдилар».
(Муслим ривояти)
* Изоҳ: изорни боғлашдан мурод аёли билан ётишдан, жинсий муносабатдан тийилиш.
* * *
3-ҳадис:
Оиша разияллоҳу анҳодан яна ривоят:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўнлик пайтида эътикоф ўлтирардилар ва: «Лайлатулқадр (Қадр кечаси)ни охирги ўн кечадан қидиринглар», – деб айтар эдилар».
(Бухорий ривояти)