“Шароит жуда қийин, намозни кечқурун ўқисак бўладими?”

Бўлимлар: 02. Намоз

Акрамжон биродаримиздан савол:

«Биз Россияда ишлаймиз. Намоз ўқиш жуда ҳам қийин. Кўчаларда милиционерлар кўп, ушлаб олса бизга зулм қилади. Шунинг учун кечқурун ётоқхонага қайтганимизда ҳаммасини жамлаб ўқисак бўладими?»

Шайх Обидхон қори жавоблари:

  • Намоз ўқимасликка ҳеч қандай узр йўқ;
  • Намоз душман билан жанг майдонида тўқнаш келиб қолган пайт ҳам кечиктирилмайди;
  • Хавф мавжуд бўлса, масжидга бориш маъсулияти соқит бўлади.

 Намоз ўқимасликка ҳеч қандай узр йўқ

Аввало Аллоҳ таолодан бу биродарларимизга ёрдам ато қилишини сўраймиз. Тирикчилик учун, оила боқиш мақсадида бегона юртларда юрган мусулмонларга тинчлик-омонлик, имон ва исломда мустаҳкамлик тилаймиз.

Намоз масаласига келсак, маълумки бунга ҳеч қандай узр йўқ. Намоз мусулмонларнинг ҳаётида энг муҳим аҳамиятга эга бўлган буюк ибодат. Аллоҳ таолонинг бандаси эканмиз, Унга ўзимизнинг имон-эътиқодимизни ифодалаб, бандалик бажо қилишимиз, Унинг Ўзи буюрганидай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганидай сиғинишимиз лозим.

Расулуллоҳ ҳар куни беш маҳал намознинг қачон ўқилишини кўрсатиб, аниқ тайин қилиб берганлар, ўша вақтда ўқишимиз лозим.

Намоз мусулмон билан кофир ўртасидаги фарқ эканини ҳам доимо эслаб туришимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

«العهد الذي بيننا وبينهم الصلاة فمن تركها فقد كفر»

أخرجه الإمام أحمد، وأهل السنن

“Биз билан уларнинг ўртамиздаги аҳд намоздир. Кимки уни тарк қилса, албатта кофир бўлади”.

 

Одамлар намоз билан кофирлардан ажраладилар.

«بين الرجل وبين الشرك والكفر ترك الصلاة»

أخرجه الإمام مسلم

Имом Муслим ривоят қилган бу ҳадисда Расулуллоҳ айтадилар:

“Инсон билан ширк ва куфр ўртасида намоз бор, намозни тарк қилиш бор”.

Кимки намозни тарк қилса, у ширк ва куфрга кириб кетишидан қўрқиши лозим.

Мусулмон одам намоз ўқишга жиддий ҳаракат қилади ва намоз ўқишга халақит берадиган ишларда ишламайди. Намоз вақтида кўчада юрмайди. Намоз вақтида кўча-кўйда юриш тўғри эмас. Аввалдан ҳаракат қилиб, масжидга борилади. Инсон намоз вақтида кўчаларда қолиб кетмайди. Намоз вақтида масжидда бўлади ёки қаерда бўлса ҳам (уйдами, ишхонадами) намозини ўқийди. Агар масжидга боришнинг иложи бўлмаса, уйда ёки ишхонада ўқиш керак.

 

Намоз душман билан жанг майдонида тўқнаш келиб қолган пайт ҳам кечиктирилмайди

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ жанги пайтида пешин, аср, шом, хуфтон намозларини ўқий олмаганлар. Саҳобалар ҳам ўқий олмаганлар. Душман билан тўқнаш келиб турган пайт, жанг жуда оғир, шароит оғир бўлганлигидан намоз ўқий олмаганлар. Лекин мана шу воқеадан ҳеч ким (ҳеч ким!) шароит оғир бўлганда намозларни кечқурун ўқиса бўлади деб хулоса қилмаган. Чунки мана шу воқеадан сўнг Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, хавф пайтида намоз ўқишни ўргатган. Душман билан тўқнаш келиб қолган маҳалда намоз – “солатул-хавф” ўқилади. Мусулмонлар агар шундай ҳолатга тушиб қолсалар, одамларнинг ярми жанг майдонида бўлади, ярми намоз ўқийди. Намознинг ярмини ўқийди (бир ракаат). Кейин тугатмасдан жанг майдонига кириб кетади ва уёқдагилар келиб буларнинг ўрнини эгаллайди. Оғир шароитда ҳам намозни қандай ўқиш кераклигини Аллоҳ таоло кўрсатиб берган, ўргатган. Бундан кўринадики, ҳар қандай шароитда намоз ўқилади. Жуда ҳам оғир шароит бўлиб қолганда имо-ишора билан ўқилади, аммо кечиктирилмайди, вақтидан ўтказилмайди. Ўз вақтида ўқилиши шарт.

 

Хавф мавжуд бўлса, масжидга бориш маъсулияти соқит бўлади

“Кўчаларда милиционерлар кўп, ушлаб олса бизга зулм қилади” деган сўз намозга узр бўла олмайди, баҳона бўлмайди. Кўчада милиция бўлишининг намозга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки намоз кўчада ўқилмайди. Намоз ўқиш учун албатта кўчага чиқиш шарт эмас. Нон олиб келиш, тирикчилик учун кўчага чиқилади. Аммо намоз учун кўчага чиқиш шарт эмас. Тўғри, масжидга бориш учун кўчага чиқасиз, аммо масжидга боришингиз (кўчага чиқишингиз) хавфли бўлса, намозни уйда ўқийсиз. Агар хавф бўлса, масжидга жамоатга бориш маъсулияти сиздан соқит бўлади. Ишга бориш эса ҳар бир инсонга керак. Оила тебратиш учун қаердадир ишлайсиз. Бунинг учун албатта кўчага чиқасиз. Ишхонага соғ-саломат, эсон-омон бориб олсангиз, намозни ўша ерда ўқийсиз. Мана шунга ҳаракат қилиш лозим.

Улуғ ибодат – намозни ўз вақтида ўқийман, ибодатимни биринчи галда адо қилишим керак деб ихлос билан астойдил ният қилсангиз, иншоллоҳ, Аллоҳ сизга ёрдам беради.

Аллоҳ барча мусофир, муҳожир биродарларимизга ёрдам берсин, намозлари, динлари, ахлоқлари ва эътиқодларини бой бермасдан, соғ-омон яна ватанларига қайтиб боришларини насиб этсин!

9 май, 2008 йил, Швеция

https://t.me/islomovozi