Сафар деганда неча километрни тушуниш керак?

Сардор биродаримиздан савол:

“Аёллар уч кундан ошиқ сафарга маҳрамсиз чиқиб бўлмайди” дейилади. “Уч кунлик сафар” дейилганда, неча километрни тушуниш керак?

Шайх Обидхон қори жавоблари:

  • Сафар ҳукми жорий бўладиган масофа камида 80 километр;
  • Сафар масофаси ҳақидаги ҳужжатлар хилма-хиллиги;
  • Далиллари энг кучли фатво: «Сафар уч кунлик йўлдир…»;
  • Кунларни масофага айлантирганимизда;
  • Фатво ҳайъатларининг ҳисоблари;
  • Сафарда кун ва йўлнинг аҳамияти йўқ деган сўз ҳақида

Сафар ҳукми жорий бўладиган масофа камида 80 километр

Аввало, саволнинг мухтасар жавобини айтиб ўтамиз.

“Сафар” деб ҳукм қилинадиган масофа жумҳур (яъни, энг кўп) уламоларнинг фатволарига кўра камида 80 километр деб қабул қилинган. 80 километрдан ортган масофага боришга қасд қилиб, йўлга чиққан одам мусофир ҳисобланади. Бу масофа ҳозирги замон ҳисоб-китоблари асосида белгиланган миқдор бўлиб, қадимда албатта, бошқача номлар билан айтилган. Ушбу миқдор тўрт мазҳаб уламоларининг хулосалари ҳамда ҳозирги замонда Саудия Арабистонидаги “Фатволар бўйича Доимий қўмита” ва Мисрдаги Азҳар университети муфтийлари ҳам шундай фатво беришган.

Сафар масофаси ҳақидаги ҳужжатлар хилма-хиллиги

Сафар масофаси ҳақида қадимдаги ҳужжатлар ва уламоларнинг фатволари хилма-хил бўлган. Бунинг сабаби Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам сафар масофаси аниқ ва қатъий қилиб чегаралаб қўйилмаганидир. Саҳобалардан келган ривоятлар турли хил маъноларни билдиради. Уламолардан имом Ибн Мунзир сафар масофаси ҳақидаги йигирмага яқин фикрни санаб ўтганлар.

Шулардан тўрттасини айтиб ўтамиз:

1.“Сафар уч кунлик масофадир”. Уч кунлик йўлга чиққан одам сафарга чиққан ҳисобланади.
2.“Cафар – икки кунлик йўл”.
3.“Сафар – бир кунлик йўл”. Бир кунда етиладиган масофага ният қилиб чиққан одам мусофир бўлади.
4. “Сафарнинг узоқ-яқинлигининг аҳамияти йўқ. Йўлни ҳам, кунни ҳам эътиборга олинмайди.

Далиллари энг кучли фатво: «Сафар уч кунлик йўлдир»;

Жумҳур (аксарият) уламолар берган ушбу фатво энг устундир: “Сафарнинг масофаси – уч кунлик йўл”.

Қуйида унинг асосига, далилларига тўхталамиз.

“Мабсут” китобида Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида ривоят қилинган ҳадислар зикр этилади:

Бухорий ривоят қилган ҳадис:

«لا تسافر المرأة فوق ثلاثة أيام ولياليها إلا ومعها زوجها أو ذو رحم محرم منها «

“Аёл киши уч кечаю кундузлик йўлга ёлғиз сафар қилмайди, магарам у билан эри ёки яқин маҳрам қариндоши ҳамроҳ бўлса, йўлга чиқиши мумкин”.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда:

«يمسح المقيم يوماً وليلة، والمسافر ثلاثة أيام ولياليها»

“Муқим одам оёқ кийими (масалан, махси)га бир кеча-кундуз, мусофир эса уч кеча-кундуз масҳ тортади”, – деб айтганлар.

Аксарият уламолар: “Ушбу икки ҳадис шариат бўйича сафар деб ҳисобланадиган масофа камида уч кунда етиб бориладиган масофа эканига далолат қилади. Шунга кўра, сафар камида уч кунлик йўлдан иборатдир”, – деганлар.

Кунларни масофага айлантирганимизда

Ҳадисдаги кунларни масофага айлантирганимизда қанча бўлади?

Уламолар: “Уч кунлик йўл” дегандаги йўл туя билан босилгандаги йўлдир”, – деганлар.

Туя (устида юки билан оддий юришда) уч кунда қанча йўл босиши ҳисоблаб чиқилган.

“Бадоиъус-саноиъ” китобида ёзилади:

و من مشايخنا من قدره بخمسة عشر فرسخا و جعل لكل يوم خمس فراسخ و منهم من قدره بثلاث مراحل

“Машойихларимиз бу масофани 15 фарсах деб белгилаганлар ва ҳар бир кун учун беш фарсахдан бўлиб чиққанлар. Баъзилар эса уч марҳалага бўлганлар”.

Уч кунлик йўл 15 фарсах деб ҳисоб қилинган. Инсон туяси билан ҳар куни беш фарсахдан йўл босади. Демак, уч кунда 15 фарсах йўл босади.

Фарсахнинг ҳисоби қандай?

Бир фарсах уч милдан иборат. Бунга иттифоқ қилинган, бу маълум.

Лекин бир мил қанчани ташкил этади? Асосий ихтилоф мана шу нуқтада – мил узунлигини ҳисоблашда.

Ҳозирги ҳисоблар бўйича бир мил ҳақида уч хил фикр бор – 1600 метр, 1800 метр ва 1920 метр.

Бир милни ўртача 1800 метр деб олсак, уч мил (бир фарсах) 5400 метр бўлади.

Агар 1920 метрдан ҳисобласак, 5760 метр бўлади.

Демак, бир фарсах кўпи билан 5760 метр.

Буни ўн бешга кўпайтирсак, 81 километр бўлади (озроқ ҳисоб билан).

Кўпроқ ҳисоб билан, яъни 5760 метр ҳисоб билан олганимизда, 86 километрдан ортиқроқ бўлади.

Демак, “Мабсут” китобида келтирилган ўн беш фарсахнинг бугунги кундаги миқдори милнинг ҳисобидаги хилма-хилликдан келиб чиққан ҳолда, 81 километр билан 87 километр орасида бўлади. Бу – ҳанафий мазҳаб уламоларининг ҳисоблари.

Имом Бухорий ўзларининг китобларида келтирадиларки:

وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ وَابْنُ عَبَّاسٍ يَقْصُرَانِ وَيُفْطِرَانِ فِي أَرْبَعَةِ بُرُدٍ، وَهْيَ سِتَّةَ عَشَرَ فَرْسَخًا

“Ибн Умар ва Ибн Аббослар тўрт барид масофага чиққан пайтларида (бу ўн олти фарсах бўлади) намозни қаср қилардилар ва рўзани очардилар”.

Юқоридаги ҳисобдан келиб чиқсак, бу 86 километрдан 92 километргача бўлган масофадир. Бу имом Молик танлаган йўлдир.

Имом Шофеий ва Табарий эса: “Бу 46 милдир”, – деганлар (юқоридаги ҳисоб билан ҳисоблаганимизда бу 82 километрдан 88 километргачадир).

Фатво ҳайъатларининг ҳисоблари

Бугунги кундаги фатво ҳайъатлари бу борада нима дейдилар?

Мисрдаги Азҳар университети чиқарган фатвода айтиладики:

وهذه المسافة تساوى ثمانين كيلو ونصف كيلو ومائة وأربعين مترا

“Сафар масофаси 80 километру 640 метрга тўғри келади”.

و يؤخذ من هذا أن الرأي المتفق عليه بين الأئمة الأربعة أن يكون السفر طويلاً

“Шунга кўра, тўрт имом иттифоқ қилган сўз шуки, сафар деб узоқ йўлга айтилади”.

لايقل عن ثمانين كيلو متراً تقريباً

“Сафар тақрибан 80 километрдан кам бўлмаслиги керак”.

Саудия Арабистони Илмий тадқиқотлар ва фатволар бўйича Доимий ҳайъатидан (6261-рақамли саволда): “Сафар масофаси қанча?” деб сўралган.

مقدار المسافة المبيحة للقصر ثمانون كيلو متر تقريبا على رأي جمهور العلماء

“Жумҳур уламоларнинг фикрларига қараганда, намозни қаср қилиб ўқишга рухсат бўладиган масофа тақрибан 80 километрдир”, – деб айтилган жавобда.

“Сафарда кун ва йўлнинг аҳамияти йўқ”ми?

Толиби илмлар ўртасида: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қисқа масофада ҳам қаср ўқиганлар, шунинг учун сафарда масофанинг аҳамияти йўқ” деган қараш мавжуд.
Қадимги уламоларнинг ўртасида ҳам: “Узоқ бўлса ҳам, яқин бўлса ҳам сафарда қаср қилинаверади ва аёллар қисқа сафарга ҳам маҳрам билан чиқишлари шарт”, – деган фикрлар айтилган ва “Саҳиҳи Муслим”да келган Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадис ҳужжат қилинган:

صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم الظُّهْرَ بِالْمَدِينَةِ أَرْبَعًا، وَصَلَّيْتُ مَعَهُ الْعَصْرَ بِذِي الْحُلَيْفَةِ رَكْعَتَيْنِ

“Мен Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Мадинада пешинни тўрт ракаат ўқидим ва у киши билан бирга Зул-ҳулайфада асрни икки ракаат ўқидим”.

Ҳадиснинг шарҳида имом Нававий ёзадилар:

وبين المدينة وذى الحليفة ستة أميال ويقال سبعة

“Мадина билан Зул-ҳулайфанинг ораси олти мил ёки баъзилар етти мил деганлар”.

Мадинадан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилиб чиқиб, Зул-ҳулайфага борганда намозни қаср қилдилар. Ораси жуда ҳам яқин масофа – етти мил ёки олти мил. Буни кўп ҳисоб билан ҳисоблаганимизда ҳам 13 километр (13.440 метр) бўлади. “Аҳли зоҳир” ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олиб: “Сафарнинг узоқ ёки яқин эканининг аҳамияти йўқ, қаср ўқилади, аёллар маҳрам билан боради”, – дейдилар.

Имом Нававий бунга раддия бериб айтадилар:

وَقَالَ الْجُمْهُورُ: لَا يَجُوزُ الْقَصْرُ إِلَّا فِي سَفَرٍ يَبْلُغُ مَرْحَلَتَيْنِ ، وَقَالَ أَبُو حَنِيفَةَ وَطَائِفَةٌ : شَرْطُهُ ثَلَاثُ مَرَاحِلٍ

“Жумҳур уламолар айтадилар: “Сафар икки марҳаладан иборат бўлиши лозим, ундан берисида қаср ўқиш жоиз эмас. Абу Ҳанифа ва яна бир жамоа уламолар эса: “Уч марҳала бўлиши керак”, – деганлар”.

واعتمدوا فى ذلك آثارا عن الصحابة

“Улар саҳобалардан келган хабарлар, ҳужжатларга асосланиб, ушбу сўзни айтганлар”.

وأما هذا الحديث فلا دلالة فيه لأهل الظاهر

“Юқоридаги ҳадисда “аҳли зоҳир”ларнинг сўзларига далил йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳажжатул-вадоъ” пайти Маккага сафар қилганларида пешинни Мадинада тўрт ракъат ўқиганлар. Кейин эса сафарга чиққанлар. Аср пайти бўлганда Зул-ҳулайфага етганлар. Ўша ерда асрни икки ракаат ўқиганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зул-ҳулайфани қасд қилиб, сафарга чиққан эмасдилар. Зул-ҳулайфа Макка йўлидаги бир манзил бўлиб, Расулуллоҳ ўша ерда тўхтаб, намоз ўқиганлар ва йўлда давом этганлар”.

Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, камида 80 километрли масофани қасд қилиб, йўлга чиққан одам шаҳардан чиққан пайтидан бошлаб, намозни қаср қилишни бошлайди. У то ўзи қасд қилган манзилга етгунича намозни қаср қилиб ўқиб боради, у ерда ҳам (агар кўп қолиб кетмаса, ишларини битириб бўлиши билан ватанига қайтадиган бўлса) қаср қилиб ўқийди ва кейин уйга қайтаётганида ҳам то ўзининг шаҳри чегарасига етиб олгунига қадар намозларни қаср қилиб ўқийди.

Валлоҳу аълам.

14 июл, 2008 йил, Швеция

https://t.me/islomovozi