Фосиқ инсоннинг имомлиги

Бўлимлар: 02. Намоз

Фарруҳ биродаримиздан савол:

“Мен она юртимдан анча узоқдаман. Бу ерда намоз ўқийдиганлар жуда кўп, аммо имомликка ҳамма ҳам ўта олмайди. Бошқа мамлакатдаги мусулмонлардан бири имомликка ўтиб бераяпти. Саволим шуки, бу мусулмоннинг бу ерда магазини бор. Шу магазинда ароқ ва бошқа ҳаром қилинган нарсалар сотилади. Бу мусулмон имомликка ўтишга ҳаққи борми ёки йўқми?»

* * *

Шайх Обидхон қори жавоблари:

  • Имомликка ким ҳақлироқ
  • Имомлик шартлари: ақл, ислом …
  • Имом Молик: “Фосиқ одамнинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас
  • Фосиқ одам намозни тўғри ўқиб берса, унинг намози дуруст
  • Имомликка лойиқроқ домла топилмаса нима қиламиз?

* * *

Имомликка ким ҳақлироқ?

Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) имомликка ким лойиқ экани ҳақида маълум қилганлар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللَّهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الْهِجْرَةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ سِلْمًا»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Қавмнинг ичида Аллоҳнинг Китобини ким кўпроқ ўқиган бўлса, қавмга ана ўша имом бўлади. Агар улар қироатда баробар бўлсалар, унда суннатни яхшироқ биладиган одам имом бўлади. Агар улар суннатни билишда ҳам баробар бўлсалар, унда қайси бирлари аввалроқ ҳижрат қилган бўлсалар, ана ўша имом бўлади. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, қайси бирлари исломга аввалроқ кирган бўлса, ана ўша инсон имом бўлади”.

 

Имомлик шартлари: ақл, ислом …

Фиқҳ китобларида, масалан, “Бадоиъус-саноиъ” китобида уламолар ёзадилар:

«…حتى تجوز إمامة العبد والأعرابي والأعمى وولد الزنا والفاسق وهذا قول العامة…»

“Намозда имом бўлишга ким лойиқроқ?”, деган масалада умумий тарзда шуни айтамизки, ҳар бир ақлли (оқил) ва мусулмон инсон намозга имом бўлиши мумкин, ҳаттоки қул, аъробий, кўр одам, валади зино ёки фосиқ бўлса ҳам намозга имом бўлиши жоиз. Бу аксар уламоларнинг сўзидир”.

(“Бадоиъус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ” китоби)

 

Имом Молик: «Фосиқ одамнинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас».

وقال مالك : لا تجوز الصلاة خلف الفاسق

“Фосиқ одамнинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас”, – дейдилар имом Молик.

ولهذا لا شهادة له لكون الشهادة من باب الأمانة

“Шунинг учун фосиқ одамнинг шаҳодати, гувоҳлиги қабул қилинмайди, чунки гувоҳлик ҳам омонатдандир”.
Баъзи уламолар: “Фосиқ, фожир одам, яъни гуноҳи кабира иш қилиб юрувчи одамнинг имомлиги дуруст эмас”, – деганлар.

 

Фосиқ одам намозни тўғри ўқиб берса, унинг намози дуруст

Аксар уламоларнинг фатволарига биноан, фосиқ одам намозни тўғри ўқиб берса, қироати жойида бўлса, намоз арконларини тўғри бажо қилса, намоз дуруст бўлади. Бунинг далили шулки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалар розияллоҳу анҳум Ҳажжожнинг намозда имом бўлганига рози бўлганлар ва унинг орқасида намоз ўқиганлар. Ҳажжож ўз замонасининг энг фосиқ кимсаси бўлган.

(“Бадоиъус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ” китоби).

Ҳажжож замонасининг энг золим раҳбарларидан бири бўлган.

حتى كان عمر بن عبد العزيز يقول: لو جاءت كل أمة بخبيثها وجئنا بأبي محمد لغلبناهم، وأبو محمد كنية الحجاج

Одил халифалардан бири Умар ибн Абдулазиз айтган эдиларки: “Агар барча халқлар ўзларининг ичларидаги энг ёмон, ярамас одамларини келтирсалар ва биз ҳам Абу Муҳаммадни келтирсак, биз уларни босиб кетардик” (Абу Муҳаммад – Ҳажжожнинг куняси). Саҳобаларнинг фосиқ одам ортида намоз ўқиганлари бу намознинг дуруст эканини кўрсатади.

 

Имомликка лойиқроқ домла топилмаса нима қиламиз?

Иложи бўлса, албатта, қироати яхши, намоз тартибларини яхши биладиган тақводор инсон имом бўлиши керак. Шундай одам топилмаса, унда нима қиласиз?

Намозларга фосиқ инсонларнинг имом бўлаётгани ўша ердаги мусулмонларнинг камчиликларидан бири саналиши ҳам мумкин. Жамоатнинг ҳолига яраша имом экан-да, дейилади.

Жамоатнинг ҳолати яхши бўлиб, жамоатнинг ўзи ислом шариати талабларини чиройли бажарганида эди, инсонларнинг куни шундай фосиққа қолмас эди. Ўзларининг ичларидаги тақводор, ароқ сотмайдиган ва ичмайдиган, фисқу фужур иш қилмайдиган инсонлар нима учун намозни чиройли ўқиб беришга қодир эмаслар? Нима учун улар Қуръонни чиройли ўқишни билмайдилар? Намоз арконларини адо этишга улар нима учун қодир эмаслар? Ўзлари шундай ожиз-нотавон бўлганларидан кейин, ичларидан намоз ўқиб берадиган одам намоз қоидаларини ўрнига келтириб ўқиётган бўлса-ю, аммо ўзи фосиқ бўлса, начора? Нима қиласизлар? То ичингиздан бир покиза, яхши, тақводор инсон намозни чиройли ўқиб берадиган даражага етгунига қадар шу фосиқ инсонга иқтидо қилишингиз жоиз бўлади.

Зиммангизда имомингизга насиҳат қилиш вожиби ҳам бор. Ўринли бўлса, чиройли сўзлар билан унга насиҳат қилишга уриниб кўришингиз керак.

Насиҳат қилсангиз, ўртада низо, жанжал чиқадиган бўлса, унда сабр қиласиз, Аллоҳдан унинг ҳаққига ҳидоят сўрайсиз.

Валлоҳу аълам.

28 ноябр, 2008 йил, Швеция

https://t.me/islomovozi