Фалсафа фанини ўрганиш кимлар учун жоиз ёки вожиб? Ўқув юртларида илм олиш эркинлиги аҳволи қандай?

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Беҳзод биродаримиздан савол:

“Мен институтда ўқийман. Бу семестрда жума куни соат 12:10дан 13:30гача фалсафа дарси қўйилган. Уни ўқитадиган домлани атеист деса ҳам бўлаверади. Бунинг устига у жуда ҳам қаттиққўл. Жумага боришимиз керак, деган гапни тушунмайди. Табиийки, дарсига жума кунлари қатнамадик. У бизнинг айнан жума намози учун дарсга қатнамаганлигимиздан бизга баттар қаттиққўллик қилаяпти. Лекин ишни пул билан битиришимиз мумкин. Шу биз учун тўғри бўладими? Ўзи, умуман, фалсафага оид фанларни ҳаром деб эшитган эдим. Қизиғи – шу туркумдаги фанларнинг ҳаммасини пул билан «ёпса» бўлади. Биз қандай йўл тутишимиз керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат».

* * *

Шайх Обидхон қори жавоблари:

  • «Ҳикмат» (фалсафа) ўрганадиган мутахассислар ҳақида баъзи уламоларнинг раъйлари;
  • Илм турлари ва фалсафанинг таърифи;
  • Фалсафа ҳақида замондош уламоларнинг фатволаридан иқтибос;
  • Илм масканларида фалсафанинг ўқитилиши илм олиш эркинлигига боғлиқми?

* * *

«Ҳикмат» (фалсафа) ўрганадиган мутахассислар ҳақида баъзи уламоларнинг раъйлари

“Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ” китобида ёзилади:

وإذا أوصى لأهل العلم ببلدة كذا فإنه يدخل فيه أهل الفقه وأهل الحديث ولا يدخل من يتعلم الحكمة

“Агар бир инсон вафот этаётган маҳалда шаҳардаги аҳли илмларга бирор нарса васият қилган бўлса, бунда аҳли илмлар деганда “аҳли фиқҳ” ва “аҳли ҳадис”лар тушунилади. Аммо “ҳикмат” ўрганадиган, яъни фалсафа ўрганадиган одамлар аҳли илмлар қаторига кирмайдилар.”

* * *

Илм турлари ва фалсафанинг таърифи

“Раддул-мухтар” китобида айтилади:

واعلم أنّ تعلم العلم يكون فرض عين

“Билгилки, илм ўқиш баъзан “фарзи айн” бўлади”.

Инсон ўз динидан муҳтож бўлган маълумотларни билиш даражасида ўрганиши – “фарзи айн”, яъни ҳар бир инсон зиммасидаги фарз.

وفرض كفاية، وهو ما زاد عليه لنفع غيره

“Яна илм “фарзи кифоя” ҳам бўлади”.

Бу – “фарзи айн” устида зиёдаси. Бошқаларга фойда етказадиган, инсон учун фойда бўладиган илмларни ўқиш “фарзи кифоя”дир. Бир гуруҳ одамлар ўқиса, бошқалар зиммасидан соқит бўлади. Фарзи айн эса, ҳар бир инсон ўқиши лозим бўлган илм.

ومندوباً

“Яна илмлар ичида мустаҳаб, савоб бўладиган қисми бор”.

وهو التبحر في الفقه وعلم القلب

“Бу – фиқҳ ва қалб амаллари борасидаги илмларда чуқур билимга эга бўлиш”.

Буларни ўқиш “мандуб” (савоб) бўлади.

 وحراما ، وهو علم الفلسفة والشعبذة والتنجيم والرمل وعلوم الطبائعيين والسحر والكهانة

“Яна илмларнинг ичида ҳаром бўлганлари бор. Фалсафа илми, фирибгарлик, мунажжимлик, фолбинлик, сеҳр каби илмлар таъқиқланган, ҳаром қилинган илмлардир”.

وعلم الحرف وعلم الموسيقي

“Яна тилсим илмлар (сеҳрга оид илмлар) ва мусиқага доир билимлар ҳам ҳаром бўлган билимлар жумласидандир”, – деб ёзилади “Раддул-мухтор” китобида.

Яна шу китобнинг 102-саҳифасида:

والفلسفة هو لفظ يوناني، وتعريبه الحكم المموهة: أي مزينة الظاهر فاسدة الباطن

“Фалсафа” юнонча калима бўлиб, унинг арабчалаштирилгани: “ал-ҳикамул-мумавваҳа”, яъни ташқи кўриниши зийнатланган, аммо ботини ботил бўлган илмлардир”.

كالقول بقدم العالم وغيره من المكفرات والمحرمات

“Бу илм, масалан, оламнинг азалий экани, яъни ҳеч ким томонидан яратилмагани ҳақидаги маълумотлар ва яна шунга ўхшаш бошқа куфр ва ҳаром қавлларни ўз ичига олган билимлардир”, – деб ёзилган.

* * *

Фалсафа ҳақида замондош уламоларнинг фатволаридан иқтибос

Ҳозирги замон уламоларининг сўзларига мурожаат қиладиган бўлсак, “Азҳар” жомеасининг муфтийси шайх Атийя Сақр раҳимаҳуллоҳ 1997 йили чиқарган фатволарида айтадилар:

أما دراستها لمن لا يعرف الحق من الباطل ، وترك الباطل منها دون بيان بطلانه ففيها ضرر كبير

“Ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган, фалсафа илмининг ичидаги ноҳақу ботилларни ажрата билмайдиган одамнинг бу илм билан шуғулланиши ниҳоятда катта зарарларга сабаб бўлади”.

والقرآن الكريم نفسه ذكر عقائد المشركين

“Қуръони каримда мушрикларнинг ақидаси зикр қилинган, Аллоҳ мавжудлигини инкор қилганларга раддиялар берилган, ботил ақидалар рад этилган ва соғлом ақидалар исломда келган ақидалар баён қилинган. Қадим замонлардан буён мантиқ илми – юнонлар ишлаб чиққан мантиқ илмини ўқиш жоиз ёки ножоиз экани ҳақида мунозаралар мавжуд. Бу илмни баъзи уламолар мумкин деганлар. Баъзилари эса мумкин эмас деганлар. Бу илмни мумкин деган уламолар: “Бу илмнинг ичидаги ноҳақ сўзларни ҳақ сўзлардан ажрата биладиган одамлар учун бу илмдан ҳосил қилган маълумоти асосида ботил йўлларга раддия бериш, мана шу илмнинг ботил жиҳатларини рад этиш учун жоиз. Бу илмни дин асосида муҳокама қилишга қурби келадиган одамларгина ўрганишлари мумкин”, – деганлар. Бугунги кунда эса бундай муҳокамалар, яъни ислом асосида муҳокама қилишдан холи бўлган ҳолда, дин аҳкомларига хилоф келадиган нарсалар кўп ўқув юртларида ўқитиляпти”, – деб афсус билдирган бу киши.

“Фатволар бўйича Доимий Қўмита”нинг фатвосида айтилади:

 إذا كان عالماً واثقاً من نفسه لا يخشى الفتنة فى دينه من قراءتها

“Агар инсон ўзига ишонса, динида фитналаниб, адашиб қолишидан хавфи бўлмаса, динни яхши биладиган одам бўлса, фалсафани унинг ботил жиҳатларини фош қилиб,  рад этиш ва ҳақ исломий эътиқодни мустаҳкамлаб, унинг ҳақлигини кўрсатиш мақсадида ўқиса, жоиз”.

وإلا حرم عليه دراستها ومخالطة أهلها

 “Илло, бу нарсани ўқиш ҳаром ва бундай соҳа вакиллари билан аралашиш ҳам мумкин эмасдир”, – дейилган.

Яна бир фатвода:

 ويجوز لمن يهضمها ويقوى على فهمها بعد دراسة الكتاب والسنة

“Бу фанни ўрганиш Китобу суннатни эгаллагандан сўнг, бу фанни ўқиб, уни тўғри тушуна оладиган одамлар учун, хос одамлар учун жоиздир. Баъзи инсонлар учун вожиб ҳам бўлади”.

 ليقوموا بواجبهم الإسلامي من نصرة الحق ودحض الباطل

“Ҳақни ҳимоя қилиш ва ботилни рад этиш каби вазифани  бажариш учун баъзи инсонлар бу ишни қилишлари вожиб бўлади”, – дейилган.

Демак, бу илмни ўқишдан мурод – ботилни рад  этиш, яъни шу илмнинг ичидаги ботил нарсаларни рад этиб, исломий эътиқодни исботлаш бўлса, шунга қурби келадиган одам учун жоиз.

* * *

Илм масканларида фалсафанинг ўқитилиши илм олиш эркинлигига боғлиқми?

Кўп илм масканларида фалсафа фани талабаларнинг мутахассисликларидан қатъи назар ўқитилиши таажжубли ва ўринсиздир. Агар бу иш инсоннинг илм олиш эркинлигига боғлиқ деб тушунтириладиган бўлса, бу бир томонлама, нохолис даъво бўлиб қолади. Бундай даъво тўғри бўладиган бўлса, унда қаерда фалсафа ўқитилса, ўша ерда, албатта, ислом ақидасини ҳам тўлиқ ўргатишлари керак бўлади. Ана шунда илм олишдаги эркинлик таъминланган бўлар эди. Фалсафа ўқитиладиган ерда Қуръон ва ҳадислар асосидаги ислом ақидаси ўқитилмайдими, демак, фақат фалсафанинг ўзини ўқитиш  тенгсизлик ва ноҳақлик бўлади.

Энди жума вақтида фалсафа дарсини қўйиб қўйилиши – атайлабдан қилинган иш, валлоҳу аълам. Бу муаммони талабаларнинг ўзлари ўқитувчилар билан келишган ҳолда ҳал қилишлари мумкин.

18 феврал 2008 йил, Швеция

https://t.me/islomovozi