Қиблани қандай аниқлаш мумкин?

Бўлимлар: 02. Намоз

Сардор исмли биродаримизнинг саволи:

Мен Жанубий Кореяда ишлайман. Қиблани Қуёшга қараб қандай аниқлаб олишим мумкин? Қуёш ботган томонга қараб намоз  ўқисам, тўғри бўладими?

Шайх Обидхон қори жавоблари:

  • Компас ёрдамида ёки қуёшнинг ҳаракатига кўра қиблани аниқлаш;
  • Қутб юлдузи – Аллоҳнинг мўъжизаси;
  • Қуёш Каъбанинг устида турадиган лаҳза.

***

Компас ёрдамида ёки қуёшнинг ҳаракатига кўра қиблани аниқлаш

Аллоҳ Таоло “Бақара” сурасининг 144-оятида:

{فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ}

“Юзингизни Масжидул-ҳаром томонга қаратингиз!” – деган.

Намоз пайтида ҳар бир мусулмон юзини Масжидул-ҳаромга қаратиши фарздир.

Қибла – Маккаи мукаррамада турган одам учун  Каъбатуллоҳ экани фиқҳ китобларида таъкидланган. Макка ичида турган одам учун Каъбанинг айнан ўзига юзланиш фарз. Ер юзининг бошқа бирон бир нуқтасида турган одам учун эса қибла – Макка томони томони ҳисобланади.

Айнан Каъбанинг ўзига тўппа-тўғри йўналиш имконсиз бўлгани учун Каъба тарафи умумий тарзда аниқланади ва шу томонга қараб намоз ўқилади. Маккадан ташқаридаги одам Каъбага юзини қаратган пайтда, йўналишнинг тўппа-тўғри эмас, бир оз нари-бери бўлиши зарар қилмайди. Каъба томонга умумий тарзда йўналган инсон – тўғри йўналишдан жуда ҳам кўп бурилиб кетмаган бўлса – қиблани топган ҳисобланади.

Инсон нотаниш жойга ёки янги бирон бир мамлакатга борган бўлса, у ерда қиблани қандай аниқлайди? Ерли аҳолидан қиблани суриштиради, Макка шаҳрининг қайси томонда жойлашганини аниқлайди. Мусулмонлар бор бўлса, мусулмонлардан, масжид бор бўлса, масжид аҳлидан сўраб, билади. Бундай имконият йўқ бўлса, инсон табиий воситалардан, замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланиши мумкин.

Қиблани аниқлаш учун инсон компас ёрдамида турган жойининг шарқу ғарб, шимолу жануб томонларини аниқлаши керак. Кейин ўзи турган мамлакати ёки шаҳрини харитадан топади.  Турган жойига нисбатан Макканинг қаерда жойлашганини аниқлайди. Масалан, Маккаи мукаррама Кореянинг қайси томонида? Ғарб томонида бўлиши мумкин. Шуни аниқлагач, турган жойининг ҳам ғарб томонини топади. Шундан сўнг у ғарб томонга қараб ибодат қилиши мумкин.

Инсон қаерда бўлса ҳам намозда ғарб томонга – Қуёш ботган томонга юзланса, қиблани топди, дегани эмас. Дейлик, Ўрта Осиёда, Ўзбекистонда қибла нисбатан ғарб томонда бўлгани учун Қуёш ботган томонга қараб намоз ўқиш тўғри бўлса-да, аммо бошқа жойларда бошқача бўлиши мумкин. Ҳар бир инсоннинг ўзи истиқомат қилаётган шаҳрига нисбатан Макка шаҳри қайси томонда – шарқда, ғарбда ёки шимолда – эканини харитадан аниқлаб, қиблани белгилаши тўғри бўлади.

Қуёш ҳаракатларига кўра ҳам дунё томонлари аниқланади. Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбга ботади. Қуёшнинг чиқиш пайтида шарқни аниқлагач, шарқ чап тарафингизда, Қуёш ботар томони ўнг тарафингизда турса, сиз қараб турган томонингиз жануб, орқангиз эса шимол бўлади. Шарқу ғарбни аниқлаганингиздан кейин Макка шаҳрининг қайси томонда эканини ҳам харита орқали белгилаб оласиз.

***

Қутб юлдузи – Аллоҳнинг мўжизаси

Дунё томонларини тунда юлдузларга қараб ҳам аниқлаб олиш олиш мумкин.

Наҳл сурасининг 16-оятида шундай дейилган:

{وَبِالنَّجْمِ هُمْ يَهْتَدُونَ}

“Юлдузлар воситаси билан улар тўғри йўл топадилар”.

Аллоҳ таоло бу оятда инсонлар юлдузлар орқали ҳам дунёнинг томонларини аниқлаб, йўл топишларининг ишорасини берган. Аллоҳ яратган бу самовий жисмлар инсонларнинг диний ва дунёвий ишларини белгилашда ёрдамга келади.

Шундай юлдузлардан бири Қутб юлдузидир. Қутб юлдузи – Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан бири.

Барча юлдузлар ҳаракатланади. Улар кўзга кўринмайдиган, лекин илмий асосда тахмин қилинадиган марказ бўлмиш самовий Шимолий қутб атрофида айланади. Қутб юлдузи юлдузлар айланадиган марказга энг яқин юлдуз бўлгани учун, унинг марказ атрофида айланиш доираси ниҳоятда кичик, қисқа ва у гўёки ҳаракатланмаётгандай туради. Туннинг қайси бир қисмида унга назар солинса, битта жойда турган бўлади. Қутб юлдузи турган жой Ер шарининг ҳам  шимол нуқтасидир. Ер шарининг шимолий қутби Қутб юлдузи билан бир чизиқда бўлади. Қутб юлдузини топган одам шимолни топган бўлади.

Қутб юлдузи – Катта айиқ, Кичик айиқ деган юлдузлар туркумидаги бир юлдуз. Бу туркум Чўмич юлдуз туркуми деб ҳам айтилади. Тунда юлдузларга назар солсангиз, осмонда худди чўмич шаклини эслатадиган етти дона юлдузга кўзингиз тушади. Чўмич юлдуз туркумидаги чўмичнинг дастаси томонидаги энг охирги юлдуз – Қутб юлдузи. У нисбатан ёруғ, равшан юлдуздир.

Мутахассисларнинг айтишича, Чўмич юлдуз туркумининг дастаси томонидаги икки охирги юлдузни хаёлий чизиқ билан бир-бирига улаб, чизиқни чўмичнинг ташқарисига яна давом эттирсангиз, чизиқ Шимолий қутб марказига боради. Оламнинг гўёки маркази, юлдузлар айланадиган марказ ўша ерда бўлади. Қутб юлдузи марказдан ярим ёки бир градус узоқликда туради.

Кундузи шарқу ғарб томонларни аниқлашга қийналган бўлсангиз, тунда шимолни шу услубда аниқлайсиз. Шимол томонни аниқлаганингиздан кейин бошқа учта томон ҳам аниқ бўлади. Шундай қилиб Макканинг сиз турган жойингизга нисбатан қайси томонда жойлашганини билиб, аниқлаб, ана шу томонга қараб намозингизни адо этишингиз мумкин.

 

Қуёш Каъбанинг устида турадиган лаҳза

Каъбатуллоҳ қайси томондалигини аниқлашнинг яна бир услуби бор. Мутахассисларнинг айтишларига қараганда, йил давомида Қуёш икки марта Каъбатуллоҳнинг устида турадиган лаҳзалар бўлади. Мана шу лаҳзани топган одам Қуёшга қараса, Каъба томонга қараган бўлади. Бу қачон бўлади? Бу ҳар йили 28 май ва 15 июль кунлари содир бўлар экан. 28 май куни Маккаи мукаррама вақти билан соат 12:17:52.8 сония (секунд) ўтган пайтда пешин вақти кирган бўлади ва Маккаи мукаррамада азон айтилади. 12дан 17 дақиқа 53 секунд (0.2 бўлагини қўшиб 53 секунд деб айтсак, осонроқ бўлар экан) ўтган пайтда Қуёш Каъбатуллоҳ устида турган бўлади. Шу пайтда Қуёшга қарасангиз, Каъбага қараган бўласиз. Шу томонни аниқлаб, белгилаб қўйсангиз, йил-ўн икки ой давомида  шу томонга қараб намоз ўқишингиз мумкин.

Бу ҳодиса иккинчи марта 15 июль куни соат 12дан 26 дақиқа 41 секунд ўтганда такрорланади. Шу пайт Қуёш Каъбатуллоҳ устида тик турган бўлади. Шу пайт Қуёшга қарасангиз, Каъба жойлашган томонни – қиблани топган бўласиз.

Бу қаерлардан кўринади? Кун очиқ, ёруғ пайти Европа, Африка, Осиё қитъалари, Австралия қитъасининг шимоли-ғарбий қисмида бемалол кўринади. Шарқий ярим шар, яъни Ер шарининг шарқ томонида кундуз бўлиб турган пайти ғарб томонида тун бўлади. У пайтда ғарбий ярим шарда кўринмайди, Америка томондан кўринмайди.

Шу кунни эсдан чиқармасдан ҳушёр бўлсангиз ва Маккаи мукаррама вақти билан ҳозир ўзингиз турган шаҳарнинг вақти ўртасидаги тафовутни аниқлаб олиб, шу соатда Қуёшга қарасангиз, Қуёш Каъбатуллоҳнинг устида турган бўлади. Сиз ўша пайтда Каъбани, қиблани аниқ белгилаб оласиз ва йил-ўн икки ой давомида шу томонга қараб намоз ўқисангиз, тўғри бўлади.

Валлоҳу аълам.

15 феврал 2008 йил, Швеция

https://t.me/islomovozi