Суннат намозларини тарк қилиш ҳукми
Шуҳрат исмли биродаримизнинг саволи:
“Мен Кореяда ишлайман. Алҳамдулиллаҳ, беш вақт намозни ўқиб юрибмиз. Баъзи ҳолатларда намоз вақти иш пайтига тўғри келгани учун қийинчилик пайдо бўлаяпти. Бошлиқлар намоз учун вақт беришмайди. Шундай қийин ҳолатларда намознинг суннатларини тарк қилиб турсак бўладими?”
Шайх Обидхон қори жавоблари:
- “Суннат”, “татоввуъ”, “нофила” – суннат ибодатларнинг номи;
- Суннат намозларининг фазилатлари;
- Бу намозларни тарк қилишнинг ҳукми қандай?
“Суннат”, “татоввуъ”, “нофила” – суннат ибодатларнинг номи
Суннат намозлари фиқҳ ва ҳадис китобларида “суннат”, “татоввуъ”, “нофила” деб номланган.
“Суннат” – “фарз”нинг муқобилидаги амал. “Фарз” – Аллоҳ буюрган ибодатлар, солиҳ амаллар бўлса, “суннат” – Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) томонларидан жорий қилинган, ўзлари амалда қилиб кўрсатган солиҳ амаллар, ибодатлар.
“Нофила”нинг луғавий маъноси “зиёда”дир. Шариатдаги маъноси эса “Аллоҳ буюрган фарзлардан ташқари зиёда, қўшимча равишда Расулуллоҳ жорий қилган амаллар”дир. “Татоввуъ”нинг маъноси эса – “инсон ўз ихтиёри билан бажарадиган ибодатлар”.
“Татоввуъ”, “нофила” ёки “суннат” деб аталадиган ибодатлар ибодатларнинг барча турларига тааллуқли. Хоҳ намоз, хоҳ рўза ёки бошқа ибодатлар бўлсин, барча ибодатларнинг мана шундай суннат, нафллари бўлади.
Суннат намозларининг фазилатлари
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи васаллам) айтдиларки:
ما من عبد يصلي لله كل يوم اثنتي عشرة ركعة تطوعاً غير فريضة إلا بنى الله له بيتاً في الجنة
“Қайси бир банда бир кеча-кундузда Аллоҳ Таоло учун фарз намозларидан ташқари 12 ракаат ихтиёрий намоз ўқийдиган бўлса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади”.
Бошқа ҳадисда эса: “Кимки бир кеча-кундузда 12 ракаат суннат намозини ўқишга астойдил бўлса, албатта, жаннатга киради”, – дедилар.
Бу ибодат нима учун жорий қилинган?
Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
إن أول ما يحاسب الناس به يوم القيامة من أعمالهم الصلاة
“Қиёмат куни инсонларнинг амаллари Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб қилинганда, энг аввал намоздан бошланади”.
Аллоҳ Таоло фаришталарга буюради: “Бандаларимнинг намозларини кўрингиз, мукаммалми ёки нуқсонлими?”
Фаришталар қарайдилар, фарз ибодатларини текширадилар. Агар фарз намозлари мукаммал бўлса, “мукаммал” деб ёзадилар. Агар нуқсонли бўлса, Аллоҳ Таоло айтади: “Энди сиз бандамнинг “татоввуъ”, яъни нафл ибодатлари борми-йўқми қарангиз”. Фаришталар инсоннинг суннат, нафл намозларига назар соладилар. Агар инсоннинг нафл, суннат намозлари мукаммал бўлса, чиройли ўқилган бўлса, ана шундан олиб фарз намозларининг нуқсонларини ёпадилар. Суннат намозлари мана шундай улуғ фазилатга эга! Фарз намозларининг ёнида (олдидан ёки кейинидан) ўқиладиган суннат намозлари мана шундай ҳикматлар билан жорий этилган.
Бу намозларни тарк қилишнинг ҳукми қандай?
“Фатҳул-қадир” китобида келтирилади:
“Агар инсон бу намозларни беписандлик билан, Расулуллоҳнинг сўзлари, тарғиботларига эътибор бермасдан, назарга илмаган ҳолда тарк қиладиган бўлса, куфр билан маъсият ўртасида бўлади”.
Инсон суннатни менсимаса, қаттиқ гуноҳкор бўлишдан ўтиб, ҳатто куфрга кетиб қолиш хавфи бор. Аммо ундай бўлмаса, у гуноҳкор бўлади. Инсон суннат намозларини доимо тарк этиб юрса, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
“Саҳиҳи Бухорий”да Талҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига бир инсон келиб, ислом аҳкомларидан хабар беришларини сўраган: “Бир одам Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига келди. Сочлари тўзғиган (яъни, саҳродан келган) бу инсон Пайғамбар (алайҳиссалом)дан исломда Аллоҳ Таоло буюрган амалларнинг хабарини беришни сўради. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) айтдиларки:
خمس صلوات في اليوم والليلة
“Аллоҳ бир кеча-кундузда беш маҳал намоз буюрган”.
Ҳалиги одам айтди:
هل علي غيره ؟
“Бундан бошқа яна бирор нарса борми менинг устимда?”
Расулуллоҳ дедилар:
لا ، إلا أن تطوع
“Йўқ, илло ўзинг ихтиёринг билан яна ўқишингдир”.
Ҳадиснинг давомида Пайғамбар (алайҳиссалом) рамазон рўзаси, закот ҳақида айтганлар ва бунда ҳам халиги одам сўраб турган:
“Менинг зиммамда яна бундан бошқа нарса борми?”– деб.
Айтилган шу ибодатнинг жинсидан, яъни: “Рамазон рўзаси фарз” деганларида, “Яна шу рўзадан борми зиммамда?”– деб сўради.
“Йўқ, фақат сен ўзинг “татоввуъ”, яъни ихтиёрий равишда, нафл равишда тутсанг бўлади”, – дедилар.
Бу сўзларнинг охирида халиги одам:
والله لا أزيد على هذا ، ولا أنقص
“Аллоҳга қасамки, мен мана шу айтилганига ҳеч бир нарса зиёда ҳам қилмайман, бундан камайтирмайман ҳам”, – деди.
Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам):
أفلح إن صدق
“Агар рост турса, бу одам албатта нажот топади”, – дедилар.
Бу ҳадисни келтириб, шофеий мазҳаби уламолари ва бошқа уламолар айтадиларки: “Инсоннинг зиммасига мана шу беш маҳал фарз намозларнинг ўзидан бошқа суннат ёки нафл намозлари фарз эмас. Агар инсон намозларнинг фарзини ўқиб, бошқа намозларни ўқимаса, гуноҳ бўлмайди”. Жумҳур уламолар мана шундай фикрни айтганлар.
Аммо юқорида келтирганимиз баъзи уламолар, жумладан “Фатҳул-қадир” соҳиблари ва бошқа ҳанафий мазҳаби уламолари: “Суннат намозларини доимий равишда ўқимасдан юриш гуноҳкор бўлишга олиб келади”, – дейдилар.
Инсон суннат намозларига бепарво бўлса, ялқовлик билан, узрсиз ўқимасдан юрса, суннатга беҳурматлик қилган бўлади. Охиратидан ташвишда бўлган инсон намозларини қай даражада ўқиётгани, намозларининг мукаммал ёки нуқсонли эканига эътибор бериши лозим.
Суннат, нафл намозларини купроқ ўқиган инсон катта имконият, ғаниматни қўлдан бой бермаган ва кўп фойдаларни олган бўлади. Унинг фарз намозларининг нуқсон, камчиликларига мана шу суннат, нафл намозлари, иншоллоҳ, каффорат бўлади, шуларнинг устини ёпади.
Мана шу юқоридаги сўзлар, “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадисдан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, агар иш жараёнида бошлиқлар намозга рухсат, вақт бермаётган бўлса, суннат намозларини ўқимай қолдирилса, гуноҳ бўлмайди, валлоҳу аълам.
11 март 2008 йил, Швеция
Podcast: Play in new window | Download