Инсоният бошига тушаётган балою офатларда мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги фарқ

Бўлимлар: Рисолалар

Бу дунё мусибатлар ҳовлисидир. Инсонлар – хоҳ мусулмон бўлсинлар, хоҳ ғайримусулмон – уларнинг гуноҳ-маъсиятлари кўпайгани сари устларида турли-туман балолар пайдо бўлиб, кўпайиб бораверади.

Бироқ, мусулмонларнинг бошларига тушадиган балолар уларнинг гуноҳлари шу дунёда ювилиб, Қиёматга покланиб боришларига сабаб бўлади. Бундай ютуқ ғайримусулмонларда, яъни кофирларда йўқ. Кофирлар бу дунёда кўрган балою мусибатлари етмагандай Охиратда яна дўзахга улоқтирилади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бизни мусулмон қилиб қўйгани учун эртаю кеч шукрлар айтиб чиқсак, бутун  умримизни ибодат билан ўтказиб юборсак ҳам камдир*.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 104-оятида марҳамат қилади:

{إِن تَكُونُواْ تَأۡلَمُونَ فَإِنَّهُمۡ يَأۡلَمُونَ كَمَا تَأۡلَمُونَۖ وَتَرۡجُونَ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا يَرۡجُونَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا}

«Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир»

(Шайх Муҳаммад Содиқ таржимаси)

 

Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«أمتي هذه أمةٌ مرحومةٌ ، ليس عليْها عذابٌ في الآخرةِ ، عذابُها في الدُّنيا ، الفتنُ ، والزلازلُ ، والقتلُ»

«Менинг бу умматим раҳм қилинган (унга доим Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлиб турадиган) умматдир. Бу умматга Охиратда азоб йўқ, унинг азоби шу дунёда – фитналар, зилзилалар, қатл этилишлар».

(Абу Довуд ривоятлари, саҳиҳ ҳадис)

* Бу дегани «тирикчилик қилиш, дунё ишларини бажариш керакмас» деганимас, асло. Балки шариатимизда дунё ишларини ҳам ҳалол йўл билан холис Аллоҳ учун бажариш улуғ ибодат ҳисобланади.

https://t.me/islomovozi