Қазо намозларига оид зарур аҳком ва эслатмалар
Абдулаҳад исмли биродаримиздан савол:
“Қазо намози ҳақида маълумот берсангиз. Биз олдинги ўқилмаган намозларни қандай ўқиймиз?
Шайх Обидхон қори жавоблари:
- Намозни вақтида ўқимаслик – улкан гуноҳ;
- Қазо бўлган намоз билан вақти кирган фарз ўртасидаги тартиб;
- Қазо намозлари орасидаги тартиб ва тартибнинг соқит бўлиши;
- Қолиб кетган намозлар кўп бўлса, қандай қазо қилинади?
- Қазо намозлари ҳақида уламоларнинг ибратли фикрлари.
Намозни вақтида ўқимаслик – улкан гуноҳ
Намоз – Аллоҳ таоло буюрган энг улуғ ва энг муҳим ибодат.
“Нисо” сураси 103-оятда Аллоҳ:
{فَإِذَا اطْمَأْنَنتُمْ فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ، إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا}
“Агар хотиржам бўлсаларингиз, бас, намозни барпо қилингиз. Намоз, шубҳасиз, мўминлар зиммасига ўз вақтида адо этилиши фарз қилингандир”, – деган.
Демак, намозни ўз вақтида адо этиш лозим. Намоз фарзларидан бири – вақт. Намоз вақтини тўғри топиб, билиб, намозни вақти келганида ўқиш керак. Намозни вақтидан олдин ўқиш ҳам, вақтидан кейин ўқиш ҳам мумкин эмас. Намозни вақтида ўқимаслик – гуноҳи кабира, ниҳоятда улкан гуноҳ. Намоз – мўминлик, мусулмонлик аломати.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон билан куфр ўртасида фарқ намоздир”, – деганлар.
“Раддул-мухтар” китобининг қазо намозлари ҳақидаги бобида ёзилади:
باب قضاء الفوائت لم يقل المتروكات ظنا بالمسلم خيرا
“Қолиб кетган намозларнинг қазоси ҳақидаги боб”да “Тарк қилинган намозлар” дейилмади (балки “Қолиб кетган намозлар” дейилди), чунки мусулмон одам ҳақида яхши гумон қилинади”.
Мусулмон одам намозларини қасддан тарк қилмайди, балки нимадир сабаб бўлиб намоз ўқилмай қолиб кетади.
إذ التأخير بلا عذر كبيرة لا تزول بالقضاء بل بالتوبة أو الحج
Чунки: “Намозни вақтидан кейинга қолдириш гуноҳи кабирадир. Бу гуноҳ намознинг қазосини ўқиш билан ювилмайди, тавба ёки ҳаж билан ювилиши мумкин”.
Намозни вақтидан ўтказиб юборган одам гуноҳи кабирага ботган бўлади. Намозни қазосини ўқиб бериш билан инсоннинг гуноҳи ювилмайди, фақат намоз қарзи соқит бўлади.
“Қазо” – “ўташ” дегани (“вафот этиш” ва бошқа маънолари ҳам бор).
Инсон намозни вақтидан кейин ўқиса, намозни ўтаб қўйган, елкада қолган қарзни адо этган бўлади. Савоб бўлмайди ва гуноҳдан қутулмайди. Гуноҳдан қутулиш учун алоҳида тавба қилиш ёки “ҳажжу мабрур” – барча гуноҳлар ювилишига сабаб бўладиган ҳаж қилиш керак.
Қазо бўлган намоз билан вақти кирган фарз ўртасидаги тартиб
Қазо бўлган фарз намозлари билан вақти кириб турган фарз намози ўртасидаги тартиб қандай бўлиши керак?
Пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи васаллам)дан Бухорий ва Муслимда ривоят қилинган ҳадис:
من نسي صلاة أو نام عنها فكفارتها أن يصليها إذا ذكرها
“Кимки бирор намозни эсдан чиқарса ёки ухлаб қолиб, ўқимай қолдирса, бунинг каффорати шуки, эсига тушиши биланоқ ўқиб олсин”.
Атайлабдан, қасддан ўқимай қолдириш – алоҳида масала. Қасддан ўқимай қолдиришни уламолар кофирликка боғлаганлар (наъузу биллаҳ). Эсдан чиқариб, ухлаб қолиб ўқимай қолса, эсига тушиши биланоқ дарҳол ўқиб олсин, дейилган бу ҳадисда. Демак, мана бу ҳадисга кўра, намознинг тартиби бўлиши керак.
Уламолар:
الترتيب بين الفوائت وبين فرض الوقت واجب
“Ўқилмоқчи бўлиб турган, ҳозир вақти кириб турган намоз билан қазо бўлиб ўқилмасдан ўтиб кетиб қолган намознинг вақти ўртасида тартиб бўлиши керак”, деганлар.
Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий уламолар: “Тартиб шуки, қазо қилган намозингиз эсингизда турган бўлса, уни дарҳол ўқиб олишингиз керак”, – дейдилар. Аввал ўтган, ўқилмай қолган намозни ўқиб олиш керак, кейин вақти кириб турган, навбатдаги фарз намозини ўқиш керак.
“Бадоиъус-саноиъ” китобида:
فكان أداء الوقتية قبل قضاء الفائتة أداء قبل وقتها
“Олдинги қазо бўлган намозни ўқимасдан туриб, ҳозир вақти кириб турган намозни ўқиш – уни вақтида ўқимасликдир. Намозларнинг тартиби бўлиши керак. Шунинг учун бу жоизмас”, – дейилган.
Қазо намозини олдин ўқиш керак, кейин эса вақти кирган намоз ўқилади.
Намоз тартибларини сақлашнинг шарти бор:
إذا كانت الفوائت يسيرة
“Агар қазо бўлган намозлар озроқ бўлса, ана шундай тартибга риоя қилиш шарт бўлади”.
Қазо бўлган намозлар беш маҳал намоз бўлса, оз ҳисобланади ва уларни тартиб билан ўқиб олиш шарт. Агар қазо бўлган намозлар кўпайиб кетган – олти вақт ёки ундан кўп – бўлса, тартиб фарз бўлмайди. У ҳолда инсон ўзи бир имконият топиб, қачон бўлса ҳам ўқиб олиши мумкин.
Қазо намозлари орасидаги тартиб ва тартибнинг соқит бўлиши
Шу билан бир қаторда, қазо бўлган намозлар орасида ҳам тартиб бўлиши лозим. Қазо бўлган намозлар олдин бамдод, кейин пешин, аср, шом, хуфтон – мана шу тартибда ўқилиши лозим. Намозларнинг сони кўпайиб кетган бўлса, унда бу ерда ҳам тартиб соқит бўлади. У ҳолда инсон қазо бўлган намозларини имкониятига қараб ўқийвериши мумкин.
“Туҳфатул-фуқаҳо” муаллифи:
“Агар намозлар кўп бўлиб кетган бўлса ёки намоз вақти жуда ҳам тор бўлиб қолган бўлса (яна эсдан чиқариб қўйган бўлса), тартиб соқит бўлади”, – дейдилар.
Агар қазо намозини ўқийман десангиз, фарз намозининг ҳам вақти чиқиб, бу ҳам қазо бўлиб кетадиган бўлса, унда сиз ҳозирги намозни ўқиб оласиз, кейин эса қазо намозларини ўқийсиз. Қазо намозларингиз жуда ҳам кўпайиб кетган бўлса, тартибга мурожаат қилишга умуман ҳожат йўқ. Хоҳласангиз бу тарзда, хоҳласангиз бошқача тарзда намозингизни ўқишингиз мумкин.
Қолиб кетган намозлар кўп бўлса, қандай қазо қилинади?
“Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ” китобида:
إذا كثرت سقط الترتيب حتى لو قضى ثلاثين فجرا ثم قضى ثلاثين ظهرا ثم قضى ثلاثين عصرا جاز
“Агар қазо намозлари кўпайиб кетган бўлса, тартиб соқит бўлади ва бунда инсон масалан, ўттизта бамдод намозини, ўттизта пешин намозини, яна ўттизта аср намозини кетма-кет қазо қилса, олдин ўттизта бамдод намозини кетма-кет ўқиб, кейин ўттиз марта пешин намозини, кейин ўттиз марта аср намозини ўқиса ҳам жоиз”, – деб ёзадилар.
Хоҳласин, бундай қилсин. Хоҳласин, эрталаб бамдод ўқиганидан кейин қолган бамдодни ўқисин бир маҳал ёки икки маҳал. Пешинни ўқигач, ўқилмаган пешин намози фарзи қазоларини ўқиши мумкин. Асрни ўқиб бўлиб эса асрнинг қазоларини ва ҳоказо. Инсон қазо намозларини ўзининг имконияти, шароитига қараб ўқийди. Намоз ўқиш макруҳ қилинган вақтлардан (эрталаб бамдоддан кейин то кун чиққунга қадар, асрдан сўнг то кун ботгунга қадар ва пешинда қуёш тикка келган, тик турган пайт) сақланади.
Уламолар: “Қазо намозларининг вақти ва ададини ҳам билиш лозим бўлади”, – дейдилар. Ўтган, ўқилмай қолган намозлар қанча ва қайси намозлар эканини инсон англаши ва ҳар бирини адо этиши лозим. Қазо қилинган намозларнинг энг охиридан бошлаб санаб ёки энг аввалидан бошлаб санаб ўқиши ёки яна бошқача қилиши ҳам мумкин. Қандай тарзда бўлса ҳам, қазо намозлар: “Ҳаммасини буткул ўқидим, зиммамдан соқит қилдим” деб кўнгил хотиржам бўладиган ҳолда ўқилиши керак.
Қазо намозлари ҳақида уламоларнинг ибратли фикрлари
Мана шу ўринда қазо намозлари ҳақида баъзи уламоларнинг фикрларини ибрат учун келтирамиз:
فإن العلماء اتفقوا على وجوب القضاء على الناسي والنائم مع عدم الإثم
“Инсон намозни эсдан чиқариб ёки ухлаб қолиб ўқиёлмай қолган бўлса, у албатта қазо қилиши лозим ва бунга гуноҳ ёзилмайди”.
Эсдан чиқарганга ва ухлаб қолганга гуноҳ йўқ. Лекин атайлаб, уйқучи бўлиб ухлаб қолса, бепарволиги, беғамлиги, ялқовлигидан ухлаб ётаверса, албатта, гуноҳ бўлади. Лекин инсон баъзан беихтиёр ухлаб қолиб намозини ўтказиб юборса, унда гуноҳ ёзилмайди.
Мана шундай ухлаб қолиб, эсдан чиқариб намозни қазо қилган одамлар, албатта, намозни ўқишлари вожиб эканлигида ҳеч ким шубҳа, ихтилоф қилган эмас.
وإنما وقع الخلاف في قضاء الصلوات المتروكة عمداً
“Уламолар ўрталарида: “Намозларни қасддан, узрсиз тарк қилган одам намозни қазо қиладими ёки йўқми?” деган масалада ихтилоф бўлган”.
Аммо жумҳур уламолар, барча тўрт мазҳаб улаолари ичларида бу масалада ихтилоф йўқ. Улар: “Инсон агар қасддан, узрсиз намозни ўқимай қолган бўлса, уни албатта қазо қилади”, – дейдилар.
Бироқ (!) бу ерда эътиборли бир нуқта бор:
وذهب بعض أصحاب الشافعي إلى أن الصلاة المتروكة عمداً لا يجب قضاؤها
“Шофеийлардан бир гуруҳ уламолар: “Қасддан, узрсиз тарк қилинган намозларни қазо қилиш вожиб бўлмайди”, – деганлар.
ولا تقبل ولا تصح لأنها صليت في غير وقتها
“Вақтидан ўтказиб ўқилган намоз қабул ҳам бўлмайди, саҳиҳ ҳам бўлмайди, чунки у вақтида ўқилмади. Намознинг таъхири (вақтидан ўтказилиши) шаръий узрсиз қилиндими, у қабул бўлмайди”.
Мана шу сўз баъзи уламолар томонидан ижтиҳод қилиб айтилган. Ояту ҳадисларни ўргангандан кейин мана шундай хулосага келган уламолар ҳам бўлганлар.
Буни айтишимизнинг сабаби нима? Намозга эҳтиёт бўлиш лозим! Бу – намозни тарк қилиш мумкин эмаслигига бир ҳужжат.
Кўпчилик уламолар: “Намозни қандай бўлса-да, тарк қилган инсон уни қазо қилиши вожиб”, – деган бўлсалар-да, лекин ораларидан баъзилари: “У намоз энди қабул бўлмайди”, – деганлар. Бу сўзлар огоҳликка олиб бориши керак. Намозни ўз вақтидан қолдириш ниҳоятда улкан гуноҳ эканлигини эсимиздан чиқармаслигимиз керак.
Муҳаммад ибн Ҳазм:
وأما من تعمد ترك الصلاة حتى خرج وقتها فهذا لا يقدر على قضائها أبدا
“Намозни қасддан вақтидан чиқариб юборган, ўқимаган инсон энди у намозга абадулабад эга бўла олмайди”, – деб ёзганлар.
فليكثر من فعل الخير، وصلاة التطوع؛
“Энди у одам кўп-кўп яхши ишлар қилсин. Нафл намозни кўп-кўп ўқисин”. Токи, қиёмат куни тарозуси оғирроқ бўлсин. У одам кўп тавба қилсин. Аллоҳ (азза ва жалла)га кўп-кўп истиғфор айтсин. Чунки у энди ўқиёлмайди ўша намозни, кетиб қолди у намоз. Энди уни орқасидан ўқиса ҳам, у неча марта қазо қилиб, такрор ўқиса ҳам, фойдаси йўқ, деган сўзларни айтган уламолар бўлган.
Биз бу сўзларни тасдиқлаб: “Шу – тўғриси!” деб айтаётганимиз йўқ.
Биз жумҳур уламоларнинг сўзларини айтамиз: “Нима бўлиб қолиб кетган бўлса ҳам, намознинг қазосини ўқиш керак, тўғриси – шу!”– деймиз.
Уламоларнинг: “Қазосини ўқиганинг билан у намоз қабул бўлмайди” деган сўзи инсонни тушкунликка тушириши эмас, балки огоҳ бўлишга чақириши керак. Баъзи уламолар: “Ўқилмаган намозни ўқиб қўйиш билан иш битмайди, мақсад ҳосил бўлмайди” деган эканлар, мана шундай сўзлар ҳам бор экан, деб инсон намозини ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Намоз масаласи – ниҳоятда муҳим. Намоз вақти келганда ҳар қандай ишдан тўхташ лозим. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ берсин, бу ибодатни ўз вақтида бажо этишга муваффақ айласин.
2 март 2008 йил, Швеция
Podcast: Play in new window | Download