Қисмат кўзгуси 22-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримизнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида бошидан кечирган синовли кунлари ва ундан олинадиган ибратлар силсиласи
Якуний қисм:
Мухтасар ҳикоямнинг охирида ана шу мавзуга қўл урганим уларни беҳуда айбламаслигингиз учундир. Биз ҳам жонга қасд қилиш мумкин эмаслигини биламиз, улар ҳам билар эдилар…
Зонада 28-30 ёшлардаги бир йигит бўларди. Чиройли юзли, кўзлари кўкка мойил бу йигит мудом ўйчан юрарди. Ортиқча гапирмас, буюрилган ишни жимгина бажарар ва ҳеч кимга юрагини очмас эди. Иккинчи смена ишчилари ишдан қайтадиган пайтда, яъни тунги соат 12 ларда ўша бола юзини бушлат билан тўсиб печка ичига кириб кетди…
Тўс-тўпалон, бақир-чақирдан кейин уни печка ичидан вагон билан тортиб чиқаришди. Одам ёнса, ғалати эриб оқар экан. Хуллас, ғиштга ёпишган қисми, яъни елкасидан бошқа ҳеч аъзоси ўз шаклида қолмаган. Боладан қолган-қутган қисмларни йиғиб-териб кўмиб юборишди.
Орадан бир йил ўтиб, яна бир маҳбус ўз жонига қасд қилди. Ёши 40-45 лардаги одам эрталаб ишга келгач ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан баланд темир устунга чиқиб, бушлати ва телпагини ечиб қўйиб, ўзини пастга ташлади. 25 метрлар чамаси баландликдан заранг ерга қаттиқ урилиб жон берди. Тағин юмшоқ тушиб, ўлмай қолмаслик учун бушлати ва телпагини ечиб қўйган экан.
Зоналарда сиёсий маҳбуслар алоҳида кузатув остида бўлади. Айрим жойларда кеча-ю кундуз ёнида битта кузатувчи билан юради. Баланд томлар ва устунлар атрофи қўриқланади. Бироқ, шунча тўсиқни енгиб кимлардир ўз жонларига қасд қилишга уринади ва кўпинча буни уддалайдилар. Баланд томлар ёки устунларга чиқиб олганлар баъзан ичидаги бор гапни гапириб, сўнг ўзларини пастга ташласалар, кимдир ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан жонига қасд қилади. Бировлар тикка пастга учса, кимдир ўзини тескари қараб ерга отади. Ўзини осадиганлар, ойна синиғи ёки соқол оладиган олмос билан томирини кесувчилар бўлади.
Берилган жазо муддатини тўлиқ ўтаб бўлса ҳам яна қўшимча муддат билан бошқа зонага кетишини билгани сабабли, жонга тегиб кетган хорлик, совуқ, очлик ва калтак азобига дош беролмаган умидлари чилпарчин шўрпешоналар ана шундай ишларга қўл уришади.
Кимнингдир ишини муҳокама қилиб, хатосини топиш осон. Менимча, бизнинг вазифамиз уларга ҳукм чиқариш эмас, балки ўзимиз учун тўғри хулоса ва ибрат олишдир. Улар нима қилган бўлсалар, яхши ёки ёмон мукофотига эришдилар. Бизни нима кутиб турибди, қай ҳолатда жон таслим қиламиз, қабр ва охират ҳаётига тайёрмизми, умуман, бордиган еримизга нима ҳозирладик…
Аллоҳ барчамизнинг оқибатимизни хайрли қилсин. Сўзимиз сўнгида Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб қоламиз.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Калвак Махзум
8 октябрь 2018 йил