Қисмат кўзгуси 21-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримизнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида бошидан кечирган синовли кунлари ва ундан олинадиган ибратлар силсиласи
21-қисм:
… Ўзингиз инсоф билан ўйлаб кўринг, беҳуда ғам ва дийдиёлар сизнинг соғлиғингиз ва обрўингизга тикланмайдиган нуқсонлар келтирмаганми?! Наҳот ўзингизга ўзингизнинг раҳмингиз келмаса?!
Дин-диёнатдан мутлақо бехабар кимсалар ана шу дарсни ўзлаштирган бўлсалар, ҳамма нарса Адолатли Тақдирда Одил Зот томонидан азалда битиб қўйилганини эътироф этадиган мусулмонлар нега бу қадар безовталар? Бахт ёки бадбахтлик, ризқ ва ажал ёзиб қўйилган, саҳифалар қуриган, қаламлар кўтарилган деб қатъий ишонган солиҳ инсонлар наҳот шундай ҳаёт кечирганлар?!
* * *
Юқорида зикр қилинган мавзуларга оид бир ёки бир нечта оят келтирмоқчи эдим. Ўйлаб қарасам, Улуғ Китобни тўлиқ кўчириб чиқишим керак экан. Сабаби, ҳар қандай мусибат, хорлик ва талафот нима учун бизнинг бошимизга ёғилиши у ерда такрор-такрор баён этиб қўйилган. Қўлларида ана шундай Улуғ Китоби ва Покиза Суннати бўлган миллатнинг бу аҳволга тушишининг ўзи ғалати. Мен мағлублик ёки маҳбуслик ҳақида гапираётганим йўқ. Ана шу мағлубият ва маҳрумиятнинг ичидаги мағлубият ва маҳрумият ҳақида айтаяпман. Мўмин ҳеч қачон ютқазмайди. Аслида ғолиб ёки тўқ ҳолатидан кўра мағлуб ва маҳбус ҳолатида у янада юксакроққа кўтарилади.
Токи тирик эканмиз, ҳали вақт бор. Жон ҳалқумга келиб, ғарғара бошлангунга қадар тавба-тазарру қилиб, истиғфор айтишимиз учун имконият мавжуд. Эрта қиёматда бир марта истиғфор айтишга, бир бор саждага бош қўйишга зор-зор бўладиганлар қанча?! Аслида юқоридаги мавзуларни баҳоли қудрат ёритишдан мақсад ҳам шу: ожизлигимизни, гуноҳларимизни, дунё ҳаётини охиратдан яхшироқ кўришимизни, қўрқоқлигимизни эътироф этиб тавбалар қилайлик, истиғфорлар айтайлик. Ҳеч кимни қораламоқчи эмасмиз. Ҳаммамиз ожиз, хатокор бандалармиз.
Кечаги қоронғи кунларда сабр қилмоқ ҳар қалай осонроқ эди. Чунки, дўст аниқ, душман аниқ, ўзингизнинг аҳволингиз ҳам сир эмас. Бемалол кунлар келганида дўст-душман, рост-ёлғон аралашиб кетади. Ҳатто ўзимизни танимай қолиб, турли хомхаёлларга берилиб кетамиз. Демак, енгил кунлар янада хатарлироқ экан. Ўтганлар ҳаётидан маълум ҳақиқат шуки, оғир кунларда собит турган айрим кишилар енгил кунларда ўзгариб қолганлар.
* * *
Зоналарда ғишт пиширадиган печкаларни маҳбуслар яхши билишади. Умуман, улар турлича кўринишда бўлса-да, вазифаси бир хил. Узунлиги тахминан 200 метрга чўзиган, рельс ўрнатилган, икки тарафдан олов пуркаб ёнадиган узун печка. Ғишт тахланган вагонлар бир томондан кириб, иккинчи томондан пишиб чиқади. Тахминан 34-35 та вагон сиғади. Вагонларга икки ярим минг донадан ғишт терилган. Ўрта очиқ қолдирилиб, вагоннинг икки четидан ғишт териб кўтарилади. Ана шу печканинг ўртаси 1000 градус иссиқ бўлади.
Бу ерда ғишт пиширадиган печканинг таърифини келтиришдан мақсад шуки, айрим жонидан тўйган, хаёли қочган маҳбуслар ўзларини печкага ташлаб жонларига қасд қиладилар. Қуйида ана шундай ҳолатлардан бир-иккитасини санаб ўтмоқчиман. Мухтасар ҳикоямнинг охирида ана шу мавзуга қўл урганим уларни беҳуда айбламаслигингиз учундир. Биз ҳам жонга қасд қилиш мумкин эмаслигини биламиз, улар ҳам билар эдилар…
(Навбатдаги қисм билан ушбу рисолага якун ясалади)
Муаллиф / Калвак Махзум