Қисмат кўзгуси 20-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримизнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида бошидан кечирган синовли кунлари ва ундан олинадиган ибратлар силсиласи
20-қисм:
Одам боласини ноқулай ҳолатга солиб қўядиган, хорлайдиган омилларнинг бири зулм-зўравонлик бўлса, иккинчиси ўзгаларнинг “ҳайбаракалла”си билан бўлади. Биз айрим номъақул ишларни мажбурликдан, айримларини эса ўзгалар қаршисида сохта обрў топиш учун қилиб кетамиз. Аслида, бировларнинг кўриши учун қилинган амал ҳам мажбурликнинг бир туридир. Аллоҳ риёни нима учун ширкка тенглаштирганини мазлум ҳолингизда тез тушуниб етасиз.
Сиз ҳеч ким қилолмайдиган ёки қилмаган ишга қўл урсангиз, бирпасда шуҳрат топасиз. Атрофингизда шов-шув кўтарилади ва бу шов-шувлар ўзингизга ҳам ёқади. Маҳбусликнинг озодликдан фарқли томони, мукофот ҳам, жазо ҳам узоқ куттирмайди. Ҳуллас, ҳамманинг оғзига тушган қаҳрамоннинг оғир кунлари бошланганда унинг атрофида ҳеч ким қолмайди. Кеча уни кўкларга кўтариб мақтаган ва янги-янги жасоратларга ундаган оломон бугун унинг ожизлигини масхара қилиб, тўрт томонга гап тарқатади. Бу тоифанинг ўзи ҳеч иш қилмайди. Уларнинг ягона ишлари аввал мақтаб, бор-йўқ эсингиздан айиради, жавоб берадиган кунлар келганида эса сизни ёрдамсиз ташлаб қўйиб, ҳар қандай ожизлигингизни атрофга ёяди.
Ташвиқотдан руҳланиб қалтис ишга қўл урган, оқибатда ана шундай ҳолатга тушган соддани зонада “торпедо” деб аташади. Сизни торпедо қилмоқчи бўлган кимсалар ҳар ерда ва ҳар қандай тоифа орасида истаганингизча топилади. Ўз йўлларидан келиб чиқиб баъзан диний, баъзан дунёвий масалада баландпарвоз маърузалар ўқишади. Муродлари ҳосил бўлиб, сизни тубсиз жарликка улоқтирганларидан сўнг, бошқа бир лақма қаҳрамонни излаб кетишади.
Ҳаётимизнинг қайси фаслида туриб, қайси хайрли ишга қўл урмайлик, фақат Ўзининг Юзи учун қилайлик. Зеро У Зот одамлардан фарқли равишда ҳеч қачон бизни ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Бир оҳ тортишингиз билан раҳм-шафқатга кўмиб ташлайди. Энг оғир ва муҳим ишлар Унинг кўмаги билан амалга ошади, ана шу ишларнинг ҳамма шон-шуҳратини сизга қолдиради. Ана шундай Меҳрибон Зотдан юз ўгириб, ҳатто ҳимматларида ҳам нотавон бўлган кимсалардан умид қилмоқ ҳақиқий нодонликдир.
* * *
Ҳеч ким эртага уни нима кутиб турганини билмайди. Ҳатто қўлга киритган фойдаси унинг яхшилиги ёки ёмонлигига хизмат қилиши ҳам номаълум. Узоқ муддат маҳбусликнинг аччиқ нонини еган мазлум – диндор ёки даҳрийлигидан қатъи назар – юқоридаги ҳақиқатни ўзига сингдириб олади.
Йиллар давомида жонига ва молига саноқсиз зиён-заҳматлар кўргани боис, унда файласуфона босиқлик шаклланади. Масалан, умумий тинтув пайтида энг зарур ёки қадрли нарсасини йиртиб-йўқотиб ташласалар, – бунақа ҳодиса тез-тез такрорланиб туради, – тажрибали маҳбус йўқотган буюмига аза тутиб, куйиниб юрмайди. У қолган-қутган буюмларини саришта қилиб, бутун эҳтиёжини мавжуд нарсалари билан қондиришга ҳаракат қилади. Беҳуда оҳ-воҳдан ҳеч қандай фойда йўқлигини билгани боис ўтган талафотни тез унутади.
Мазлумликда деярли ҳар куни учраб турадиган нохуш ҳолатлар: ширин уйқунинг бузилиши, мажбурий йиғинлар, хорлик ва ноҳақ калтакланишлар ҳам кўпни кўрган мазлумнинг асаб толаларини узиб ташламайди. Унга сира ёқмаса-да, ўзга чораси йўқлигини билгани боис энг тинч ва тўғри йўлни танлайди. Қайсидир расмий ёки норасмий золимдан калтак еган ёхуд хорлик кўрган маҳбус дийдиё қилишни бошласа, ундан “Нега ўша пайтда муносиб жавоб қайтармадинг?” деб сўрашади. Табийки, у бундай иш қўлидан келмаслигини турли йўсинда тушунтира бошлайди. Шунда айтадилар:
– Агар ўзингни ҳимоя қилиш қўлингдан келмаса, ўтган ишни эслаб, дийдиё қилиб ўзингни ҳам, бизни ҳам қийнашингдан не наф? Ичингдаги шунча гапни ўшаларга айтишинг керак эди.
Биз кўрган талафот худди шу талафот учун чеккан ғам-аламимиз зараридан улканроқ бўлмайди. Ўзингиз инсоф билан ўйлаб кўринг, беҳуда ғам ва дийдиёлар сизнинг соғлиғингиз ва обрўингизга тикланмайдиган нуқсонлар келтирмаганми?! Наҳот ўзингизга ўзингизнинг раҳмингиз келмаса?! …
Давоми бор…
Муаллиф / Калвак Махзум