Қисмат кўзгуси 19-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримизнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида бошидан кечирган синовли кунлари ва ундан олинадиган ибратлар силсиласи

19-қисм:

Дунёда ҳеч ким тутқунлар каби туш таъбирига ўч бўлмаса керак. Ташқи оламдан бутунлай узиб қўйилган ғарибларнинг сўнгги илинжлари тушдир. Жон-жонларига тегиб кетган хор ҳаётларини унутиб, бир неча сонияга бўлса-да, ўзлари истаган ҳолатга фақат тушларида етишганлари учун маҳбуслар ўз тушларини жуда қадрлашади. Бекорга “фақат тушингда кўрасан!” дейишмас экан-да.

Деярли ҳамма ўзининг тушини фақат яхшиликка йўйиб чиройли шарҳлаб берадиган “Юсуф”ни қидириб топади. Солиҳ тушларнинг салоҳиятли таъбири ва таъсирини биз ҳам эътироф этамиз. Бироқ, маҳбуслар орасида туш эътимодли ҳужжат мақомида туради. Тушлар оғиздан-оғизга кўчиб кўп суҳбатларга мавзу бўлади. Нафақат тушлар, балки ҳар қандай аломат беэътибор қолдирилмайди. Зона тепасидан самолёт уч-тўрт маротаба кўпроқ учиб ўтса, ана шундан ҳам бирон маъно ўйлаб топишади. Эҳтимол, ҳеч қачон маҳбуслик аламини тотиб кўрмаган кишига бир оз эриш туюлар, лекин аксарият сиёсий маҳбуслар самолётларнинг одатдагидан кўпроқ учиб ўтганига ҳам сиёсий тус бериб сиёсий шарҳлашади.

Тушимда кўрибмен, шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал.

* * *

Эмин-эркин юрган одам кўп нарсанинг туб моҳиятини англаб етмайди. Очлик, зулм, хорлик, муҳтожлик, қарамлик, қўрқув, соғинч ва дард-алам каби бир қанча оғриқли азоблар аслида нечоғлик оғир кечишини ихтиёри қўлида бўлган инсон ҳис қила олмайди.

Турманинг ер-ости камераларида сиёсий маҳбусларни ҳар хил ҳақоратли ҳолатлар қарши олади. Калтаклаб, азоблаб чарчаган золимлар ва уларнинг “кўнгилли” ёрдамчилари кимнидир ҳўроз бўлиб қичқиришга, кимнидир ит бўлиб вовуллашга, хуллас сигир, қўй каби ҳайвонларга тақлид қилиб овоз чиқаришга мажбур қилишади. Зулмдан зериккан маҳлуқлар турли шармандали эрмакларни ўйлаб топишади. Узун коридорда яланғоч маҳбусларни илон бўлиб судралишга мажбур қилиб, уларнинг тепаларидан кулиб томоша қилишади. Калтаклардан юраги ҳам, танаси ҳам безиллаб қолган оч-яланғоч ҳимоясизлар яна азобга дучор бўлмаслик учун золимлар кўнглини овлаш илинжида берилиб чувалчангдек ерда судралишади. Қорни ва кўнгли тўқ бир гуруҳ эса бундан олам-олам завқ олишади. Мазкур икки тоифанинг ҳам бир жинсдан – одам болалари эканига ишониш қийин бўлади. Ахир ҳеч қайси йиртқич ҳайвон бу қадар тубанликка бормайди.

Одам боласини ноқулай ҳолатга солиб қўядиган, хорлайдиган омилларнинг бири зулм-зўравонлик бўлса, иккинчиси ўзгаларнинг “ҳайбаракалла”си билан бўлади. Биз айрим номаъқул ишларни мажбурликдан, айримларини эса ўзгалар қаршисида сохта обрў топиш учун қилиб кетамиз. Аслида, бировларнинг кўриши учун қилинган амал ҳам мажбурликнинг бир туридир. Аллоҳ риёни нима учун ширкка тенглаштирганини мазлум ҳолингизда тез тушуниб етасиз.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi