Қисмат кўзгуси 18-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримизнинг Ўзбекистон қамоқзоналарида бошидан кечирган синовли кунлари ва ундан олинадиган ибратлар силсиласи
18-қисм:
“Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир!” деган ҳадиси шариф бор. Мана шу ривоятни зиндонда эканимизда кўп ўйладик. Тутқунликда турли йўллар билан ўзларига яхши шароит яратиб олган зонанинг “эркатой болалари” ҳам қачон озодликка чиқишларини кунма-кун ҳисоблаб кутиб яшашади. Сабаби, улар ҳар қанча яхши аҳволда бўлмасинлар, озодликдаги имкониятлар ва неъматлар қаршисида мазкур имтиёзлар ҳеч нарса эмаслигини жуда яхши билишади.
Тўғри, бу дунёда мўмин ҳалол-ҳаромнинг ҳисобини олиб, қўрқиб яшайди. Тўғри, унга аталган жаннат олдида дунёнинг энг яхши ҳолати ҳам зиндондек бўлиб қолади. Мени бошқа нарса ўйлантиради. Тутқунликда яъни, зиндонда яшаётган маҳбуслар озодликка ҳамиша интилиб, кутиб кун кечирадилар. Уларни қандай имконият ва ноз-неъматлар кутиб турганига аниқ ишонганлари боис озод бўлиш учун ҳамма нарсага тайёрлар. Агар мен мўмин, дунё эса зиндоним бўлса, нега мен озодликни сира орзу қилмайман. Нега абадий роҳат-фароғатни эмас, ўзимнинг қадрдон кишанларимни кўпроқ яхши кўраман! Мана, кўз олдимда зонани зиндон, кўчани жаннат деб ишонган минглаб одамлар ўз “жаннатларига” қанчалар ҳарислар. Агар ярим тунда улардан бирини ширин уйқудан турғизиб сўрасангиз ҳам, қамоқ муддати қачон тугашини тутилмай айтиб беради. Бу ерда вақтинча яшаётганига аниқ ишонгани учун ўзининг жаннати-озодлиги йўлида ҳар қандай қурбонлик ёки пасткашликка рози! Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани юз хотир қилиб ўтирмайди. Нега мен ҳақиқий озодик ва абадий неъмат масаласида бунча сусткаш, совуққонман? Оддий одамлар ўзларининг оддий озодликларига ҳарис бўлганларидек, ўзимнинг олий озодлигимга муҳаббатим ҳам, талпинишим ҳам йўқ. Нима, мен Энг Содиқ сўзга ишонмайманми?! Ишонсам, нега амалда ҳеч қандай натижаси кўринмайди?! Ахир ҳамма бало, мусибатимнинг аввали шу эмасми?! Энг ёмони, мен ўша ҳақиқий озодликка нафақат интилмайман, балки уни ёмон кўраман!
* * *
Маҳбуслар яқинларидан бир хабар – мактуб кутиб яшайдилар. Қанча эрксизларнинг фарзандлари, оналари ёки аёллари ёзган хатни ўқиб, йиғлаб ўтирганларини кўрганман. Хатда деярли ҳеч қандай ортиқча нарса бўлмаса ҳам яқин кишисининг сўзи, дастхати одамнинг дилини юмшатиб юборади. Бу қўланса, ишончсиз ва бераҳм муҳитда сиз ишонган ва сизга ишонадиган азизларингизнинг бир оғиз сўзи қанчалар қадрли?! Юқоридаги ҳолатларни кузатиб яна хаёлингизда ўзгача саволлар пайдо бўлади: Одамлар ўзлари яхши кўрган ва тўлиқ ишонган яқинларининг мактубларини ана шундай кўзда ёш, кўнгилда қуёш билан ўқирканлар-да? Унда нега биз ҳаммадан ишончли, яқинроқ ва меҳрибон бўлган Улуғ Зотнинг бизга ёзилган Қутлуғ Мактубини ишонч ва қувонч билан, соғиниб, йиғлаб ўқимаймиз?! Оддий инсонлар оддий яқинларининг оддийгина бир парча мактубига қанчалар эътибор ва эҳтиром кўрсатишади. Қани менинг Буюк Каломга бўлган ҳурматим ва муҳаббатим?! Нега мен муздек қалб, паришон хаёл билан аҳёнда Унга шунчаки кўз ташлаб қўяман?! Ҳа, чунки мен Уни яхши кўрмайман. Нечоғлик уятли ва оғир бўлмасин, қалбимда бошқа нарсаларга аталган муҳаббат, ишонч ва табиики, талпиниш кучлироқ бўлгани боис қалбим қаттиқ, кўзим қуруқдир. Авваллари, оятлар мазмунини тушунмаганим учун шундай бўлади деб ўйлардим. Кейин билсам, муҳаббат йўқлиги боис инсон бефарқ ва совуқ турар экан. Қаҳри қаттиқ махкумлар яқинлари ёзган мактубни ўқиганларида тушунганлари учун эмас, яхши кўрганларидан кўз ёш тўкишади. Аслида, бу хатларда тушунадиган нарсанинг ўзи бўлмайди. Мана, мен тушунсам ҳам, ишонсам ҳам ўзимда ўзгариш сезмаяпман-ку. Рост айтадилар; агар Қуръон ўқиб йиғлай олмаётган бўлсангиз, ана шу аҳволингизга йиғланг!
* * *
Дунёда ҳеч ким тутқунлар каби туш таъбирига ўч бўлмаса керак. Ташқи оламдан бутунлай узиб қўйилган ғарибларнинг сўнгги илинжлари тушдир.
Давоми бор…
Муаллиф / Калвак Махзум