Қисмат кўзгуси 17-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

17-қисм:

… Сиёсий маҳбусларга “ломка” – умумий жазолаш тадбири ўтказиб турилади. Биродарларни ШИзога олиб кириб, сайр хоналари-прогулкаларга қамайдилар. Баҳайбат овоз кучайтиргичлар орқали мусиқани баланд қилиб қўйиб, ҳимоясиз шўрликларни битта-битта олиб чиқиб, бир гала “тарбиячи” резина калтаклар билан савалайдилар. Қайсидир қўшиқнинг авж пардалари остида мазлумларнинг оҳ-фарёдлари эшитилмай кетади.  Умуман олганда, бу ҳолатни сўз билан ифодалаб  бўлмайди.

Азобланаётган биродарларингизнинг додлаши, калтакнинг тарсиллаган товуши, ўз навбатини кутиб турган мазлумларнинг жавдираган кўзлари, ҳушдан кетганларни судраб олиб чиқишлар… ҳамма-ҳаммаси қўшилиб юракни эзувчи аянчли муҳитни ҳосил қилади.

Модомики, ожиз одамлар уюштирган даҳшатни тасвирлашнинг имкони йўқ экан, демак Қиёмат кунининг тасаввури ҳеч биримизда тугал бўлмайди. Ҳар қанча уятли бўлмасин, бир воқеани  эсга олишга мажбурман.

Бизни кенг камерага қамадилар. Битта-битта чақириб олиб, қаттиқ калтак-азоб бошланди. Ҳаммасини эшитиб турибмиз. Ҳар сафар эшик очилганида, ҳамма жим бўлиб қолади. Ўшанда менинг ичимдан шундай бир гап ўтди: Эй Аллоҳим, кимни азобласалар ҳам майли, фақат менга тегмасинлар!

Ҳали-ҳанузгача ўзимнинг ўша ҳолатим сира ёдимдан чиқмайди.

Ўткинчи дунёнинг вақтинча азоби қаршисида биз бир-биримизни сотдик, хиёнат қилдик, воз кечдик, фақат ўзимизни ўйлаб, ўзгани бутунлай унутдик. Эртага даҳшатли ҳисоб кунида аҳвол бундан-да оғирроқ бўлиши аниқ! Демак, энди мен ортиқча дўстлар қидирмайман, ҳеч кимга садоқат ва вафо ваъда қилмайман, имкон қадар одамлар билан муомала доирамни қисқартираман, ҳеч қачон менга суянсангиз бўлади, деб ҳеч кимга на ишора билан ва на очиқ сўз билан аҳд бермайман, иложи борича сезилмасдан–танилмасдан гуноҳларимга тавба, охиратимга захира истаб, бошимни эгиб жим яшаб ўтаман. Мен сизлар ўйлаган одам эмасман. Эҳтимол, сизлар ҳам мен ўйлагандек эмасдирсизлар. Албатта, ҳеч кимни ғорга кириб, 300 йил уйқуга кетишга чақирмоқчи эмасмиз. Айтмоқчимизки, бизнинг ортиқча мол-дунёмиз, ортиқча танишларимиз, ортиқча даъволаримиз ва ортиқча сўзларимиз ҳаддан ортиқ кўп экан. Кунимиз баракали, ишимиз унумли, йўлимиз равон, мақсадимиз яқин бўлиши учун юкимизни енгилроқ қилиб олганимиз маъқул. Менга ўхшаб ҳамма жойда ҳамма ишга аралашиб юрсангиз, тайинли бир иш қила олмай ўтиб кетасиз.

* * *

“Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир!” деган ҳадиси шариф бор. Мана шу ривоятни зиндонда эканимизда кўп ўйладик. Тутқунликда турли йўллар билан ўзларига яхши шароит яратиб олган зонанинг “эркатой болалари” ҳам қачон озодликка чиқишларини кунма-кун ҳисоблаб кутиб яшашади. Сабаби, улар ҳар қанча яхши аҳволда бўлмасинлар, озодликдаги имкониятлар ва неъматлар қаршисида мазкур имтиёзлар ҳеч нарса эмаслигини жуда яхши билишади.

Тўғри, бу дунёда мўмин ҳалол-ҳаромнинг ҳисобини олиб, қўрқиб яшайди. Тўғри, унга аталган жаннат олдида дунёнинг энг яхши ҳолати ҳам зиндондек бўлиб қолади. Мени бошқа нарса ўйлантиради …

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi