Нафсига қул бўлган золимлар билан эмас, Аллоҳдан қўрқадиган мўминлар билан юринг
Жумъа куни Жумъа намозини кутиб, Каҳф сурасини ўқир эканман, қуйидаги ояти карималарнинг маънолари ичра тадаббур-тафаккур қиламан деб, сайру саёҳатим анча вақтга чўзилди.
Бутун коинотни йўқдан бор қилиб, сон-саноқсиз галактикаларни Ягона Ўзи бошқариб турган Парвардигор – Аллоҳ таоло энг улуғ элчиси Муҳаммад алайҳиссаломни бутун оламга илоҳий раҳмат-марҳамат тарзида юбориб, у зотга панд-насиҳатлар йўллаб айтаяпти:
«27. (Эй Расулуллоҳ), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Раббингизнинг Китоби — Қуръонни тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи (ҳеч нарса) йўқдир. Ҳаргиз Ундан (Аллоҳ таолодан) ўзга бирон паноҳ топа олмайсиз.
28. Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорлар – Аллоҳнинг юзини — розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган (тоат-ибодат билан яшайдиган) зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз улардан ўтиб (воз кечиб), ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, (дунёпарастларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!
29. Айтинг: «(Бу Қуръон) Раббингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золимлар учун алангалари уларни (дўзахийларни) ўраб-чирмаб оладиган оловни (жаҳаннамни) тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидолмай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у ва нақадар ёмон жой у!
30. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз, Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз.
31. Улар учун остларидан дарёлар оқиб турадиган абадий жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар ва ипак-шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб, сўриларда ястаниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у ва нақадар гўзал жой у!…»
(Каҳф сураси, 27-31 оятлар ва тафсирлари билан танишиб чиқиш тавсия этилади)