Қисмат кўзгуси 16-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

16-қисм:

Зоналарда “кутубхона аҳли” деган бир ибора бор. Асосан диний маҳкумлардан ташкил топган бу гуруҳ аксарият вақтини кутубхонада ўтказгани учун шу номни олган. Аслида уларнинг асосий фаолиятлари ҳам кутубхонада кечади. Муассаса кутубхонаси ва клубига жойлашиб олган бу азаматлар кўп ғаройиб ишларга бош-қош бўлишади.

Кутубхона аҳлининг “қайтарма гуруҳи” деган номи ҳам бор. Улар диний маҳкумларнинг рўйхатини қўлларига олиб, ҳар ҳафта уч-тўрт кишининг миясини тозалаш билан шуғулланишади. Яъни, ўзларича бу маҳкумларнинг адашиб-улоқиб юрганларини исботлаб, юрт бошқарувига ва муассасадаги тартиб-қоидага тааллуқли мавжуд ҳамма нарсанинг айни ҳақиқат эканини уқтиришади. Бир пайтлар турли исломий гуруҳларнинг етакчиларидан бўлган, ўз жамоалари сафига янги аъзоларни жалб қилган, маълум диний таълимга эга оташин даъватчилар бугун кечаги даъволарига мутлақо тескари тарғибот билан машғул бўладилар.

Албатта, инсоннинг ўз хатосини англаб етиши ёки биродарининг хато-камчилигини ўнглаши чиройли иш саналади. Фақат бу ишлар кимнинг розилиги ва ниманинг тамасида қилинаётгани кишининг нафратини қўзғайди.  “Акалари”нинг кўнглини  топиш пайида ҳамма ишга шай дастёрларга қараб раҳмингиз ҳам келади. Агар шунча ҳаракат ва самимият Ягона Зот учун қилинганида кўзлаган мақсадлари – тезроқ озодликка чиқиш, эҳтимол, осонроқ ҳосил бўлармиди…

Зонада ўтказиладиган турли тадбирларни ташкил этишда жуда фаол бу шоввозлар ўзларининг эски ақидаларидан қайтганларини исботлаш учун ҳар хил бемаъни ва бачкана ишларни ўйлаб топишда бир-бирлари билан мусобақалашадилар.

«Саҳифалар қуриган, қаламлар кўтарилган…» деган ишончдан маҳрум кимсалар ўзларига шу пайтгача фақат зарари ва зулми етган ожиз бандалардан яхшилик умид қилишади. Уларнинг мақтовига сазовор бўлганларни яхшилар, уларнинг ғазабига учраганларни ёмонлар деб билишади.

Инсонларнинг қалблари Раҳмоннинг қўлидадир. Эй қалбларни буриб тургувчи Аллоҳ, қалбларимизни динингда собит этгин.

* * *

Зоналарда вақти-вақти билан сиёсий маҳбусларга “ломка” – умумий жазолаш тадбири ўтказиб турилади. Биродарларни ШИзога олиб кириб, сайр хоналари-прогулкаларга қамайдилар. Баҳайбат овоз кучайтиргичлар орқали мусиқани баланд қилиб қўйиб, ҳимоясиз шўрликларни битта-битта олиб чиқиб, бир гала “тарбиячи” резина калтаклар билан савалайдилар…

Қайсидир қўшиқнинг авж пардалари остида мазлумларнинг оҳ-фарёдлари эшитилмай кетади.  Умуман олганда, бу ҳолатни сўз билан ифодалаб  бўлмайди.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi