Қисмат кўзгуси 15-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи
15-қисм:
… Сиёсий маҳбусларнинг ётоқ-жойлари бир-бирлари билан ёнма-ён бўлмаслиги лозим. Икки ярусли кроватлар ўрнатилган баракда биродарлар алоҳида-алоҳида ва албатта иккинчи қаватга жойлаштирилади. Фақат оғир касал ёки жуда кекса (масалан 70-75 ёшли) сиёсий маҳбусга пастки қаватдан жой берилиши мумкин.
“Ҳеч ким иккинчи ярусга чиқмасин” деган буйруқ кўринишидан оддий туюлса-да, аслида биродарларни бемалол ётқизмаслик учун жорий қилинган. 20-30 яшар бир “гад” биринчи ярусда ялпайиб ётганида ёши 60 дан ошган биродар кўзлари жавдираб ўтиргани жой қидириб юради.
Маҳбусларнинг кийим-кечак ва озиқ-овқат сумкалари сақланадиган омборхона – коптёркада ҳам аҳвол шундай. Энг тепа ва ноқулай жойлар сиёсийларга ажратилган. Ҳар куни эрталаб уйғонганингизда тепа ярусларни бир кўздан кечириб чиқасиз. Чунки кечаси кимнидир уйғотиб, олиб чиқиб кетган бўлишлари мумкин. Қаттиқ калтакланган шўрлик маҳкум тиббий бўлим ёки ШИзода ётган бўлади.
Ҳар қадамда ҳар турли хорлик ва азоблар ҳамроҳ бўлса, одамлар қандай қилиб йиллар давомида сабр қилишди деб сўрашингиз, ўзингизча улар Аллоҳдан ажр-савоб кутганлари учун чидаганлар, дея жавоб топишингиз мумкин. Бу жавоб қисман тўғри, холос. Бир қисм мўмин-мусулмонлар охиратдаги мукофот умидида дунё азобларига бефарқ бўлишди ва уларни ҳамма яхши танир эди. Лекин, бизнинг кўпчилигимиз ҳаётни қаттиқ яхши кўришимиз ва ўлимни асло хоҳламаганимиз учун ҳар қандай хорлигу хўрликни кўтариб юрдик. Ахир қаттиқ меҳнат ва азоб остида яшаган қуллар ҳам ҳаётни яхши кўришган-ку. Ким Аллоҳ учун озор-азиятларга сабр қилган, ҳар бир ишида нияти холис бўлган бўлса, ҳар икки дунёда ҳавасга лойиқдир иншааллоҳ. Ким бизга ўхшаб ўткинчи дунёни қаттиқ яхши кўрганлиги, ўлишни асло хаёлига келтирмаганлиги, хуллас кўрқоқлиги ва ҳаётга очкўзлиги туфайли чидаб яшаган бўлса унинг ҳисоби ҳам Аллоҳгадир. Гўдаклигида тириклай кўмиб ташланган кичкина қизалоқлар – мавъудалар сўралар экан, жабр зулм кўрган кап-катта кишилар сўралмайдилар деб ким айтди? Аллоҳ барчамизнинг ўтган кунларимизни фойдамизга қилсин. Амин!
* * *
Энди золимларнинг зулмидан-да ёмонроқ нарса ҳақида сўз юритамиз. Аслида бу ҳақда ёзиш биз учун жуда оғир. Фақат охиригача ҳалол туриб, бор ҳақиқатни баён этишга қарор қилганимиз учун мазкур ёқимсиз мавзуни четлаб ўта олмадик. Аллоҳ кунларни айлантириб туради. Озодликда бўлаётган воқеа-ҳодисалар таъсирида зоналардаги аҳвол ҳам бир оғирлашиб, гоҳида бироз енгиллашиб туради. Чунки тўрт девор билан ўралган зулмхоналар барибир нафасни ташқи оламдан олади. Қўланса қамоқ муҳитида озгина тоза ҳаво кирганлиги дарров сезилади. Умуман, маҳкум зоти ҳар қандай ўзгаришни тез илғайди. Қорнини ва кўзини ёғ босган, мудраб ҳаёт кечирадиган тўқлар оламидан фарқли равишда, очлар ва қуллар дунёсида ҳар қандай ҳодиса бўртиб кўринади.
Хуллас, аҳвол бироз яхшиланганини ҳис қилган маҳкумлар бир пасда ўзларини бошқача тута бошлайдилар. Кечагина бошини кўтармай ҳеч ким билан иши бўлмай барча буйруқларни сўзсиз бажариб юрган муте инсонларнинг яна овозлари кўтарилиб қолади. Энг ёмони, худди бир пайтлар кўчаларда бўлганидек, яна тарафкашликлар, ҳақиқат фақат бизнинг гуруҳда чекланган деб даъво қилишлар кенг тарқалади. Мусибат ва мазлумликнинг аччиқ шаробини тўйиб ичган кишиларда ҳам шундай енгилтакликни кузатиб туриб, хорлик сабабчиси ўзимиз эканига такрор амин бўласиз. Ахир, ҳеч қачон бирлаша олмайдиган, ҳар бири ўзича хақ тарқоқ миллат қачон азиз ва ғолиб бўлган?! Мусулмонлар бир-бирлари билан талашиб тортишган, гуруҳ-гуруҳга бўлиниб, ўзларига хилоф юрганларни ажратиб ташлаган, ҳар ким фақат ўз жамоасини мақташга уриниб, ҳар бир ишидан ҳикмат ясайдиган ажиб замонлар келади. Ачинарлиси шуки, бир-бирларини мутлақо эшитмайдиган диний маҳкумлар вазият ўзгариб, золимларнинг қўлларида яна калтаклар ўйнаётганини кўришлари билан ҳамма нарсани бирдан тушуниб қолишади. Бизнинг бу қадар тез ўзгаришимизни кўрган душманларимиз ҳам, атрофдагилар ҳам бизни ҳурмат қилмай қўйишади. Назаримда уларнинг бунга хақлари бордек…
* * *
Зоналарда “кутубхона аҳли” деган бир ибора бор. Асосан диний маҳкумлардан ташкил топган бу гуруҳ аксарият вақтини кутубхонада ўтказгани учун шу номни олган…
Давоми бор…
Муаллиф / Калвак Махзум