Қисмат кўзгуси 14-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

14-қисм:

… Исмини ёзишни билмайдиган, кўча ва бозорларда ҳаёт мактабини битирган безорилар, катта-катта ўқув даргоҳларида дарс берган, пора олаётиб қўлга тушган илмий мартабаларга эга ўқитувчилар, наркотик моддаларга муккасидан кетиб, дунё кўзига ғира-шира кўринадиган бўлиб қолган бангилар, қачонлардир амал пиллапоясидан дадил кўтарилган собиқ амалдорлар, жуда муғомбир ва қув товламачилар, оддий деҳқон ёки чорвадорлар, ўғрилар, қароқчилар… яна кимлар ўтиради бу дарсхонлар орасида. Рус миллатига мансуб ёки фақат русча сўзладаиган ўзга миллат вакиллари ҳеч нарсани тушунмасалар-да, ҳамма қатори мажбур ўтиришади.

Хуллас, ёши, савияси бир-бирига умуман тўғри келмайдига олақуроқ бу жамоага икки–уч саҳифалик маъруза ўқиб эшиттирилади. Кўпинча телевизор орқали диний-сиёсий маҳкумларга қора чаплайдиган бирон кўрсатув қўйиб берилади. Дарс бошланишидан олдин мавзу нима ҳақида эканини ўйлаб хавотирда ўтирасиз. Агар мавзу диний маҳкумларга оид бўлса, жонли мисол сифатида улардан бирини ҳамманинг олдига чиқариб, бошига хақоратлар ёғдиришади. Расмий ходимларга ўзини кўрсатмоқчи бўлган барча виждонсиз, уятсиз, тубан кимсалар бундай қулай фурсатни сира қўлдан чиқармайдилар. Дунёнинг ҳеч бир бурчагида маънавиятдан мутлақо бехабар маҳмадоналар бу қадар берилиб маънавият дарсини ўтмасалар керак. Мени бир савол кўп қийнарди: бошқа миллатлар ҳам шундаймикан ёки лаганбардор, виждонсиз, савиясиз кишилар фақат бизнинг халқда бу қадар кўпчиликни ташкил қиладими?!

Зонанинг ўзига хос жиҳати одамнинг асл башарасини бор бўй-басти билан рўй-рост кўрсатади. Ҳар ким аввало ўзини, сониян ёнидаги кишисини жуда яхши таниб олади. Озодликда турли қўшимча воситалар сабабли хаспўшлаб юрилган иллат ва камчиликлар манаман деб бўй чўзади. Кимнинг қанча иймони, сабри, савияси, илми ёки жасорати борлиги маълум бўлиб қолади. Мусибат-машаққатларда чиниққан, ҳамма нарсага шубҳа кўзи билан қаровчи тутқунлар* орасида сохта виқор ва сохта дипломлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Эҳтимол, энг улуғ ва ишончли маънавият дарси шунинг ўзидир! Ахир одамга ўзини танишидан-да муҳимроқ яна нима бор?!

* * *

Асосан чўл ҳудудларида жойлашган зоналарда ичимлик суви етишмайди. Ҳар куни ёки икки кунда бир маротаба сув тарқатилади. Ёш-қари маҳбуслар қўлларида кружкалари билан сувга навбатга туришади. Тўғри, ёзнинг жазирама кунида бир кружка сув ҳеч нарса эмас. Шўр сув ичганидан ичлари кетиб, ҳолсизланиб қолган тутқунлар учун шу бир ҳовуч сув ҳам жуда қадрли.

Баҳор ойларида, ёмғир сувидан идишларга захира қилиб олинади. Бироқ ёмғир сувида қандайдир ҳид бўлади, устига устак бу сув одамнинг ичини қотириб ташлайди. Йиллар давомида сув учун курашларда тобланган маҳкумлар сувларни жуда яхши фарқлайдиган бўлиб кетишади. Зонанинг эркатой болалари – завхозлар, расмий-норасмий тартиб посбонлари ва бошқа маҳкумлар орасидаги мансаб эгаларига қўшимча ичимлик суви тарқатилади. Уларнинг 3-4 литр сувни мағрур кўтариб келаётганига суқланиб, ҳавас билан қарайсиз.

Барча зоналарда тиббиёт бўлимлари мавжуд. У ерда ишловчи форма кийган тиббиёт ходимлари сизга бемор сифатида эмас, жиноятчи сифатида муомала қилади. Жонингиз оғриб, врач қабулига кирсангиз, касалингиз бир четда қолиб нима иш билан қамалганингиз ҳақида сўроқ бошланиб кетади. Диний маҳкумларнинг тиббий бўлим-санчасда ётиши учун бир неча жойдан рухсат бўлиши шарт. Асосан тиш оғриғидан кўп азоб чекадиган маҳкумлар тиббий бўлимдан бирон ёруғлик чиқмаслигини билганлари боис оғриган тишларини ғалтак ипи ёрдамида суғуриб ташлашади. Умуман тутқунлар орасида ҳар хил даволаш услублари мавжуд ва уларнинг барчаси имконсизлик сабабли ихтиро қилинган услублардир. Тиббий ходимларнинг илмий савияси ҳақида сўз ортиқча деб ўйлайман. Ҳамма нарсаси тўкис бўлган озодликдаги одамлар бутун шаҳарни қидириб саводли ва инсофли врачни тополмасалар, чўл биёбондаги зоналарда аҳвол қандай  бўлиши ўз-ўзидан маълум.

* * *

Сиёсий  маҳбусларнинг ётоқ-жойлари бир-бирлари билан ёнма-ён бўлмаслиги лозим…

 

* Узоқ йиллар “ўтириб”, баланда еган, турли зоналарни кезиб чиққан, ҳар нарсага шубҳа билан қарайдиган эски маҳбусларни қамоқдагилар қисқа қилиб “чириган”, “чириб кетган” деб сифатлайдилар.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi