Қисмат кўзгуси 13-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

13-қисм:

Зонанинг “ажойибот”ларидан бири умумий тинтув – “шмон”дир. Эрталабки текширувдан кейин ҳамма маҳкумлар плацга ҳайдалади. Отряд-отряд бўлиб жойланган ихтиёрдан мосуво оломон ноилож офтобнинг тиғида соат 11 гача “шмон” тугашини кутиб ўтирадилар. Тунги – учинчи сменадан қайтган маҳкумлар шундоқ асфальтнинг устига чўзилиб, уйқуга кетишади. Оғир меҳнат ва уйқусизлик ҳамма нарсадан ғолиб келади. Завхоз*, омборхона мудири** ва баракни супуриб-сидириб юриб, бир пайтнинг ўзида ҳаммани кузатиб юрувчи тозаликка қарайдиган маҳкумлардан иборат актив жамоа умумий тинтув пайтида баракда бўлишади. Омборхонадан ҳамма сумкалар ташқарига олиб чиқилади ва минг маротаба текширувдан ўтказилган маҳбуснинг кийим-кечак, озиқ-овқат сумкалари яна бир марта титиб ташланади. Актив жамоа, яъни қулоқлар жамоаси учун бу жуда қулай фурсат ҳисобланади.

Энг аввал сиёсий маҳкумларнинг жойлари ва сумкалари тинтиб чиқилади. Шмондан сўнг, албатта, кимдир ёғини, кимдир чойини ва яна кимдир нимасинидир тополмай қолади. Одатда ўзининг арзимас мулкини ҳимоя қила олмайдиган ожизларнинг нарсалари “йўқолиб қолади”. Адолатсизлик ҳамма жойда топилади. Лекин зоналар айнан адолатсизлик асосига қурилган ва шундай яшайди. Баракларда тинтув тугагач навбат маҳбусларга келади. Баъзан қип-яланғоч, баъзан енгилроқ  ҳолатда тинтувдан ўтказилган бечоралар энди ўз ётоқ жойлари ва нарсаларини тартибга келтиришлари керак. Бу айтишга осон, холос. Остин–устин қилиб ташланган сумкалар орасидан ўзингизнинг нарсаларингизни ажратиб олиб, ағдар–тўнтар қилиб ташланган ётоқ жойингизни саришта қилгунингизча эсингиз кетади. Агар 1-сменада бўлсангиз кечқурун келиб тахлашингизга тўғри келади.

Тажрибали маҳбуслар имкон қадар ортиқча нарса сақламасликка ўрганишади. Чунки ҳар ойда бўладиган тинтувлар, кутилмаган этап, кўчишлар сизни шунга мажбур қилади.

Озодликда мол–давлати ҳеч қаерга сиғмаган кишилар ҳам тутқунликда 2 та сумка билан 10 йиллаб ҳаёт кечиришади.

Мажбур бўлганидан ана шундай тириклик ўтказувчи маҳбуслар аслида яшаш учун инсонга у қадар кўп нарса шарт эмаслигини, юкингиз қанча енгил бўлса, яшашингиз шунчалик осон бўлишини, бу муваққат оламда мол-давлатга эгалик жуда омонат эканини тушуниб етадилар.

Тириклик учун озгина нарса кифоя, кибр учун бутун дунё камлик қилади.

Озодликда кенг-мўл ҳовлиларга сиғмаган қалби тор кимсаларнинг тўрттаси тўрт метр жойда бемалол яшайди. Агар шу тўрт метр жойга бир қарич қўшиб берилса, улардан бахтиёр киши бўлмайди. Аслида биз неъматларга шукр қилмаганимиз, яна ҳам аниқроғи, тўқчиликни кўтара олмаганимиз учун жазоландик. Ўзимизни ўзимиз хорликка ташладик. Яхши яшай десангиз, дунёда бир мусофирдек, йўловчидек ҳаёт кечиринг. Сиздан ҳеч нимани тортиб ололмасинлар. Ҳамма қадрли бойлигингиз ўзингиз билан қалбингизда бўлсин. Қўлингиздаги нарсаларга ишонманг, уларга бегона қўллар доимо чўзилиб туради…

* * *

  Ҳафтада икки марта маънавият ва ахборот соатлари ўтказилади. Менимча, бундай ранг–баранг тингловчилар аудиторияси бошқа ҳеч қаерда учрамаса керак. Исмини ёзишни билмайдиган, кўча ва бозорларда ҳаёт мактабини битирган безорилар, катта-катта ўқув даргоҳларида дарс берган, пора олаётиб қўлга тушган илмий мартабаларга эга ўқитувчилар, наркотик моддаларга муккасидан кетиб, дунё кўзига ғира-шира кўринадиган бўлиб қолган бангилар, қачонлардир амал пиллапоясидан дадил кўтарилган собиқ амалдорлар, жуда муғомбир ва қув товламачилар, оддий деҳқон ёки чорвадорлар, ўғрилар, қароқчилар… яна кимлар ўтиради бу дарсхонлар орасида …

 

* Завхоз – отрядга етакчи этиб тайинланган маҳкум

** Омборхона мудири: Маҳкумларнинг кийим-кечак ва уйдан келган егуликдан иборат шахсий буюмлари ҳар бир отряд қошидаги “коптёрка”, яъни омборхонада сақланади. “Коптёрщик” ана шу буюмларнинг сақланишига жавобгар шахс бўлиб, у завхознинг ёрдамчиларидан бири саналади.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi