«Исрофгарчиликка йўл қўйманг. Албатта исроф қилгувчилар шайтонларнинг биродарларидир…»
Нодон кимсаларнинг соғлом ақл соҳиблари иқрор этмайдиган қилиқлари билан Ислом ва мусулмонлар шаънига лой чапламоқчи бўлаётганлар диққатига
Баъзи ахборот сайтлари тарқатаётган мана бу хабарга кўзим тушиб қолди:
«Диндор йигит машинаси Францияда ишлаб чиқарилганлиги сабабли уни ёқиб юборди…»
Авваламбор, бу гап ростми ё туҳматми, текшириш керак.
Агар рост бўлса, бу иш диндорлик эмас, у ғирт жоҳиллик!
Ҳақ динимиз бундай исрофгарчиликка бутунлай қарши.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда исрофни очиқ-ойдин ояти карималар билан ҳаром қилган.
«Исрофгарчиликка йўл қўйманг. Албатта исроф қилгувчилар шайтонларнинг биродарларидир…»
(Исро, 26-27)
Франция молларидан воз кечиш деганда энди бундан бу ёғига янгисини сотиб олмаслик кўзда тутилаяпти, аввал олиб қўйилган нарсаларни ҳам ташлаб юбориш эмас, асло.
Бойкот бошлашдан олдин сотиб олинган ҳалол нарсалар бўлса, французларники бўладими ёки улардан баттарроқ кимсалардан сотиб олинган бўладими, уни ташлаб юбориб исроф қилмаслик керак.
Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:
«… Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар! Албатта У Зот исроф қилгувчиларни ёқтирмайди»
(Аъроф, 31)
Муҳиддин Обидхон