Аллоҳ яшириб қўйган учта нарса
Бўлимлар: 11. Ахлоқ ва одоб, 17. Фарзанд, тарбия, исм
Савол:
Аллоҳ таоло дўстлигини, розилигини, ғазабини қаерга яширган?
(Умму Холид)
Жавоб:
Сиз сўрамоқчи бўлганингиз ҳикмат арабча матни қуйидагича:
«إنّ الله خبأ ثلاثًا في ثلاث:
- خبأ رضاه في طاعته، فلا تحقرن من طاعته شيئًا؛ لعل أن يكون فيه رضاه،
- وخبأ سخطه في معصيته فلا تحقرن من معصيته شيئًا لعل أن يكون فيه سخطه،
- وخبأ أولياءه في عباده فلا تحقرن من خلقه أحدًا فلعله يكون ذاك الولي».
Қисқача маъноси:
«Аллоҳ таоло учта нарса ичига уч нарсани яшириб кўйган:
- У Зот Ўзининг розилигини тоат-ибодатлар ичига яширган. (Сенинг назарингда) ҳар қанча кичик (ёки енгил) тоат (солиҳ амал) бўлмасин, уни паст санамагин, эҳтимол Аллоҳнинг розилиги ана шу амалнинг ичидадир.
- У Зот Ўзининг ғазабини гуноҳ-маъсиятлар ичига яшириб қўйган. (Сенинг назарингда) ҳар қанча кичик гуноҳ (ёмон амал) бўлмасин, уни енгил санамагин, балки Аллоҳнинг ғазаби ана шу гуноҳнинг ортидан келиб қолиши мумкин.
- Аллоҳ таоло Ўзининг дўстларини барча бандалари орасига яшириб қўйган. Шундай экан, Аллоҳнинг бандаларидан ҳеч бир кимсани пастга урмагин, балки у банда Аллоҳнинг яхши кўрган дўсти бўлиб чиқиши мумкин. (Оқибатда сен У Зотга душманлик қилган бадбахт бўлиб қоласан)».
Аллоҳ Ўзи барчамизни икки олам бахт-саодатига мушарраф қилсин…