Таъзия: шайх Алоуддин Мансур домла вафот этдилар

Бўлимлар: Муносабат


Тошкент шаҳридаги баъзи биродарларимиздан келаётган қайғули хабарга кўра, шайх Алоуддин Мансур Охиратга риҳлат қилибдилар.

«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн»

Маълумки, шайх Алоуддин Мансур домла биринчи марта 90 йилларнинг аввалида муқаддас китобимиз Аллоҳ таолонинг энг улуғ каломи бўлмиш Қуръони карим маъноларини ўзбекча изоҳли таржимасини таълиф қилиб, умматга энг улкан совға сифатида тақдим этганлар.

Ўша пайтлар устозимиз шайх Обидхон қори бундан жуда ҳам хурсанд бўлиб, бу улуғ китобдан Тўхтабой масжидида минглаб, балки ўн минглаб нусхаларни халқимизга ҳадя этиб, бепул тарқатиш ташаббусига бош-қош бўлиб турганлар. Ҳатто жумъа маърузаларида бир неча бор бу ҳақида эълон қилиб айтардиларки: «Ким христианликка ташвиқот олиб бораётган миссионерлар бепул тарқатаётган тўқима инжил китобини бизга олиб келиб берса, биз унга мана бу китобни – Алоуддин Мансурнинг мухтасар тафсирларини ҳадя қиламиз». 

Шундай усул билан ҳам қанча-қанча ўзбекларимизни ислом динида саломат сақлаб қолинган, алҳамдулиллоҳ.

Меҳрибон Раббимиз Аллоҳ таолога илтижо қиламизки, шайх Алоуддин Мансур домлани Ўз раҳматига олиб, жаннатларда олий мақомларга кўтарсин, билиб-билмай қўл уриб қўйган гуноҳларини ва камчиликларини афв қилсин, шайх Обидхон қори домламизга шифои комил ато этсин, барчамизни ислому иймонда собитқадам ҳолимизда асрасин…