Қисмат кўзгуси 12-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи
12-қисм:
Чўпдай озиб, қорайиб кетган сиёсий маҳбуслар неча йиллар шу иш билан шуғуллангани боис анча тажрибага эга бўладилар. 7-8 та қайноқ ғиштни пастдан бир маҳкум эпчиллик билан юк машина устидаги шеригига ирғитади. Шериги илиб олиб, югуриб тахлаб келади. Озгина чалғиса, пастдан ирғитилган қайноқ ғиштларга нишон бўлиб қолади. Сифатсиз овқат билан залворли меҳнат йил давомида неча шўрлик ишчиларни йиқитади. Зоналарда асосан ғишт, оҳак, цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ва уларнинг барчаси бирдек оғир ҳамда зарарлидир. Арзон ишчи кучи эвазига бундай ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотини бошқалардан арзонроқ баҳода сотиш имкониятига эга бўлади.
Смена алмашиб ишлайдиган цехларда 3 ҳафтада 1 марта оғир кун бўлади. Бу сменалар алмашинадиган кун. Душанба куни кун бўйи ғишт ташиб, ишлаб келдингиз. Ўша куни кечаси соат 23:30 да 3-сменага ишга чиқиб кетасиз. Баъзан кундузи ёмғир-қор остида ишлаган бўлсангиз, кечаси бориб, яна ўша нам ва муздек кийимни кийишга мажбурсиз. Уйқусизлик, чарчоқ ва бошқа ноқулайликлар таъсирида тун бўйи карахт аҳволда юрасиз. Тонгга яқин “меҳнат билан қайта тарбияланаётган” маҳкумларнинг кўзлари очиқ бўлса-да, миялари бошқармай қўйганидан меровсираб юришади.
Зоналарда ҳар куни 2 ёки 3 маҳал умумий текширув бўлиб ўтади. Барча отрядлар саф бўлиб, саф қўшиғини баланд овозда айтиб плац – умумий текширув майдонига йиғилади. Ҳар бир маҳкумнинг шахсий карточкаси ўқилиб, умумий текширув тугагунга қадар ёзда офтобнинг тиғида, баҳор, куз ва қишда ёмғир-қор остида ярим соат-бир соатдан ўтиришга мажбурсиз.
***
Диний-сиёсий маҳкумлар ҳамма зоналарда қаттиқ назорат остида сақланса-да, айрим зоналар бу масалада алоҳида шуҳрат қозонган. Бундай зоналар расмий ходимлар тамонидан “қора” қилинган. Яъни қора роба кийган маҳкумлар томонидан бошқарилади. “Қўғирчоқ-братва” ҳукмронлик қиладиган зона, асосан, сиёсий маҳкумлар билан ишлайди. Диний иш билан судланган маҳбус-биродарлар ҳеч ким билан гаплаштирилмайди, энг оғир ва хорловчи меҳнатга мажбурланади, ҳар битта биродарнинг битта қўриқчиси бор. Сиёсий маҳбус мана шу қўриқчисиз ҳатто ҳожатхонага ҳам бора олмайди. Албатта, қўриқчилар “братва” томонидан тайинланган, енгил яшаш учун ҳар нарсага рози маҳкумлар орасидан танлаб олинган бўлади. Сиёсий маҳбусларни доимий қўрқув ва назорат остида ушлаб туриш, турли йўллар билан улар ҳаётини чидаб бўлмайдиган ҳолга келтириш, кун-кун ора калтаклаб туриш ва зарур бўлса ўлдириб юбориш учун юқоридагидек “братва” сақлаб турилади. Бу мараз ва тубан кимсалар сизнинг қонингиз эвазига ўзларига шароит яратишади. Сизни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хорликларга дучор қилишади, арзимаган зарур нарсаларингизни ҳам талон-тарож қилиб бемалол юришади. Қанча мўмин–мусулмон маҳкумлар мана шу ифлосларнинг қўли билан ўлдириб юборилди ва яна қанчаси азоблардан тўйиб кетиб жонларига қасд қилдилар. Сизни ишонтириб айтаманки, мен сохта “братва” қилган ишларнинг мингдан бирини ёздим, холос. Ҳар нарсани кўриб билиб турувчи Зотнинг адолатли жазоси ҳар икки дунёда уларга, албатта, етишига ишонганим учун сўзни мухтасар қилдим. Бундай тубан ва ҳор кимсалар зулми остида жон берган мўмин-мусулмон мазлумлар мени маъзур тутсинлар, бу ҳақда узоқ ёзишга юрагим дош бера олмади.
***
Зонанинг “ажойибот”ларидан бири умумий тинтув – “шмон”дир. Эрталабки текширувдан кейин ҳамма маҳкумлар плацга ҳайдалади. Отряд-отряд бўлиб жойланган ихтиёрдан мосуво оломон ноилож офтобнинг тиғида соат 11 гача “шмон” тугашини кутиб ўтирадилар…
Давоми бор…
Муаллиф / Калвак Махзум