Қисмат кўзгуси 11-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

11-қисм:

… Зонага энди кириб келган айрим маҳбусларга роба сиғмасдан, тор-танг турганида, уларни “Парво қилма, икки ойда бу кийим эгнингда шалвираб, сенга катта келиб қолади”, деб овунтиришади. Ростдан ҳам, 100-120 килограмм тош босадиган одамлар икки-уч ойда 60-70 килограмм вазнга тушиб қолишади. Озодликда пул сарфлаб ортиқча вазндан халос бўла олмай юрганларнинг бу қадар самарали натижалари ҳам маҳбуснинг боқуви қай даражада эканини ҳаммага тушунарли тилда изоҳлаб беради.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтсам: барча қийинчиликлар каби тўйиб овқат емаслик туфайли вазн йуқотиш ҳам инсонга ижобий таъсир кўрсатар экан. Ортиқча вазн туфайли пайдо бўладиган турли касалликлардан шифо топишдан ташқари, очлик инсоннинг руҳини уйғоқ, кўзи ва қулоғини ўткир, фикрини тиниқ қилади. Жамиятда кенг тарқалган фикрий бузуқлик, аҳлоқсизлик, ёлғон-яшиқ каби иллатларга айнан одамларнинг ортиқча вазнлари сабаб бўлса не ажаб?!

Нонушта, тушлик, кечки овқат ва ҳоказо оммавий тадбирларга маҳбуслар саф билан, шахдам қадам ташлаб, саф қўшиғини баланд овозда куйлаб боришлари шарт. Раҳбар ё “тарбиячи”лардан кимгадир қадам ташлаш ёки қўшиқнинг паст овозда айтилгани ёқмаса, отряд орқага қайтиб бориб, бошқатдан қўшиқ ва шахдам қадамлар билан юриб келади. “Оддий карам шўрва учун шунча қийнашади. Агар ёғли овқат беришса, бизни ўлдиришар экан”, деб маҳзун кулиб қўйишади қуёшнинг ёки аёзнинг тиғида очликдан ва оғир меҳнатдан силласи қуриган, хўрланган ҳам ҳақоратланган бечоралар.

Эрталабки нонушта ниҳоясига етиши билан ишга чиқиш эълон қилинади. Зоналарда иш масаласи ҳеч кими ёки ҳеч нарсаси йўқ ожизларга ва сиёсий-диний маҳкумларга нисбатан жуда жиддий қаралади, бесабаб бир кун ҳам ишдан қолишга ҳаққингиз йўқ. Сизнинг қандай ва қанча касалингиз борлиги муҳим эмас, расмий ҳужжат – тиббий маълумотномада “ишга яроқсиз” деган ёзув бўлиши шарт. Аксарият маҳбуслар оғир меҳнатга чап бермоқ учун муассасанинг ҳар қандай таклифига розилик билдирадилар. Диний-сиёсий маҳбуслар бошқарув лавозими ёки енгил иш саналган ўринларда ишлаши мутлақ мумкин эмас. Чанг-тўзонли, оғир ва зарарли иш жойлари асосан ана шу тоифага аталган. Деярли ҳамма зоналарда ишлаш учун умуман шароит йўқ. Ишдан бош тортиш эса, салкам жиноят даражасидаги тартиббузарлик. Бинобарин, иш кийимини, қўшимча қўлқоплар ва оғизга тутиладиган ёки кўзга тақиладиган махсус мосламаларни ўзингиз ҳаракат қилиб топишингиз шарт. Айни пайтда олди-берди пайтида вақтида қўлга тушиб қолсангиз, қаттиқ жазоланасиз. Чунки сиёсий маҳбуслар билан ҳеч қандай муомала-муносабат бўлмаслиги керак. Ҳуқуқсиз мардикор учун энг оғири – оёқ кийим топиш. Зона бир йилда берадиган оёқ кийим сафда юришнинг ўзига яраса ҳам катта гап. Чақир тошли ўнқир-чўнқир ва қаттиқ иссиқ иш жойларида оёқ кийим сал кунда тўзиб кетади. Ғишт юкловчи маҳкумларнинг асосий ташвиши оёқ кийим ва қўлқоп хусусида бўлади. Янги читоз-ботинка топиб (кимдандир яширинча сигарета ёки чойга сотиб олиб), уни зонадаги ўзингизга ўхшаган маҳбус этикдўзлардан бирига олиб борасиз. Уста маълум хақ эвазига ботинканинг таг қисмига юк машинасининг балонидан кесиб, қўшимча тагчарм қўяди, тепа қисмига ҳам бир қават чарм қоплаб беради. Бундай қайта таъмирдан чиққан оёқ кийимнинг бир жуфти тахминан 3-4 кг чиқади. Оддий латта қўлқопга эски-туски робалардан 14-16 қават қўшимча тикасиз. Сўнг уни озгина ёғлаб, яхшилаб тупроққа белайсиз. Печкадан кичкина вагонларда олиб чиқилган, 1 челак сувни 5 минутда шақирлатиб қайнатиб ташлайдиган қайноқ ғиштларни юклаш учун юқорида таъриф этилган оёқ кийим ва қўлқоп зарур бўлади. Албатта, ҳар доим қайноқ ғишт юкланмайди. Лекин, қанча чап беришга уринманг, 1 кунда 1 марта қайноқ ғишт юклашингизга тўғри келади. Чўлнинг  жазирамаси бошингиздан олов пуркаса, оёқларингиз қайноқ ғиштлар устида “рақс тушади”. Чўпдай озиб, қорайиб кетган сиёсий маҳбуслар неча йиллар шу иш билан шуғуллангани боис анча тажрибага эга бўладилар. 7-8 та қайноқ ғиштни пастдан бир маҳкум эпчиллик билан юк машина устидаги шеригига ирғитади. Шериги илиб олиб, югуриб тахлаб келади. Озгина чалғиса, пастдан ирғитилган қайноқ ғиштларга нишон бўлиб қолади. Сифатсиз овқат билан залворли меҳнат йил давомида неча шўрлик ишчиларни йиқитади…

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi