Қисмат кўзгуси 10-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

10-қисм:

… Эрталаб соат беш яримларда уйғониб кетасиз. Ҳожатхонага боришингиз керак. Бироқ уйқудан уйғониш расман эълон қилингунга қадар барак – маҳкумлар яшайдиган бинодан чиқиш мумкин эмас. Кексалар ва турли касалга чалинган маҳбусларга бу ҳолат айниқса оғир. Албатта, зонанинг “эркатой ўғиллари” бўлмиш маҳбуслар ўртасидаги турли мансаб эгалари (эрксизлар ибораси билан айтганда, “гад”лар*), кимларгадир тўлаб яшайдиганлар, норасмий гап етказиб турувчи чақимчи-козёллар учун ҳамма ерда бўлганидек, бу масалада ҳам истисно мавжуд. Умуман, зонанинг расмий режими ҳеч кими йўқ (ёки тўлайдиган ҳеч нарсаси йўқ) оддий маҳкумларга ва хоссатан сиёсий маҳбусларга тааллуқлидир.

Диний масалалар билан қамалган маҳбуслар, қисқача айтганда, динларини сотишга рози бўлсалар, улар ҳам юқоридаги имтиёз эгалари қаторига кирадилар. Ҳар қанча уятли ва аламли бўлмасин, диний ишлар билан қамалганлар орасида мазкур имтиёзларга эга бўлиш учун интиладиганлар керагича топилади. Табақаланиш ҳамма жойда мавжуд ва аксарият кишилар ўзлари олий деб билган табақага мансуб бўлишни орзу қиладилар.

Уйқудан туриш эълон этилиши билан сиз югуриб чиқиб сафга туришингиз лозим. Заҳар танг қилиб турган ҳолда, ювуқсиз башара билан ўлганингизнинг кунидан радиокарнайдан жаранглаётган Ўзбекистон гимнига жўр бўлишингиз шарт. Диний маҳкумларнинг гимн айтишларини козёллар диққат билан кузатишади.

Гимндан сўнг бадантарбия машқлари бошланади. Четдан туриб кузатсангиз, антиқа манзаранинг гувоҳи бўласиз. Оёғини зўрға босадиган кексалар, уйқуга тўймаган, қорни оч, тезроқ ҳожатга бориш хаёлида бесаранжом боёқишлар шўх мусиқа садолари остида умумий машқларни беўхшов бажарадилар. Инсон боласини урмасдан, сўкмасдан шунчалар хорлаш ва хўрлаш мумкинлигини кўриб ҳайратга тушасиз. Одамзот ёмонлик қилишга нақадар ҳарис ва қобилиятли!

Ниҳоят, сизга жуда узоқ туйилган 5-10 дақиқа ўтиб, эрталабки бадантарбия машқлари тугагани ҳақида эълон қилинади. Сезиб турганингиздек, ҳамма ҳожатхонага югуради. Натижада ҳожатхона олдида узун навбат ҳосил бўлади. Озодликда юрганингизда сиз мутлақо эътибор бермайдиган майда-чуйда ишлар ва ҳолатлар шу қадар улкан аҳамият касб этадики, фикр-хаёлингизни тўлиқ эгаллаб олади. Баъзан – рости, бундай ҳолат кам учрайди, – ювинишга кранларда сув бўлмайди. Бундай ҳолатларда топган юзини чала-чулпа ювиб олади, топмаган ювуқсиз башара билан эрталабки нонуштага сафланади.

Зоналардаги ошхоналар дунёда мавжуд ҳар қандай емоқ-ичмоққа доир қонун-қоидаларни ер билан битта қилиб мажақлаб ташлайди. Бундай идишда, бундай овқатни, бундай аҳволдаги маҳбусга бериб бўлмайди, дея барча тиббиёт соҳасининг етук вакиллари хулоса билдириб, қанча илмий мақолалар ёзган бўлсалар ҳам, ҳар доимгидек, бу ҳақиқатнинг эрксизларга умуман дахли йўқ.

Ёз ойларида ошхонага кирмасдан туриб сасиган гўшт ҳидидан кўнглингиз беҳузур бўлади. Охирги пайтларда эрталабки нонуштага бир дона тухум қўшиб берилар эди. Ҳафтанинг бир-икки кунида столга тухум қўйилмас ва бундай ҳолатни тили ўткир маҳбуслар “Бугун товуқлар тухум беришдан бош тортибди” деб изоҳлашарди.

Байрам кунлари тушликка ош берилади. Хонадон ёки чойхонада қилинадиган ошнинг яқинига йўламаса ҳам, ҳар ҳолда бу таомни ҳамма кутади. Оддий маҳбуслар бир чўмич билан кифояланишга мажбурлар. Турфа “хизматлар”и учун ҳар-хил имтиёзга эга маҳбуслар тўйгунича ош ейдилар. Емоқ-ичмоқ масаласини бир сўз билан тушунтирмоқ учун қайсидир бечора маҳбус томонидан айтилган таърифни келтириб ўтаман: “Зонанинг овқатларига фақат очлик ҳисси маза беради”. Зонага энди кириб келган айрим маҳбусларга роба сиғмасдан, тор-танг турганида, уларни “Парво қилма, икки ойда бу кийим эгнингда шалвираб, сенга катта келиб қолади”, деб овунтиришади. Ростдан ҳам, 100-120 килограмм тош босадиган одамлар икки-уч ойда 60-70 килограмм вазнга тушиб қолишади.

* Гад – русчада “газанда” дегани.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi