Қисмат кўзгуси 9-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

9-қисм:

… Ҳар қанча калтак, зулм ва хорлик остида яшамасинлар, инсофли маҳбуслар ўзларидан кўра аҳли-аёлларига оғирроқ эканини ҳамиша таъкидлаб туришади. Чунки, рўзғор тебратадиган кишисидан маҳрум қилинган заифалар шунча алам ва хорликнинг устига, яна тириклик ҳақида ҳам ўйлашлари лозим. Гарчи сизга ҳеч қачон нолиб, шикоят қилмасалар-да, ҳаммаси яхши деб ишонтирмоқчи бўлсалар-да, қоронғи қишда ёзги юпқа оёқ кийимда келганини кўриб, вазиятни ўзингиз тушуниб олаверасиз. Шунинг учун, озодликка чиққанингизни эшитиб, тўп-тўп бўлиб келиб, сизни бағирларига босиб, меҳр-муҳаббат изҳор қилувчи меҳрибонларнинг юзларига қарагингиз келмайди.

Кеча керак бўлдинг, менга болалик,

Шунча қўл узатдим, ҳеч етолмадим.

Ошкора ғирромлик қолди ўртоғим,

Мен бор, ўйнамайман, деб кетолмадим.*

Ҳа, энди оғир кунлар эди-да, деб ўзингизга тушунтирган бўласиз. Шу заҳоти яна ичингизда бир овоз жаранглайди: Ахир ёр-биродарлар айнан оғир кунда билинмайдими?! Акс ҳолда уларнинг бегоналардан нима фарқи бор?! Аллоҳнинг Ўзи Билгувчироқдир!

Учрашув хонасидан ўз ғурбатхонангизга – зонага чиқиб кетишда сизни яна бир имтиҳон кутиб туради. Яқинларингиз ўзлари емай-ичмай, йиғиб-териб келган егуликларни назоратчилар турли баҳоналар билан ўтказишмайди. Уларнинг кўпини оила аъзоларингизга жимгина қайтариб берасиз. Эркак кишининг аҳли аёли олдида мулзам бўлиши энг ёмон ҳолатлигини ўшанда ҳис этасиз. Сиздан аввал ёки кейин “зонада хизмат кўрсатган” маҳбуслар ҳамма нарсасини ҳеч қандай монеликсиз олиб кириб кетганини яқинларингиз ҳам, сиз ҳам жим кузатиб қоласиз. Ҳар лаҳза ва ҳар қадамда ноҳақликларга дуч келавериб, уларга шу қадар ўрганиб кетасизки, мабодо бирон жойда озгина адолатни ҳис этсангиз, ўзингиз ғалати бўлиб кетасиз. Сизни ёлғон ва зулм чор-атрофдан ўраб олади. Деворларга осиб қўйилган шиорлар ёлғон, расмий ходимларнинг расмий сўзлари ёлғон, чиройли қилиб тартибга солинган ҳужжатлар ёлғон, озодликда юрганингизда ўзингиз ва дўстларингиз ҳақида ўйлаган ўйларингиз ёлғон, хуллас, ёлғончи дунёда ҳаммаси ёлғон.

***

ШИзо ёки учрашув хонасига-ку, уч-тўрт ойда бир марта кирасиз. Ҳаётингизнинг асосий қисми ўтадиган жой эса ўзининг жирканч муҳити билан алоҳида ажралиб туради. Албатта, ҳар бир зона айрим ўзига хос хусусиятларга эга. Биз уларни умумлаштирган ҳолда ўртача ҳолатни баён этмоқни мақсад қилдик. Зоналардаги расмий тартиб – режим деярли бир хил.

Эрталаб  соат олтида уйқудан уйғониш, Ўзбекистон гимнини куйлаш, бадантарбия машқлари, эрталабки нонушта, промзона яъни, ишга сафланиш, эрталабки текширув, тушлик, кечқурунги текширув, ишдан қайтиш, кечки овқат, қечки текширув ва уйқуга ётиш. Иккинчи ва учинчи сменада ишлайдиган маҳбуслар режими юқоридагидан бир оз бошқача. Зоҳиран оддийгина кўринган юқоридаги тартиботлар аслида олам-олам маъноларга эга.

Эрталаб соат беш яримларда уйғониб кетасиз. Ҳожатхонага боришингиз керак. Бироқ уйқудан уйғониш расман эълон қилингунга қадар барак – маҳкумлар яшайдиган бинодан чиқиш мумкин эмас.

* Э.Воҳидов шеъри.

Давоми бор…

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi