Қисмат кўзгуси 8-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи
8-қисм:
… Албатта, диний маҳкумларга ҳам 3 кун учрашув берилиши, яқинлари олиб келган ҳамма нарсани олиб киришга рухсат этилиши ва бошқа ўзига хос қулайликлар яратилиши мумкин. Фақат, бунинг учун “арзимас хизмат” сўралади. Бундай “арзимас хизмат”лар, одатда динимизни сотиш билан боғлиқ куфр, хиёнат ва зулмдан иборат бўлади.
Бугун мағрур қадам ташлаб, оғизларини тўлдириб гапираётган айрим “жабрланганлар” агар мард бўлганларида, бошларини эгиб, тинимсиз истиғфор айтган бўлардилар. Кечаги аҳволимизни биз унутиб юборишимиз ёки одамларнинг кўплари ҳеч нарсани билмаслиги мумкин, ҳамма-ҳаммасини Билиб Тургувчи Зотнинг ҳеч нимани унутмаслигини унутмайлик!
Хуллас, ҳижоб ўраган аёллар – оналар, сингиллар ва қизлар маҳбус яқинлари билан ҳаммадан кейин дийдор кўришадилар. Кичкина хонага тутқун, онаси ёки отаси, аёли ва 3-4 фарзанди сиғиб кетади. Чунки, сизга азиз бўлган юзни кўриш ва дийдорига тўйиш бахти олдида барча ноқулайликлар арзимас бўлиб қолади.
Бугун кенг-мўл ҳовлиларга сиғмасдан, бир қарич ер учун яқинларининг кўзини ўяётган намозхонлар, эҳтиёт бўлинглар, эртага шундай бир кун келиши мумкинки, ҳаммангиз битта кичкина хонага сиғасиз ва бундан беҳад хурсанд ҳам бўласиз. Дарҳақиқат, қалблар торайиб ва қорайиб кетгани боис, одамларга кенг ер тор бўлиб қолди.
Кепак атала ва карам шўрвадан* бошқа овқатни унутиб юбораёзган мазлумларга муштипар оналари, аёллари ва қизлари кўпроқ таом едирмоқчи бўладилар. Уларнинг куйиб-пишишларини кўриб, кўнглингиз бузилиб кетади. Камгина кучсиз овқатга ўрганган ошқозон ёғли-тансиқ таомларни барибир қабул қилмайди. Ўзингизни зўрласангиз, оқибати ёмон бўлади.
Маҳбусларнинг аксарияти эътироф қилади: Учрашувга чиқсам уни-буни ейман деб уч-тўрт ой ният қилиб юраман-у, учрашувга кирганимда ҳеч нима емай чиқаман!
Аллоҳнинг ўша кунда сизга қанча ризқ белгилаганини кўриб, ҳайратга тушасиз. Йўқчиликда ҳам, тўкин-сочин кунларда ҳам ризқингиз белгиланган ва бу ўлчовга ҳеч ким зиёда ёки нуқсон кирита олмайди.
Тонг отиб, учрашувдан чиқиб кетиш вақти яқинлашгани сайин аёлингиз билан қизингиз йиғлай бошлайди. Улар оталари ёки эрларидан ажралиб, турли маразликлар тўлиб-тошган, инсоф, иймон, уят ва ҳалоллик каби сифатлар бегона бўлган қўланса жамиятда яна ёлғиз қолишларини ўйлаб йиғлайдилар. Бир кунга муваққат ямалган яралар очилиб, яна қонга кўмилади.
Ғам-аламдан кичкина бўлиб қолган заҳматкаш аёлларнинг ёш-ёш болаларини эргаштириб, оғир сумкаларни судраб ёки кўтариб, кўзларида шашқатор ёшлар билан чиқиб кетаётганини эсласам, ҳалигача юрагимда санчиқ туради.
Аёл бўлиб нима кўрди, шу муштипар бошингиз,
Қувончда ҳам, қайғуда ҳам, мудом кўзда ёшингиз.
Қорда қолган қизғалдоғим, онам, синглим, қизимсиз,
Ҳар кўрганда озорланган икки қаро кўзимсиз.
Ҳар қанча калтак, зулм ва хорлик остида яшамасинлар, инсофли маҳбуслар ўзларидан кўра аҳли-аёлларига оғирроқ эканини ҳамиша таъкидлаб туришади. Чунки, рўзғор тебратадиган кишисидан маҳрум қилинган заифалар шунча алам ва хорликнинг устига, яна тириклик ҳақида ҳам ўйлашлари лозим. Гарчи сизга ҳеч қачон нолиб, шикоят қилмасалар-да, ҳаммаси яхши деб ишонтирмоқчи бўлсалар-да, қоронғи қишда ёзги юпқа оёқ кийимда келганини кўриб…
* Қамоқнинг овқати маҳбуслар тилида “баланда” деб аталади.
Давоми бор…
Муаллиф / Калвак Махзум