Қисмат кўзгуси 7-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

7-қисм:

Кўзга ташланадиган, сўз билан ифода қилса бўладиган азоб-қийноқлардан ташқари, шундай оғриқли ҳолатлар борки, уларни сўз билан тасвирлаб бўлмайди. Аслида ана шу турдаги кўзга ташланмас азоблар аламлироқ бўлади. Уларни тушунмоқ учун инсон ўз танасида ҳис этмоғи, кўзи билан кўрмоғи лозим.

Масалан, уммоннинг олис нуқтасида кучли довулда қолган кичкина кемани тўлқинлар писта пўчоғидек отиб ўйнаётганини фильм тасмасида кўриш мумкин. Лекин юмшоқ ўриндиқда томоша қилиб ўтирганлар кема экипажи бошидан кечираётган азобни мутлақо ҳис қилмайдилар. Томошабиннинг бошидан тонналаб муздек сув қуйилмайди, кўнгли айниб, юраги така-пука бўлиб, ҳар лаҳзада уммон қаърига улоқтирилишдан асло чўчимайди. Ҳолатни тўлиқ ҳис этиш учун уни бошдан кечирмоқ керак.

Аллоҳдан сўраймиз ва сиз ҳам илтижо қилинг, ҳеч қачон ҳаёт кемангиз қутурган довулнинг домига тушиб қолмасин. Илоҳим, унинг даҳшатини мутлақо билмасдан, кўрмасдан, тушунмасдан омонлик соҳилига омон етиб олинг.

Мусо алайҳиссаломдек оқил инсон ҳам эшитганида эмас, кўзи билан кўрганида Таврот битилган лавҳларни қўлидан тушириб юборган эди…

Маҳбуснинг тутқунликдаги энг қувончли куни, шубҳасиз, яқинлари билан учрашадиган кунидир. Бироқ, ана шу яхши кунингизда ҳам кўп ёмонликдан бенасиб қолмайсиз.

Оила аъзоларингиз учрашувга келсалар, сизни яхшилаб текширувдан ўтказишади. Тананинг бирон аъзосида калтак зарби – кўкарган жойлар топилса, учрашув қолдирилади. Албатта, маҳбуснинг яқинларига: “Биз уни яқинда калтаклаган эдик. Шунинг учун учрашувга чиқолмайди”, дейилмайди. Кўкарган жойлар кўп бўлиб, тузалиши учун 5-10 кун талаб қилинса, энг яхши вариант – маҳбусни интизомий бўлинмага тиқиб қўйишдир. Дарров сохта тушунтириш хати ва сохта гувоҳлар кўрсатмалари тайёрланиб, шўрлик маҳбусни 10-15 кунга ШИзога олиб кириб қўйишади. Ташқарида интизор кутаётган яқинларига эса унинг ички тартиб-қоидаларини қўпол суратда бузганлиги ва бундай ҳолатда жазоланмаса бўлмаслиги тушунтирилади. Хоҳланг, 500-1000 км.га қайтиб кетинг, кейин яна келасиз. Истасангиз, бирон бошпана топиб, 3-4 болангизни бағрингизга босиб, 10 кун кутиб туринг… Сизнинг қанча пулингиз ёки вақтингиз борлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Агар мен ўз кўзим билан кўрмаганимда, инсон боласининг шу қадар виждонсиз, уятсиз ва шафқатсиз бўлишига, шунчалар тубанликка тушишига ва боз устига ўзини кўп яхши одам деб бемалол юришига сира ишонмаган бўлардим.

Озодликда ҳеч ким яқинларининг қадрига етмайди. Чунки, чалғитувчи нарсалар сон-саноқсиз бўлиб, инсон уларнинг бирига бўлмаса, бошқасига, албатта, алданади. Тутқунликда онангиз, болангиз ёки аёлингиз дийдорига тўйиш учун ҳамма нарсангизни беришга тайёрсиз. Наҳот, инсон боласи бир неъматнинг қадрига етмоғи учун аввал уни йўқотмоғи шарт бўлса!?

Сиёсий маҳбусларга белгиланган чеклов, учрашув масаласида ҳам ўзини кўрсатмай қўймайди. Аввал, расмий ходимларнинг эркатойлари, уларга гап ташувчи чақимчилар, хизматларини берилиб бажарувчи малайлар, ялоқхўрлар, тўлаб яшовчи бойваччалар учрашув хонасига чақирилади. Сўнгра оддий кун кўриб юрган маҳбуслар оила аъзолари олдига киритилади. Энг охирида қизил ручка билан ёзилган “қизиллар”га навбат келади. Учрашув 1 кундан 3 кунгача берилиши ҳамманинг ҳаққи бўлса-да, сиёсий-диний маҳбусларга фақат 1 сутка берилади. Бу ўринда тўлиқ сутка ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Одатда кечки соат 5-6 ларда киритилиб, эрталаб 8-9 да чиқазиб юборилади. Кўнгли ўксик маҳбус яқинлари дийдорига тўймай қолишдан кўрқиб, туни билан ухламай чиқади.

Албатта, диний маҳкумларга ҳам 3 кун учрашув берилиши, яқинлари олиб келган ҳамма нарсани олиб киришга рухсат этилиши ва бошқа ўзига хос қулайликлар яратилиши мумкин. Фақат, бунинг учун “арзимас хизмат” сўралади. Бундай “арзимас хизмат”лар, одатда динимизни сотиш билан боғлиқ куфр, хиёнат ва зулмдан иборат бўлади. Бугун мағрур қадам ташлаб, оғизларини тўлдириб гапираётган айрим “жабрланганлар” агар мард бўлганларида …

(Давоми бор)

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi