Қисмат кўзгуси 6-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

6-қисм:

Одатда 15-20 кунда карантин тугаб, маҳбуслар отрядларга тақсим қилинади. Диний модда билан судланган маҳбуслар карантиннинг ўзида икки маротаба интизомий жазо оладилар. Эрксизлар тилида бу ”нарушение” деб аталади. Сиёсий маҳбуслар йилига энг камида иккита нарушение олиши шарт. Интизомий бўлинма, яъни ШИзо қатор жойлашган камералардан иборат. Ҳар битта камерада 2-4-6 тадан наралар бор. Нара (маҳбуснинг деворга маҳкамланган кровати) эрталаб соат бешдан кўтариб, деворга маҳкамлаб қўйилади. Полга қотирилган темир табуретка ёки қуруқ ерга ўтирасиз. Бурчакда бир метрлик девор билан тўсилган ҳожатхона, кран ёки бир челак сув, қалин панжарали кичкина дераза ва битмас-туганмас хаёллар…

Эрталаб ва кечқурун назоратчилар алмашаётган вақтда текширув бўлади. Камера эшиги очилиши билан ўз ҳақингизда маълумотларни баланд овозда айтиб ҳисобот берасиз. Сизни қип-яланғоч қилиб, ўтирғизиб-турғизиб тинтув қилишади, камера текширилади. Эрталаб чой, нон ва бир чўмич кепак атала, тушликда карам шўрва, кечқурун яна кепак атала беришади. Кечки соат 10-00 да уйқуга ётиш эълон қилинади. Наралар девордан туширилади, ётиш учун кир-яғир ёстиқ ва матрац, бит босган юпқа адёл берилади.

Интизомий бўлинманинг махсус кийими – роба ва шиппакдан иборат. Ич кийим, пайпоқ берилмайди. Шу ерда бир нарсага ойдинлик киритмоқ лозим. Зоналар бир-биридан айрим майда-чуйдаларда фарқ қилади. Интизомий бўлинмага тегишли ҳолатлар ҳам шундай. Сиёсий маҳбусларни алоҳида-алоҳида сақлайдилар. Зонанинг ҳамма ҳисоботларида сиёсий маҳбуслар хақидаги маълумотлар қизил ручкада қайд этилгани боис, уларни ”қизиллар” ҳам дейишади.

Интизомий бўлинмага қамалган маҳбус камерага кириб олгунча кўп йўл босиб ўтади. Аввал, қилмаган ишингизни бўйнингизга олиб, ўзингизга ўзингиз туҳмат қилиб тушунтириш хати ёзиб берасиз. Гувоҳлар кўрсатмаси, тиббий бўлимдан маълумотнома каби ҳужжатлар билан сизнинг ишингиз тахт қилиб қўйилади. Муассаса бошлиғининг ҳузурига киргунга қадар олди панжара билан тўсилган айвонга ўхшаш камерада сақлашади. Бу ерни “До приход” деб аташади. “До приход” қишда жуда-жуда совуқ бўлади. Кечаси ҳам ҳеч қандай кўрпа-тўшак берилмайди. Уч маҳал ҳожатга ташқарига олиб чиқишади. Муздек бетон полда амаллаб тонг оттирасиз. Баъзан 5-6 кунлаб шу ҳолатда зона бошлиғининг қабулини кутиб қоласиз.

Муассаса бошлиғи сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқлигини билса ҳам, тушунтириш хатида ёзилган сохта айблов бўйича номига сўроқ қилади. Сиёсий маҳбуслар одатда 15 суткадан интизомий жазо олади. Албатта, аввал яхшилаб калтаклашади, оғизга келган сўз билан ҳақоратлашади. Энг ёмони, кунига қўшимча “пайка” * белгиланиши. Яъни 10 кунга ШИзога ёпилган бўлсангиз, ҳар куни эрталабки ва кечки текширув пайтида оёғингиз тагига резина таёқ билан иккитадан уришади. Дастлаб унчалик сезилмайди. 3-4 кун кун ўтгач оёқнинг таги қонга тўлиб, бармоқ тегса оғрийдиган бўлади. Ана шу ҳолатда резина таёқ билан қаттиқ урганларида, кўзингиздан олов чиқиб кетади. 10-20 минут ўзингизга келолмай ётасиз. Энг ёмони яна 7-8 соатдан кейин азобнинг такрорланишини билиб, юрак ҳовучлаб кутиб ётасиз. Қаттиқ азоб остида кун кечираётган маҳбус довдираб, мияси ўтмаслашиб, ғалати аҳволга тушиб қолади. Унинг асосий ғами азобга чап бериш бўлади. Қандай овқат беришади, қанақа кўрпа-тўшак – буларнинг бирортасига эътибор бермайди. Сизни тинч қўйишлари – энг батта бахт. Бироқ, зулмдан зада бўлган мазлумларнинг бахтли онлари ҳамиша саноқли бўлади.

 

***

Кўзга ташланадиган, сўз билан ифода қилса бўладиган азоб-қийноқлардан ташқари, шундай оғриқли ҳолатлар борки, уларни сўз билан тасвирлаб бўлмайди…

 

* Пайка – маҳбус учун бир марталик овқатланишда тегадиган нон бўлаги. Тутқунлар “пайка” сўзини киноя тарзида резина тўқмоқдан тегадиган “улуш”га нисбатан ҳам қўллайдилар

Давоми бор …

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi