Қисмат кўзгуси 5-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

5-қисм:

Янги келганларни ходимлар қабул қилиб олгач, ШИзо*га югуртириб олиб кирадилар. Бир пайтлар қўлларига резина калтак, арматура ва калтаклар ушлаб олган ходимларнинг жонли коридоридан югуриб ўтиларди. Камдан-кам одам коридор охирига юриб борар, кўчилик ярим йўлда қонига беланиб йиқилиб қоларди. Кейинчалик, жонли коридорлар олиб ташланди. Энди ичкарига олиб кириб, битта-битта чақириб, сўроқ-савол қилиб, хотиржам калтаклашади.

Сочингиз қириб олинади, маҳбуслар либоси – роба, оёқ  кийим ­­– читоз келтирилади. У ерда размер тўғри  келади-келмайди деган тушунча умуман йўқ. Ҳар ким олдига қўйилганини апил-тапил кийиб олади. Либоснинг нақадар аҳамиятли нарса эканини озод киши барибир маҳбусчалик яхши тушунмайди. Сочингизни олдириб, маҳбуслар либосини  эгнингизга илишингиз билан ўзингизда бошқача бир мутелик ҳис этасиз. Энди яшил форма кийган ҳар қандай одам кўзингизга ҳокими мутлақ бўлиб кўринади. Сизнинг ва унинг ёшидаги фарқдан қатъи назар формали сиздан ҳамиша катта саналади. Мен ўзим неча маротаба гувоҳи бўлганман: ёшгина сержантга 60-70 ёшга кирган маҳбуслар ҳурмат бажо келтиришади. У стулда ялпайиб ўтиради, ёшу қари эрксизлар ёнида бошларини эгиб, қўл қовуштириб тикка туришади. Ажабланарлиси, ҳеч кимнинг кўзига бу нарса ғалати кўринмайди. Ҳамма худди шундай бўлиши керакдай қабул қилади. Бу ҳолат бирон европа миллат вакиллари орасида бўлса, эҳтимол, у қадар кўзга ташланмас. Лекин ёши улуғларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбияланган сермулозамат ва тавозели ўзбеклар ўзларини шундай тутсалар, қизиқ бўлар экан. Аслида сизни озодликдан бетон ва сим деворлар тортилган беш-ўн метр масофа ажратиб туради. Мана шу ўн қадамнинг икки томони ўлчовлар, қадрият, муомала ва муносабат борасида тубдан фарқ қилади.

Янги келганларни 15-20 кун карантинда ушлашади. Ким, қаердан, қайси модда билан неча йилга ҳукм қилинган, озодликда нима иш билан шуғулланган, қандай касалликларга чалинган, вазни, бўйи, қони ва ҳоказолар аниқланади. Бу карантиннинг расмий вазифалари ва булар катта эътиборга арзимайди. Ҳар доимгидек норасмий қисм ҳаммасидан ўтиб тушади.

Маҳбуслар миллати ва ёшидан қатъи назар Ўзбекистон гимнини, саф қўшиқларини, сафда қандай қадам ташлашни, ички тартиб-қоидаларни, ходимларнинг лавозими ва исм-фамилияларини, диний модда билан судланган маҳбуслар билан умуман гаплашиш, ҳар қандай муносабат ўрнатиш мумкин эмаслигини, уларга озгина илиқлик кўрсатган тутқун қаттиқ жазоланишини, аксинча, бу шўрликларга ошкора нафрат изҳор қилиш, хорлаш ва хўрлаш рағбатлантирилишини ўрганиб олади.

Қанча ярамас, зоти нотайин кимсалар яхшироқ яшаши учун сизга бажонидил зулм ўтказишади ва бу ишлари билан ўзларининг ватанпарвар, фидойи маҳбус эканликларини кўрсатишади. Хорланган, ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум этилган тутқунлар ичида ҳам сизни алоҳида хорлик ёрлиғи билан ажратиб қўйишади. Бошқаларга мумкин бўлган нарсалар сиз учун тақиқланади. Ходимларнинг калтаклари, совуқ, иссиқ ёки очлик азобларидан кўра ўзингизга ўхшаган хор кимсаларнинг зулми ва зуғумига учраш оғир ботади. Ўтган кунларни бирма-бир эсласам, очиғи, инсоннинг онгли мавжудот эканига шубҳаланиб қоламан.

* ШИзо – русча “Штрафной изолятор” бирикмасининг қисқартмаси. Ўзбекча номи: Интизомий бўлинма.

Давоми бор …

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi