Қисмат кўзгуси 4-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

4-қисм:

Маҳбус*ликнинг карам шўрвасини тотган ҳар бир киши “этап” нималигини яхши билади. Сизга суд ҳукми ўқилгач, зонага юборишларини кутасиз. Маҳбуснинг қуролли соқчилар ҳамроҳлигида махсус машинада ва махсус вагонда турмадан зонага ёки зонадан зонага бўлган сафари “этап” деб аталади.

Агар кечки соат 8-9 да қўзғаладиган поездга юклайдиган бўлсалар, маҳбусни кундузи соат 12 ларда камерасидан олиб чиқиб, кенг-мўл ва бадбўй хонага, махбуслар тили билан айтганда “вокзалчик”ка қамаб қўйишади. 30-40 одам тиқилиб олган шу хонанинг ўзида ҳожат чиқарадилар, сигарет чекадилар. Ёзда ҳаво етмай, қишда совуқдан азоб чекиладиган “вокзалчик”лар қишин-ёзин жуда сассиқ ва ифлос бўлади.

Сизга берилган битта буханка ва бир бўлак гўштни қучоқлаб, энди қаерга жўнатишар экан, деб кўзларингиз жовдираб юк халтангиз устига (агар сизда юк халта бўлса) ёки бетон полга чўнқайиб ўтириб кутишга мажбурсиз. Она сути оғзидан кетмай туриб дийдаси қотиб улгурган безбет йигитчалар; пихи қайрилиб кетган, бу этапларни бир неча бор босиб ўтган тажрибали ва хавфли ўрта ёшлилар; 60-70 ёшли кексалар; касаллар; бу даҳшатларни биринчи бор бошларидан ўтказаётган ҳайрону лол бечоралар ана шу “кутиш залида” ўтириб қачон номларини айтиб чақиришларини кутадилар.

Дунёда ҳеч ким эрксиз инсон каби “кутиш санъати”ни мукаммал эгалламаган. Маҳбус қаерга етаклашса, юради, қайси камерага қамаб қўйишса, жимгина кутиб ўтиради, қачон номини айтиб чақиришса, ўрнидан сакраб туради… Ҳеч ким унга қаерга ва нима учун кетаётганини, қанча кутиш кераклигини айтмайди. Энг қизиғи, унинг ўзи ҳам шу саволларни сўраб олай деб мутлақо хаёлига келтирмайди. Куни кеча мана шу одамнинг озодликда тинимсиз гапириб, тинимсиз ҳаракатда бўлганини тасаввур қилолмай қоласиз.

Ниҳоят, бирма-бир исм-фамилиялар ўқила бошлайди. Ҳамма жонланиб, ўзининг исм-фамилияси айтилишини кутади. Гарчи сизни ҳеч қандай яхшилик кутмаётган бўлса ҳам, қаергадир чиқишни ўйлаб ошиқасиз. Мен илгари инсон ёмонликни кутмайди, унга интилмайди деб ўйлардим. Кейин тушундимки, инсон учун энг оғири кутиш экан. Тасаввур қилинг, йигирма киши коридорда кутиб турибти. Битта-битта чақириб, калтаклашади. Қатор турганлар, ҳар қанча ғалати туйилмасин, тезроқ чақиришларини кутиб, бетоқат бўладилар. Эскилар айтганидек, азобни кутиш азобнинг ўзидан ҳам азоблироқ бўлар экан.

Хуллас, исм–фамилиянгиз ўқилганда, чиқиб, қаторга бориб ўтирасиз. Маҳбусларни ташийдиган махсус машина (“воронок”,”зековоз”)га чиқасиз. Машина ичи иккига бўлинган, ҳар икки бўлим тахминан 5-6 кишига мўлжалланган. Лекин 6 кишилик жойга 16 кишини ҳам жойлайверишади. Ёзда қаттиқ жазирамадан сўнг бу машиналарнинг ичкариси ловуллаб туради. Кимдир қайт қилади, кимдир ўзидан кетади, деярли ҳаммага ҳаво етмайди. Қишда бироз енгилроқ – изғирин совуқни ҳисобга олмаганда, борар жойга анча бемалол етиб оласиз. “Воронок” вокзалга келиб ҳам икки–уч соат туриб қолади. Бундай пайтларда, айниқса, ёз ойларида чанқоқ, ҳаво етишмаслиги, ачимсиқ тер ҳиди қаттиқ қийнайди. Маҳбусларга ажратилган вагон-“столипин” плацкарт вагонларга жуда ўхшаш. Фақат ҳар бир бўлинма қалин панжара билан тўсилган, уч ярусга 16-18 киши жойлашади. Навбат билан қўлингизга кишан тақиб, ҳожатга олиб чиқишади. Ҳаммани жуда шоширишади. Агар навбат етиб келгунча сабр қила олсангиз, яхши, сабрингиз чидамаса…

Шу аҳволда эрта саҳарда (узоқ жойга 2 суткада) манзилга етиб келинади. Уйқуга тўймаган, толиққан, хавотирга тушган бечораларни яна воронокларга юклаб, белгиланган зоналарга тарқатишади. Умуман олганда, йўлнинг барча машаққати зонага кириб бориш кулфати олдида ҳеч нарса эмас. Маҳбуслар тили билан айтганда ҳақиқий ҳаёт – ҳақиқий аламли, азобли, жирканч ҳаёт кейин бошланади.

* Маҳбус ва маҳкум калималарига изоҳ:

Маҳбус – ҳибс қилинган, қамалган шахс. Маҳкум – жазога ҳукм қилинган шахс. Бу икки сўз расмий истеъмолда алоҳида-алоҳида маънода қўлланади. Унга кўра, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахс тергов даврида “маҳбус”деб аталади. Суд ҳукми билан жиноятчи деб топилиб, муайян жазо тайинлангандан кейин то озод бўлгунича “маҳкум” деб юритилади. Бироқ, рисолада ушбу атамаларни ўта талабчанлик билан ажратмай, кўпроқ “маҳбус” атамасидан фойдаландик.

Давоми бор …

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi