Қисмат кўзгуси 3-қисм
Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи
3-қисм:
Эртадан – кечгача кўчада ҳаракатда бўлиб, минг бир ишнинг бошини тутиб ўттиз йил елиб-югуриб яшаган инсонни ушлаб, ҳар қандай эркин ҳаракатдан маҳрум этиб, зах ва бадбўй ер ости камерасига ташлаб қўйилса, уни ҳеч ким қийин-қистовга олмаса ҳам, буткул довдираб қолади. Чунки у учун бу оламда ҳамма нарса нотаниш, қўрқинчили ва жирканчдир. Эрталаб чала пишган қора буханка (бир кунда битта буханка оласиз), қайноқ сув, бир чой қошиқ шакар, тушликда ёғсиз, маза-матрасиз карам шўрва, кучқурун шу шўрвани совигани билан тамадди қиласиз. Ер остида соат неча бўлди, қуёшли ёки булутли кун деган тушунчалар йўқ. Оғир темир эшикли камера, икки ярусли темир кроватлар, ҳамма томони очиқ ҳожатхона чаноғи, юз-қўл ювадиган кран. Сизни баъзан ёлғиз, баъзан икки-уч киши орасига ташлайдилар. Уларнинг ичида сиздан яхшилик билан гап оладиган “қулоқлар”, ёмонлик билан гапни суғуриб оладиган зўравон “лохмач”лар, албатта, бўлади. Кундузи расмий ходимлар сиз билан шуғуллансалар, туни билан норасмий “кўнгилли ёрдамчилар” балосига гирифторсиз. Тергов тугаб, ишингиз судга оширилгунга қадар минг турли “ажойиботлар”, кўз кўриб- қулоқ эшитмаган хорлик ва зулм остида кун кечирасиз. Қилган-қилмаган ишларингизни бўйнингизга олиб, сўралган ҳар қандай саволга уларни қониқтирадиган жавобларни бериб, ўзингизга ўзингиз оғир ҳукмни тайёр қилиб қўйганингиздан сўнг сизни тинч қўйишади. Омади келганлар азоб остида чиройли ўлим топадилар, омадингиз келмай бу қонли сўроқдан тирик чиқсангиз, бир умр сизни қийнаб юрадиган, бир талай оғир саволларга эга бўласиз. Кимларнингдир кўзига бутунлай қаролмай қоласиз, кимлардандир юрак ютиб зўрға розилик оласиз…
Агар бу дунё азоби бизни шунчалик чилпарчин қилиб ташлаган бўлса, худди шу саволларга Эртага Эгамизнинг олдида қандай жавоб берамиз. Биз туфайли жисмоний ёки молиявий зарар кўрганлар, бу дунёда биздан нечоғлик норози бўлишди, у дунёда аҳволимиз не кечади?!
Юқоридаги тафсилотларни зикр қилишдан мурод, сизни ваҳимага солиб, юрагингизни олиш эмас, балки ҳақиқатга тик қараб, тўғри хулоса чиқаришга бир тарғибдир. Чунки, бу дунёнинг ғалваси у дунёда ҳам бизни кутиб туради…
Ҳақиқатдан, ўзига кераксиз иш ва сўзларни тарк этган, фақат яхшиликни сўзлаб, йўқса сукутни лозим тутган, бу дунёдан бир мусофирдек ўтган киши оқилдир.
Давоми бор …
Муаллиф / Калвак Махзум