Қисмат кўзгуси 2-қисм

Бўлимлар: Рисолалар

Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлар силсиласи

2-қисм:

Товонингиз тагига резина таёқлар билан урадилар, тирноқлар тагига бигиз тиқадилар, тирноқлар устига болға билан урадилар, газга қарши ниқоб кийдириб бўғадилар ёки пахтани тутатиб нафас йўлига ҳайдайдилар, электр токи улаб қийнадилар, резинадан тайёрланган узун кўйлак кийдириб, сиқиб боғлаб қўйиб калтаклайдилар, ёнғоқ ёки чинордан оғир калтаклар ясаб, уни латта ёки қоғоз билан яхшилаб ўраб, юмшоқ жойларга аёвсиз урадилар, ҳафталаб қўлингизга кишан осиб қўядилар, тросс билан савалайдилар, жинсий аъзога сув ёки қум тўлдирилган бир литрлик идиш боғлаб осиб қўядилар, соатлаб турғазиб ёки ўтирғизиб қўйиш билан азоблайдилар, ҳеч ким билан гаплаштирмай қўядилар, ҳеч қачон бошингизни кўтариб юрмайсиз, оёқ кийимни тишлатиб, эмаклатиб юрадилар, қаттиқ совуқларда юпун кийинтириб ёки яланғоч, яланг оёқ қўйиб, қийнайдилар, энг оғир, энг хорлайдиган ишларни фақат сизга қилдирадилар, сизни исмингиз билан эмас, балки ҳар хил хунук лақаблар билан чақирадилар… ва ҳакозо. Очиғи, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Юқоридагиларни қисман бўлса-да, санаб ўтмасам, мазлумлар бошидан кечирган кунлар ёришмай, тунлар ойдинлашмай қолади. Энг ёмони, шунча ёмонликнинг ҳаммасини расмий кишилар қилмайди. Уларнинг рухсати ва рағбати билан ўзингизга ўхшаган эрксиз одамлар бир бурда нон илинжида, енгил ҳаёт тамасида амалга оширадилар. Бундай кимсалаб бугун бир думалаб “оппоқ каптар”га айланиб олганлар. Сиз сиқилманг, улар хотиржам бўлмасинлар.

Унутманг, Аллоҳ ҳеч нарсани унутиб қўймайди.

***

Эшитган билан кўрган баробар бўлмайди, дейдилар. Биз ҳам бунга тўлиқ аминмиз. Фақат, бошимиздан ўтган кўргиликларни биздан кейингилар кўрмасликлари учун кўрган ёхуд ўқиганларидан хулоса чиқаришларини истаймиз. Токи бизга ўхшаб ўзларининг бошларига ўзлари бало сотиб олиб, сўнг мудҳиш зиндонларда аёзли кунларда, тонг отмас кечаларда унсиз йиғлаб, кўзларида битмас-туганмас мунг билан алам чекмасинлар. Дунёда мустақил фикрлайдиган кишилар жуда озчиликни ташкил этади. Бинобарин, одамлар ҳамма ишни гуруҳ-гуруҳ бўлиб амалга оширишади. Тўп-тўп бўлиб динга кирадилар ва тўп-тўп бўлиб диндан чиқадилар. Биз Аллоҳ йўлида азият чекишнинг қадр-қимматини ерга урмоқчи эмасмиз. Зеро, буни астойдил истаганлар ҳам ҳеч нарсага эриша олмаганлар. Сиз энг аввало нимага қўл урганингизга, қайси даъво билан қайси майдонга чиққанингизга яхшилаб назар солинг. Агар тилингиз билан дилингиз бир бўлиб, қўл-оёқларингиз амал кўчасида уларга жўр бўлиб қадам ташласа, ҳеч кимсиз қолсангиз ҳам Ўзидан ўзга ҳеч кимга на эҳтиёжингиз ва на муҳаббатингиз бўлмаса, бир сўз билан айтганда, натижадан қатъи назар содиқ ва собир бўлиб бош кўтарсангиз, юқорида айтган сўзларим сизга тааллуқли эмас. Абу Бакр ва Умардек зотлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) дадил қадам ташлаган бу улуғ йўл инсондан улуғ қурбонликлар талаб қилади. Гарчи, ўтли нафасларда баландпарвоз гапларни хитоб қилиш, ҳам ёқимли, ҳам осон бўлса-да, уларга оғринмай амал қилиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Шоир айтганидек, “эмас осон бу майдон ичра турмоқ…”

***

Инсон боласига энг ярашадиган ишлардан бири, шубҳасиз, истиғфордир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоби киромлари ҳамиша тасбеҳ ва тавба билан яшаганлар. Албатта, биз истиғфор айтиб яшашга ҳаммадан ҳам муҳтожмиз. Чунки, омон-омон кунларда шери майдон бўлиб, имтиҳон тунларида жон сақлаш учун минг хил товланиб-турланган, аввал олдинга қараб қандай тез юрган бўлсак, кейин орқага ундан-да тез югурган, кеча бир гапни айтиб йиғлаган-йиғлатган бўлсак, бугун унинг мутлақо тескарисини айтиб йиғлаётган-йиғлатаётган, аслида қайси ҳолатимиз асл экани нафақат бировга, ҳатто ўзимизга жумбоқ бўлиб қолаётган, кулгили нотавон одамлармиз. Эй Аллоҳим, Ўзинг бизларга раҳм  қилгин! Тоқатимиздан ортиқ нарсага бизларни таклиф этма! Ҳар икки  дунёда шармандаи шармисор қилмагин! Амин!

***

Эртадан – кечгача кўчада ҳаракатда бўлиб, минг бир ишнинг бошини тутиб ўттиз йил елиб-югуриб яшаган инсонни ушлаб, ҳар қандай эркин ҳаракатдан маҳрум этиб, зах ва бадбўй ер ости камерасига ташлаб қўйилса, уни ҳеч ким қийин-қистовга олмаса ҳам, буткул довдираб қолади. Чунки у учун бу оламда ҳамма нарса нотаниш, қўрқинчли ва жирканчдир …

Давоми бор …

Муаллиф / Калвак Махзум

https://t.me/islomovozi