Қисмат кўзгуси 1-қисм
Таҳририятдан:
Аллоҳнинг тавфиқи ила, Калвак Махзум тахаллуси билан ёзаётган мазлум биродаримиз бошидан кечирган синовли кунлари силсиласини бошлаймиз. «Ислом Овози» саҳифасини кузатиб боринг …
1-қисм
Бисмиллоҳ. Алҳамду лиллоҳ. Вас-салоту вас-салому ало Расулиллоҳ.
Аммо баъд
Миллатнинг бошига келган ҳар бир яхши-ёмон кунлар унинг тарихи, ёқимли ёхуд аччиқ тажрибасидир. Бу ўзига хос бойлик авлодлар алмашуви билан ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Ҳар қанча оғриқли бўлмасин, ўтган оғир кунлар ва уларнинг аламли хулосаларини кейинги авлод учун бор ҳақиқати билан қолдирмоқ лозим. Зеро инсонни улғайтирадиган, унинг кўзини очадиган асосий омиллардан бири, шубҳасиз, бошидан кечирган оғир кунлардир. Қўлингиздаги бу мухтасар рисола имкон қадар ортиқча тафсилотлардан холи, қисқа ва лўнда бўлсин деб баҳоли қудрат ҳаракат қилинди.
Тавфиқ Аллоҳдандир.
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Енгил кунлар аксарият кишиларни енгилтак қилиб қўяди. Ҳамма оқиллар тарафидан таъкидланган ҳолат – неъматнинг қадрига етмаслик, тўқлик ёхуд бемалоллик сабабли келиб чиқадиган турли низо-тортишувлар миллатнинг бирлигига путур етказади. Доим зилзила бўлиб, тебраниб турадиган уйлар тез харобага айланади. Биз ўзимизни танимай қоламиз. Ҳар бир яхши-ёмон нарсага нотўғри баҳо бериш оқибатида умумий нотўғри тасаввур пайдо бўлади. Бугун энг кичик масалада оға-инингизга ён беришга ғурурингиз ёки кибрингиз йўл бермаса, эртага етти ёт бегоналарнинг очиқ-ойдин куфр буйруқларини бажаришга мажбур бўласиз. Ана шундай зулматли тунларда мен ўзимдан: “Қани сендаги кечаги шижоат, сўзамоллик, кескинлик ва ҳаказо”, деб сўраганимда, бош эгиб синиқ кулимсирашдан бошқа жавоб топа олмаганман.
***
Бошингиз устида қора булутлар тўпланганида, жонингизга ёки молингизга аниқ хавф-хатар пайдо бўлганида, ён-атрофингизни қуршаб турган ёр-биродарларингиз тутундек тарқаб кетади. Кимдир жуда топиб айтган эди: Дўстлар худди сояга ўхшайдилар – булутли кунда йўқолиб, қуёшли кунда бирдан яна пайдо бўладилар. Бинобарин, қандай ишга қўл урманг, ниятингиз холис бўлсин. Қалбингизнинг энг қаърига яширинган ният ва ниятларингизни такрор кўздан кечиринг. Чиндан-да холис ва содиқ бўлсангиз, ҳеч нарса йўқотмайсиз. Агар менга ўхшаган қатъиятсиз бўлсангиз, йўл ярмида қийналиб қоласиз. Унутманг, бу оламда танишлар кўп бўлади, асло дўстлар эмас. Мавзуга шу ерда нуқта қўймоқчи эдим. Ич-ичимдан нимадир “яна давом эт” дея мажбурлайди мени…
Энг яқин дўстларим фикрларимдир,
Юрагим малҳами зикрларимдир.
Азизим, ҳаёт бу – туманли водий,
Ҳар қадам сабр ё шукрларимдир.
***
Авваллари бир нарсани сира тушуна олмас эдим: тазйиқ ёки таъқибга учраган одам аввало ўзини, сўнг яқинларини танимай қолади. Аниқроғи, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам бутунлай ўзгачалигини кўради. Ахир оқ-қорани таниган, ўрта ёшли инсон худди ўспирин йигитдек ғўр бўлиши мумкин эмас-ку. Йиллар мобайнида келган хулосам шу бўлдики, биз инсон қалбини билмаганимиз учун ана шундай эврилишлар, ички инқилоблар содир бўлади. Аллоҳ ғойибу ошкорни, шу жумладан, бандаларнинг қалбини ҳам жуда яхши билади. Унинг ҳамма айтгани тўғри, соф ҳақиқатдир. Биз ҳеч қачон бировнинг қалбини била олмаганимиз каби, эртага у ўзини қандай тутишини ҳам айтиб бера олмаймиз. Мен шундай хулосага келдим: Инсонларнинг “ёрқин” мияларидаги “ёрқин фикрлар” ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Қалб том маънода ҳокимдир. Агар қалбимнинг туришига кафил бўлганимда, ҳар қандай оғир-енгил кунда ўзгармай туришимга амин бўлардим. Лекин, бунинг иложи йўқ. Ахир қалб ўз номи билан қалб-да.
***
Товонингиз тагига резина таёқлар билан урадилар, тирноқлар тагига бигиз тиқадилар, тирноқлар устига болға билан урадилар, газга қарши ниқоб кийдириб бўғадилар ёки пахтани тутатиб нафас йўлига ҳайдайдилар, электр токи улаб қийнадилар, резинадан тайёрланган узун кўйлак кийдириб, сиқиб боғлаб қўйиб калтаклайдилар, ёнғоқ ёки чинордан оғир калтаклар ясаб, уни латта ёки қоғоз билан яхшилаб ўраб, юмшоқ жойларга аёвсиз урадилар, ҳафталаб қўлингизга кишан осиб қўядилар, тросс билан савалайдилар, жинсий аъзога …
Давоми бор …
Муаллиф / Калвак Махзум